Ахборот оқими майин шабададек, эсиб турган паллаларда мана бундай мулойим хабарлар эшитардик ва кўнглимиз чоғ бўлиб, уларнинг таъсирида бир неча кун тўлқинланиб, эзгу ишларга чоғланиб юрар эдик: бу аёл неча йил хаста ётган қайнонасининг хизматини қилиб, унинг дуосини олган. Шунинг учун ҳам тупроқ ушласа олтин бўляпти; фалончи бобо ўғлининг буйраги касаллигини эшитиб, унга ўзининг битта буйрагини берган. Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, ота-бола соппа-соғ, бир-бирига қўлдош бўлиб яшаб юрибди; анави келинчакка туғруқхонада дўхтирлар ё сизни, ё болани сақлаб қола оламиз дейишганда, болани сақлаб қолинг, дея ўзининг жонидан кечиб дўхтирларга ёлворган экан. Ҳали ўзи кўрмаган чақалоғи учун ҳеч иккиланмай ёш жонидан кечган келинчакка дўхтирлар ҳам қойил қолибди. Ана боласи ҳам соппа-соғ, ўзи ҳам саломат – Аллоҳнинг олдида ҳам, банданинг олдида ҳам юзи ёруғ.
Ахборот оқими довулга айлангач, бир-биридан қўрқинчли хабарлар эшитиб, нима бало ер ўз ўқидан чиқиб кетдими ёки булар охирги замон аломатларимикан, дея хавотирга туша бошладик: Фарғонада келин қайнонаси уриб ўлдириб қўйди, Сурхондарёда ота ўғлини пичоқлаб ўлдирди, Тошкентда Сингапур институти талабаси боласини ҳожатхонага ташлаб кетди.
Бундай нохушликлар қаерда, қайси миллат орасида бўляпти денг; қотиллик нима, ваҳшийлик нима билмаган, фақат ва фақат яхшиликни, эзгуликни соғиниб келган, кўтарилган қўллари бировнинг қулоғидан чўзиб қўйишга эмас, хайрли дуолар учун очилган, бандага озор етказмоқ нималигини тушида ҳам кўрмаган Ўзбекистонда, ўзбек халқи орасида юз беряпти.
Халқимизда шу вақтга қадар бирор келин бехосдан қайнонасига баландроқ овозда гапириб қўйса, у одобсиз келин сифатида муҳокама қилинар ва ўзи қилган ишидан уялиб қолганидан хийла вақт вақт кўча-кўйга ҳам чиқолмай, элга аралаша олмай қолар эди.
Боласи дунёга келганда севиниб, дўстларига суюнчи ошлари қилиб бермаган, фарзандига тумов тегса, тунлари билан мижжа қоқмай бошида ўтириб чиқмаган, ўғли ҳарбий хизматга борганда, олий ўқув юртига ўқишга кирганда бундан севинмаган, фахрланмаган ота борми! Ахир фарзанд отанинг жисмининг бир парчаси эмасми?.. фаросати бор одам ўзининг танасига тиғ теккизишга рози бўладими?
Қиз боланинг номусидан бошқа нимаси бор? Шунинг учун ҳам аёл зоти умр бўйи номусини ҳимоя қилиб яшайди. Номусини бой берган куни ҳамма нарсасидан мосуво бўлади. Ўлганнинг устига тепгандек, ўртада фарзанд пайдо бўлади. Беномус аёлнинг инсонийлик хислатларидан ҳам маҳрум бўлиши шунда намоён бўладики, иффатли аёл фарзанди учун жон фидо қилса, беномус иффатсизлигини яшириш учун ўз фарзандини қурбон қилади.
Бундай нохушликларнинг олдини олишга бутун жамият бирлашиб ҳаракат қилмасак, бу каби хабарлар кўпайиб бораверса, одамларнинг дийдаси қотиб ўрганиб қолади. Бора-бора қотилликлару ёвузликлар кўз олдида содир бўлса ҳам бефарқларча томоша қилиб тураверади. Ваҳоланки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир кимса бир қавм орасига кириб, осийликлар содир этса-ю, улар уни қайтаришга қодир бўла туриб қайтармасалар, Аллоҳ уларга ўлимларидан олдин ўша кимса туфайли азоб юборади”, деганлар (Абу Довуд ривояти).
Муҳтарам Президентимиз 15 ноябрда ўзи бош бўлиб ўтказган видеселектор йиғилишида ҳам айнан шу – бефарқликдан, лойқайдликдан қочиб фаол ва ҳушёр инсонлар бўлишимиз зарурлигини таъкидлади. Зотан, мусулмоннинг киши бефарқ бўлиши мумкин эмаслиги шариатимизда ҳам кўп ва хўб айтилган.
Юқорида мисол тариқасида айтиб ўтилган учта қотиллик диний ва миллий қадриятларимиздан узоқлашиб кетган оилаларда юз берган. Бунга ҳамманинг ақли етиб турибди. Яна ақлимизни шунга ҳам ишлатайликки, биз агар ана шу иккисини маҳкам ушласак ва биз тутиб турган арқондан ёшларимизнинг ҳам маҳкам тутишига эришсак, кўнгилсизликлар ўз-ўзидан барҳам топиб, кунларимиз нурафшон бўлаверади, бунга шубҳа йўқ. Чунки бу синовдан ўтган усул. Аввалгиларни юксакликларга кўтарган нарса кейингиларни ҳам кўтаради. Аждодларимиз диний-миллий қадриятларимизга қатъиян амал қилиб яшаган кезларда миллат юксалган, хоразмийлар, берунийлар, ибн синолар... чиқиб Миллий уйғониш юз берган ва яна шундай бўлажак, иншааллоҳ!
Бинобарин, юртбошимиз, ҳукуматимиз ва идорамиз раҳбариятининг орзу-истаги ва саъй-ҳаракати ҳам шу ўзи.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ