Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Муносабат: мўминлик ҳушёрлик демакдир

28.11.2017   9550   5 min.
Муносабат: мўминлик ҳушёрлик демакдир

Ахборот оқими майин шабададек, эсиб турган паллаларда мана бундай мулойим хабарлар эшитардик ва кўнглимиз чоғ бўлиб, уларнинг таъсирида бир неча кун тўлқинланиб, эзгу ишларга чоғланиб юрар эдик: бу аёл неча йил хаста ётган қайнонасининг хизматини қилиб, унинг дуосини олган. Шунинг учун ҳам тупроқ ушласа олтин бўляпти; фалончи бобо ўғлининг буйраги касаллигини эшитиб, унга ўзининг битта буйрагини берган. Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, ота-бола соппа-соғ, бир-бирига қўлдош бўлиб яшаб юрибди; анави келинчакка туғруқхонада дўхтирлар ё сизни, ё болани сақлаб қола оламиз дейишганда, болани сақлаб қолинг, дея ўзининг жонидан кечиб дўхтирларга ёлворган экан. Ҳали ўзи кўрмаган чақалоғи учун ҳеч иккиланмай ёш жонидан кечган келинчакка дўхтирлар ҳам қойил қолибди. Ана боласи ҳам соппа-соғ, ўзи ҳам саломат – Аллоҳнинг олдида ҳам, банданинг олдида ҳам юзи ёруғ.  

Ахборот оқими довулга айлангач, бир-биридан қўрқинчли хабарлар эшитиб, нима бало ер ўз ўқидан чиқиб кетдими ёки булар охирги замон аломатларимикан, дея хавотирга туша бошладик: Фарғонада келин қайнонаси уриб ўлдириб қўйди, Сурхондарёда ота ўғлини пичоқлаб ўлдирди, Тошкентда Сингапур институти талабаси боласини ҳожатхонага ташлаб кетди.

Бундай нохушликлар қаерда, қайси миллат орасида бўляпти денг; қотиллик нима, ваҳшийлик нима билмаган, фақат ва фақат яхшиликни, эзгуликни соғиниб келган, кўтарилган қўллари бировнинг қулоғидан чўзиб қўйишга эмас, хайрли дуолар учун очилган, бандага озор етказмоқ нималигини тушида ҳам кўрмаган Ўзбекистонда, ўзбек халқи орасида юз беряпти.

Халқимизда шу вақтга қадар бирор келин бехосдан қайнонасига баландроқ овозда гапириб қўйса, у одобсиз келин сифатида муҳокама қилинар ва ўзи қилган ишидан уялиб қолганидан хийла вақт вақт кўча-кўйга ҳам чиқолмай, элга аралаша олмай қолар эди.

Боласи дунёга келганда севиниб, дўстларига суюнчи ошлари қилиб бермаган, фарзандига тумов тегса, тунлари билан мижжа қоқмай бошида ўтириб чиқмаган, ўғли ҳарбий хизматга борганда, олий ўқув юртига ўқишга кирганда бундан севинмаган, фахрланмаган ота борми! Ахир фарзанд отанинг жисмининг бир парчаси эмасми?.. фаросати бор одам ўзининг танасига тиғ теккизишга рози бўладими?

Қиз боланинг номусидан бошқа нимаси бор? Шунинг учун ҳам аёл зоти умр бўйи номусини ҳимоя қилиб яшайди. Номусини бой берган куни ҳамма нарсасидан мосуво бўлади. Ўлганнинг устига тепгандек, ўртада фарзанд пайдо бўлади. Беномус аёлнинг инсонийлик хислатларидан ҳам маҳрум бўлиши шунда намоён бўладики, иффатли аёл фарзанди учун жон фидо қилса, беномус иффатсизлигини яшириш учун ўз фарзандини қурбон қилади.

Бундай нохушликларнинг олдини олишга бутун жамият бирлашиб ҳаракат қилмасак, бу каби хабарлар кўпайиб бораверса, одамларнинг дийдаси қотиб ўрганиб қолади. Бора-бора қотилликлару ёвузликлар кўз олдида содир бўлса ҳам бефарқларча томоша қилиб тураверади. Ваҳоланки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир кимса бир қавм орасига кириб, осийликлар содир этса-ю, улар уни қайтаришга қодир бўла туриб қайтармасалар, Аллоҳ уларга ўлимларидан олдин ўша кимса туфайли азоб юборади”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Муҳтарам Президентимиз  15 ноябрда ўзи бош бўлиб ўтказган видеселектор йиғилишида ҳам айнан шу – бефарқликдан, лойқайдликдан қочиб фаол ва ҳушёр инсонлар бўлишимиз зарурлигини таъкидлади. Зотан, мусулмоннинг киши бефарқ бўлиши мумкин эмаслиги шариатимизда ҳам кўп ва хўб айтилган.

Юқорида мисол тариқасида айтиб ўтилган учта қотиллик диний ва миллий қадриятларимиздан узоқлашиб кетган оилаларда юз берган. Бунга ҳамманинг ақли етиб турибди. Яна ақлимизни шунга ҳам ишлатайликки, биз агар ана шу иккисини маҳкам ушласак ва биз тутиб турган арқондан ёшларимизнинг ҳам маҳкам тутишига эришсак, кўнгилсизликлар ўз-ўзидан барҳам топиб, кунларимиз нурафшон бўлаверади, бунга шубҳа йўқ. Чунки бу синовдан ўтган усул. Аввалгиларни юксакликларга кўтарган нарса кейингиларни ҳам кўтаради. Аждодларимиз диний-миллий қадриятларимизга қатъиян амал қилиб яшаган кезларда миллат юксалган, хоразмийлар, берунийлар, ибн синолар... чиқиб  Миллий уйғониш юз берган ва яна шундай бўлажак, иншааллоҳ!

Бинобарин, юртбошимиз, ҳукуматимиз ва идорамиз раҳбариятининг орзу-истаги ва саъй-ҳаракати ҳам шу ўзи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

 

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   40569   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари