2017 йилнинг ноябрь ойидан ислом тақвимининг энг аҳамиятли ойларидан бири – Рабиул аввал ойи бошланди. Ислом тарихида бу ойда энг аҳамиятли воқеа – мавлид, яъни бизнинг суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд кунлари борлиги сабабидан ҳам азиз саналади. Рабиул аввал – Аллоҳ таоло инсониятга ислом динини мукаммал кўринишда нозил қилган сўнгги Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборган муқаддас ойдир. Муҳтарам Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам 571 йилнинг Рабиул аввал ойи, ўн биринчидан ўн иккинчига ўтар кечада, аксарият манбаларда ўн иккинчи куни душанба субҳида таваллуд топганлар. Бундан ташқари, бу муқаддас ойда бир қатор эътиборга молик воқеалар содир бўлган, хусусан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилганлар, У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайя туғилганлар, биринчи масжиднинг қурилиши ва ундаги илк жума намози ўқилиши каби ҳодисалар ҳам шу ойда рўй берган. Булар орасида албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган куни дунёнинг турли бурчакларидаги барча мусулмонлар томонидан нишонланади.
Ушбу байрамни нишонлаш ҳақида турли фикрлар мавжуд, биз мусулмонлар учун бу борада ихтилофга боришнинг зарурати йўқ. Биз учун муҳими – бу кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни, уларнинг ҳаёти ва таълимотларини эсга олиш ва номларини поклаб ёд этиш айёмидир. Қолаверса бу кун ўз ҳаётимиз ҳақида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга умматликни адо эта оляпманми, дея мулоҳаза қилиш, ўзини назорат қилмоқ палласидир.
Рабиул аввал – дунё ташвишларидан четга чиқиб, абадий ҳаёт ҳақида фикр юритиш, қоронғулик ҳукм сурган вазиятда оламни ёритган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборгани учун Яратганга чексиз ҳамдлар айтиш фурсатидир.
Бу ой – яна бир марта севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак даврларини – асри саодатни ёдга олиш вақтидир.
Аллоҳ таоло “... сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор”, дея марҳамат қилган.
Демак, бу ой – янада кўпроқ зикр қилиш ва Аллоҳга ибодат қилмоқ мавридидир.
Кўпгина имонли кишиларда “Ушбу ойни қандай ўтказишимиз керак?” деган савол юзага келиши мумкин. Жавоб бериш мумкинки, бу ойни қандай ўтказиш борасида муҳим тавсиялар берилмаган. Қандай ва қайси йил, ой, ҳафта, кунда бўлмасин, мўмин киши ўз ибодатини, фарзлар қатори нафл ибодатларини ҳам адо этишда, таъқиқланган нарсаларни тарк этишда, хайрли ва фойдали ишларда бардавом бўлишда жидду жаҳд қилмоғи лозим. Эътибор берилса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган бу ойнинг моҳияти – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун саловат айтиш, Аллоҳни зикр қилиш мазмун илгари сурилади.
Манбалар асосида рабиул аввал ойини ўтказиш борасида бир қатор тавсиялар бериш мумкин. Бу ойда ўзингиз учун муҳим бир неча мақсадларни илгари суринг: аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини батафсил ўрганинг, бу ажру савобга-да нойил этади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини кўпроқ ўқинг. Саловат айтишни кўпайтиринг. Бу жараёнда албатта, ибодатларингизни ўз вақтида адо этинг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олсин.
Муҳими, Аллоҳ таолонинг чексиз муҳаббати ва меҳрибонлиги учун, бизларга инсонларнинг энг яхшисини, Пайғамбарларнинг энг буюгини, энг улуғ ҳикмат соҳибини, энг марҳаматли ва Ўзи ҳам яхши кўрган зотни Пайғамбар қилиб юборгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтинг! Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вавасалламга саловату дурудлар бўлсин!
Шарифа ҒАНИЕВА
Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.
Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.
Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.
Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.
Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган.
“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати – бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.
Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.
Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати