Дунёда яратилган ҳар бир нарса вақт ўтиб ўз қадрини йўқотади. Йил ўтган сари янги ихтиролар чиқиб эскисини янгисига алмаштиради.
Аммо асрлар ўтган сайин Қуръони карим қаршисида олимларнинг ҳайрати тобора ошиб, уларнинг аксари Ислом динини қабул қилмоқда. Тиб илмидагилар Қуръони каримнинг тиббий мўъжизаларини, кимё олимлари – кимёвий, тарихчилар – тарихий, физиклар – физикавий, мунажжимлар – фазовий ва ҳоказо. Ҳар бир илм соҳиби ўз соҳасида Қуръон мўъжизасини топган ва тан берган. Айниқса, Ғарбнинг машҳур олимлари ушбу мўъжизалар туфайли Исломни қабул қилган ва ҳозиргача шундай воқеалар бўлиб келмоқда. Ибн Сино, Форобий, Амир Темур, Улуғбек, Беруний, ал-Хоразмий, Навоий ва бошқалар Қуръони каримга, унинг таълимотларига амал қилганларидан дунё тан олган алломалар бўлиб етишган. Бунда эътиқоднинг софлиги муҳим ўрин тутади.
Энг ҳайратда қоладиган томони шундаки, бундан 1400 йил олдин бепоён саҳронинг содда ҳаётидан бошқа нарсани билмаган арабларни ҳайратга солиб, қалбига йўл топган бу илоҳий Китоб, ҳозирги кунда техник тараққиёт, илмий юксалиш маданий ўсиш чўққисига чиққан, ҳамма нарсани компьютерлар бошқараётган илғор технологиялар асрида яшаётган одамлар қалбига ҳам бир хил таъсир кўрсатмоқда.
Айниқса, Қуръони каримни тинглашда дунё олимлари ўтказган тажрибада мусулмон ва мусулмон бўлмаган кишиларни Қуръон тиловати эшиттириб руҳий таъсирланишларини синашганда, бир хил натижага эга бўлинганининг ўзи буюк мўъжиза.
Қуръони каримни тушунган-ку, майли, эътиқод нуқтаи назаридан буни англаш ақлни шоширмайди. Аммо мусулмон бўлмаган, эътиқодсиз кишиларга нисбатан таъсири билан бир хиллиги инсонни лол қолдиради. Ҳали шундай замонлар келадики, ҳар бир нарсада Қуръони каримнинг мўъжизалари яққол кўзга ташланади. Чунки китоб ўқишга бўлган тарғиб сабаб инсонлар билимини оширар экан, китоб сабаб ҳақ билан ботилни ажрата олади. Қуръони карим мўъжизасининг ҳозиргача кашф бўлганлари денгиздан бир томчи, холос.
Хуморбегим тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.