Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Инкори йўқ мўъжиза

24.11.2017   12369   2 min.
Инкори йўқ мўъжиза

Дунёда яратилган ҳар бир нарса вақт ўтиб ўз қадрини йўқотади. Йил ўтган сари янги ихтиролар чиқиб эскисини янгисига алмаштиради.

Аммо асрлар ўтган сайин Қуръони карим қаршисида олимларнинг ҳайрати тобора ошиб, уларнинг аксари Ислом динини қабул қилмоқда. Тиб илмидагилар Қуръони каримнинг тиббий мўъжизаларини, кимё олимлари – кимёвий, тарихчилар – тарихий, физиклар – физикавий, мунажжимлар – фазовий ва ҳоказо. Ҳар бир илм соҳиби ўз соҳасида Қуръон мўъжизасини топган ва тан берган. Айниқса, Ғарбнинг машҳур олимлари ушбу мўъжизалар туфайли Исломни қабул қилган ва ҳозиргача шундай воқеалар бўлиб келмоқда. Ибн Сино, Форобий,  Амир Темур, Улуғбек, Беруний, ал-Хоразмий, Навоий ва бошқалар Қуръони каримга, унинг таълимотларига амал қилганларидан дунё тан олган алломалар бўлиб етишган. Бунда эътиқоднинг софлиги муҳим ўрин тутади.

Энг ҳайратда қоладиган томони шундаки, бундан 1400 йил олдин бепоён саҳронинг содда ҳаётидан бошқа нарсани билмаган арабларни ҳайратга солиб, қалбига йўл топган бу илоҳий Китоб, ҳозирги кунда техник тараққиёт, илмий юксалиш маданий ўсиш чўққисига чиққан, ҳамма нарсани компьютерлар бошқараётган илғор технологиялар асрида яшаётган одамлар қалбига ҳам бир хил таъсир кўрсатмоқда.

Айниқса, Қуръони каримни тинглашда дунё олимлари ўтказган тажрибада мусулмон ва мусулмон бўлмаган кишиларни Қуръон тиловати эшиттириб руҳий таъсирланишларини синашганда, бир хил натижага эга бўлинганининг ўзи буюк мўъжиза.

Қуръони каримни тушунган-ку, майли, эътиқод нуқтаи назаридан буни англаш ақлни шоширмайди. Аммо мусулмон бўлмаган, эътиқодсиз кишиларга нисбатан таъсири билан бир хиллиги инсонни лол қолдиради. Ҳали шундай замонлар келадики, ҳар бир нарсада Қуръони каримнинг мўъжизалари яққол кўзга ташланади. Чунки китоб ўқишга бўлган тарғиб сабаб инсонлар билимини оширар экан, китоб сабаб ҳақ билан ботилни ажрата олади. Қуръони карим мўъжизасининг ҳозиргача кашф бўлганлари денгиздан бир томчи, холос.

Хуморбегим тайёрлади

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   11064   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари