Аксар масжидларимизнинг таҳоратхоналарининг бадиий кўриниши безаклари ранг-баранглиги, жиҳозларининг қимматбаҳолиги, озодалиги, шинамлиги, тозаланиш ва артиниш учун қўйилган нарсалар ҳаммаси тўлиқлигича талабга жавоб беради. Ҳаттоки баъзи таҳоратхоналарга шу даражада кўп маблағ сарф қилинганки, беихтиёр шунчалик қилиш шартмикан, деб юборасиз. Чунки таҳоратхона учун унчалик ҳам зарур бўлмаган безакларга сарфланган маблағларга бошқа жойларда муҳтож бўлган масжидлар қанча. Буниси ҳам майли, ҳар кимнинг шахсий маблағи хохлаган жойига ишлатади-да дейишингиз мумкин.
Лекин шунча кўп маблағ сарф қилинган таҳоратхонадаги шароит шариат кўрсатмаларига мутлақо тўғри келмаслигига нима дейсиз? Аввало ҳожатхонадаги шароит яхши эмас, сув идишлардан чаккилаб сув томчилаб туради, натижада киши либоси булғанади. Таҳорат ушатиладиган жиҳоз ер устига юзаки ўрнатилгани сабабли бир неча муаммолар пайдо бўлади. Агар киши бир озгина эҳтиётсизлик қилса тамом нафақат либоси балки баъзи аьзолари ҳам нажосат билан булғаланиши мумкин. Шунинг учун ҳам шариатимизда таҳорат ушатиладиган жой имкон қадар чуқурроқ бўлиши талаб қилинади. Агар тўғридан-тўғри ерга таҳорат ушатишга мажбур бўлинганда ҳам аввало, ерни бир оз кавлаш ёки ҳеч бўлмаганда бир оз юмшатиш керак, токи ерга тушган бавл қайтиб сачрамасин. Шароитдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳожат учун ўрнатиладиган жиҳозни камида 25-30 см чуқурликда ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ўша жойдаги нажосатни кетказиш учун одатда сувдан фойдаланилади, яъни махсус идишдаги сув тўкилади. Сув эса тепадан зарб билан тушгани боис ҳар тарафга сачрайди . Мазкур ҳолатлардан сақланиш учун эса албатта таҳоротхона керакли талабларга жавоб бериши керак. У ерга кираётганда албатта шимни почасини ва енгни шимариб олиш лозим. Ҳожатдан бўшангандан кейин эса кесак, тош ёки ҳожатхонада ишлатиш учун чиқарилган махсус қоғоздан фойдаланган ҳолда уч, беш ёки етти марта артиб тозаланади (бунда иложи борича тоқ саноқдан фойдаланади). Ундан кейин эса токи нажосатнинг бирор колдиғи колмаганига ишонч ҳосил қилгунича ўтириб туриш ёки иложи булса сакраш, йўталиш қолаверса эркаклар жинсий аъзосини худди сигирни соғгандек қилиб бўлса ҳам сийдик йўлида қолган бавлни сиқиб чиқаришга ҳаракат қилинади. Сўнгра икки қўлни бўғинигача ювиб кейин икки нажас йўлини қай биридан нажас чиққан бўлса ўша жойни сув билан ҳам ювилади. Агар ҳар иккала йўлдан ҳам нажас чиққан бўлса биринчи закарини ювади кейин эса орқа махражни ювади. Сув билан ювишни “мустаҳаб” дейилади, лекин нажосат чиққан жойидан атрофига дирҳам миқдорича ёйилган бўлса, сув билан ювиш вожиб, агар ундан ҳам каттароқ жойга ёйилган бўлса сув билан ювиш фарз бўлади. Бунда сувни сепиб юборилмайди балки сувни кафтга олиб ёки секинлик билан ювиладиган жойга сувни оқизиб ўрта ва номсиз бармоқларни қорни ила ишқаланади. Акс ҳолда тозалаб ювиш ўрнига қолган жойларни ҳам булғалаб қўйиш мумкин. Рўзадор бўлмаган киши ортини юваётганида ўша жойни бўш қўйиб ювади, рўзадор эса аксинча қилади. Бу ҳолатда сувни ҳароратига ҳам эьтибор бериш керак. Чунки ўта иссиқ ёки ўта совуқ сув ҳам инсон соғлигига жиддий зарар қилади. Мазкур жойни ювишни чегараси ўша жойда нажосатни ҳиди қолмагунча давом этади. Сўнгра иложи борича ўша жойни қуригунча артилади. Акс ҳолда ўша жой чала ювилган бўлса ва намлик либос ёки баданнинг бирор жойига тегса ўша жойни ҳам нажас қилади. Мазкур амалларни ҳаммаси чап қўл билан бажарилади (зарур ва узрли ҳоллардагина ўнг қўл билан ҳам ёрдам берилади ёки бажарилади). Демак, шу билан ҳожатхонадаги амаллар тугайди.
Энди таҳоратхонада бажариладиган амаллар тўғрисида.
Таҳоратнинг фарз ва суннатларини кўпчилик назарий жиҳатдан билади лекин, нимагадир амалда хатога йўл қўяди. Албатта, бунинг асосий сабабларидан бири кўпчилик таҳорат илмини бевосита устоздан эмас, балки китобни ўқиш воситаси ила ўрганган. Аслида эса таҳорат амалиёт бўлгани учун ҳар бир намозхон худди намозни устоздан ўрганганидек таҳоратнинг ҳам ҳар бир ҳаракатини бирма-бир ўрганиши кейин эса, устозини олдида таҳорат олишини кўрсатиб имтиҳон топшириши керак. Бу борада бепарволик ярамайди. Зотан, намознинг дуруст бўлиши учун таҳорат мукаммал бўлмоғи керак.
Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
ЎМИ масжидлар бўлими ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Динимизда баъзи амаллар борки, уларга ҳажнинг савоби берилади. Албатта, ҳеч бир амал ҳаж ибодатининг ўрнини боса олмайди. Лекин Аллоҳнинг раҳмати ва фазли кенг. Ўзининг розилигини топиш имконият ва йўлларини бандаларига осон қилиб қўйган.
1. Масжидга таҳорат олган ҳолда бориш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким фарз намозни ўқиш учун таҳорат олган (пок) ҳолда (масжидга) чиқса, унинг ажри эҳромдаги ҳожининг савобига тенгдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
2. Зуҳо намозини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
3. Ота-онанинг юзига қараш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Она-отасининг юзига раҳмат билан боққан кишига ҳаж ва умранинг савоби ёзилади”, дедилар. “Кунда минг марта боқса ҳам шундайми?” деб сўрадилар. “Кунда юз минг марта боқса ҳам”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
4. Илмга интилиш.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки эрта билан масжидга фақатгина илм ўргангани ёки ўргатгани борса, унга тўлиқ ҳаж амалининг савоби берилади” (Имом Табароний ривояти).
5. Яхши ният қилиш.
Узун ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “....Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди, шунга қарамай, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади...” (Имом Термизий ривояти).
6. Ота-онанинг розилигини топиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодда иштирок этишни истайман, лекин бунга ҳеч қодир бўла олмаяпман”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” деб сўрадилар.
У: “Онам ҳаёт”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг борасида Аллоҳдан қўрқ (яъни унга яхшилик қил). Шундай қилсанг ҳаж, умра ва жиҳод қилувчи бўласан...” (Имом Байҳақий ривояти).
7. Шом намозини жамоат билан адо этиш.
Уқба ибн Абдулғофир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шом намозини жамоат билан ўқиш ҳажга, бомдодни ўқиш эса умра намозига тенгдир”.
8. Қурбон ҳайити намозини адо этиш.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. Саҳоба Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар: “Рамазон ҳайити намозига қатнашнинг ажри (савоби) умранинг ажри билан баробардир. Қурбон ҳайити намозига бориш эса ҳаж савобига тенгдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД