Муҳтарам жамоат! Оламларнинг Раббиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳабиби, оламларга раҳмат қилиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг таваллуд ойлари барчамизга муборак бўлсин! Маълумки, Рабиул аввал ойининг 12 куни жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) таваллуд топган кунларидир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) милодий сананинг 571 йилида Маккаи Мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) комил инсон бўлиб, у то қиёмат кунигача келадиган бутун инсоният учун энг мукаммал ва энг гузал намунадир.
Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибрат мактабидир. Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Бизлар ҳам бирор табаррук, аҳли солиҳ инсон билан учрашиб қолганимизда, ёки унинг яхши хислатларини зикр қилганимизда ҳавас қилиб, “бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин”, “фалончига ўхшаб юрайлик” деган ибораларни ишлатамиз. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад (с.а.в) бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
яъни: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб марҳамат қилган (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Шунингдек, яна Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилган:
(وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ (سُورَةُ الأنبياء/107
яъни: “(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят). Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Муҳаммад (с.а.в.)нинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто, куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлиш зарур.
Буюк ватандошимиз Абу Лайс ас-Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобларида “оламларга раҳмат” жумласининг тафсирида: жин ва инсга, умуман жамики халоиққа раҳматдир. Мўминларга ҳидоят қилиш билан раҳмат, мунофиқларга ўлимдан омонлик бериш билан раҳмат, кофирларга азобни охиратга қолдириш билан раҳматдир, деганлар ва қуйидаги ривоятни келтирганлар:
(حكي أن النبي صلى الله عليه وسلم قال لجبريل عليه السلام: "هَلْ أَصَابَكَ مِن هَذِهِ الرَّحمَةِ شَيءٌ؟ قَالَ: نَعَمْ ، كُنتُ أَخشَى العَاقبَِةَ فَأَمَنتُ لِثَنَاءِ اللهِ عز وجل عَلَيَّ بِقَولِهِ: { ذِي قُوَّةٍ عِنْدَ ذِي الْعَرْشِ مَكِينٍ مُطَاعٍ ثَمَّ أَمِينٍ}" (سورة التكوير/20-21
яъни: Ҳикоя қилинишича, Пайғамбар (с.а.в.) Жаброил а.с.га: “Сизга ҳам ушбу раҳматдан бирор насиба етганми?” – деб сўрадилар. Шунда Жаброил (а.с.): Ҳа, мен оқибатим қандай бўлишидан қўрқувда эдим. Аммо, Аллоҳ азза ва жалла мен ҳақимда: “(Жаброил) қувватли, Аршнинг соҳиби (Аллоҳ) наздида мартабали, у жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир”, деб тасанно айтганидан кейин хотиржам бўлдим, дедилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг раҳмат элчиси эканликлари У зотнинг ахлоқларида ҳам намоён эди. Қуйидаги ҳадиси шариф шунга далолат қилади:
(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ، قِيلَ: "يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ عَلَى الْمُشْرِكِينَ قَالَ: إِنِّي لَمْ أُبْعَثْ لَعَّانًا وَ إِنَّمَا بُعِثْتُ رَحْمَةً" (رواه الإمام مسلم
яъни: Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ! Мушрикларни дуойибад қилинг, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен лаънатловчи қилиб эмас, раҳмат қилиб юборилганман”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг оламларга раҳмат қилиб юборилганликлари У зотга нозил қилинган шариат аҳкомларида ҳам намоён бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
أَوَلَمْ يَكْفِهِمْ أَنَّا أَنْزَلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ يُتْلَى عَلَيْهِمْ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَرَحْمَةً وَذِكْرَى لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ
(سُورَةُ العنكبوت/51).
яъни: “Ахир, уларга тиловат қилинаётган (шу) Китобни Биз Сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта, бу (Китоб)да имон келтирадиган қавм учун раҳмат (мўъжиза) ва эслатма бордир. (Анкабут сураси, 51-оят).
Дарҳақиқат, Ислом шариати олийжаноб, бағрикенг ва мўътадил шариат эканлиги билан барча замон ва маконга мос келади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
(يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ (سُورَةُ البقرة/185
яъни: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят). Бошқа бир оятда:
(وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ (سُورَةُ الحج/78
яъни: “ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, дейилган (Ҳаж сураси, 78-оят). Ривоят қилинишича Расулуллоҳ (с.а.в.) Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал-Ашъарийни Яманга элчи қилиб юбораётганларида:
(عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: يسِّرا ولا تعسِّرا وبشِّرا ولا تنفِّرا وتطاوعَا ولا تختلِفا (رواه البخاري ومسلم
яъни: “Динни енгил қилиб кўрсатинглар қийин қилманглар, динга қизиқтиринглар нафратлантирманглар, бир-бирингизга итоат этинглар ихтилоф қилманглар”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Шунингдек, Муҳаммад мустафо (с.а.в.)нинг сизу биз умматлари ҳам энг адолатли ва яхши уммат бўлиб, барча инсониятга яхшилик тарқатадиган, яхшилик ишларда ўрнак ва намуна бўладиган умматдирмиз. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:
كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ
(سُورَةُ آل عمران/110).
яъни: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят). Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ҳам бу ҳақда қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
(عن درة بنت أبي لهب قالت: قام رجل إلى النبي صلى الله عليه وسلم وهو على المنبر فقال: يا رسول الله أيّ الناس خير؟ فقال: "خَيْرُ النَّاسِ أقْرَؤهُمْ وأتقاهم للهِ وآمَرُهُمْ بِالمعروفِ وأنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَأَوْصَلُهُمْ لِلرَّحِمِ" (رواه الإمام أحمد
яъни: Дурра бинт Аби Лаҳаб айтадилар, Пайғамбар (с.а.в.) минбарда турган эдилар, бир киши ўрнидан туриб: Ё Расулуллоҳ! Одамларнинг қандайи яхши? – деб сўради. Шунда, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Одамларнинг энг яхшиси кўп ва хўб қироат қиладигани, Аллоҳга энг қўп тақво қиладигани, яхшиликка энг кўп буюрадигани, мункар ишдан энг кўп қайтарадигани ва қариндошлик риштасини маҳкам тутадигани”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти).
Азизлар! Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукрлар бўлсинким, сизу бизларни охирзамон пайғамбари Муҳаммад мустафо (с.а.в.)га уммат бўлиш бахтига муяссар этди. Зеро, Қуръони каримда марҳамат қилинади:
(وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُول عَلَيْكُمْ شَهِيدًا (سُورَةُ البقرة/143
яъни: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят). “Ўрта уммат” – умматларнинг яхшиси демакдир. Зеро, ҳар бир нарсада ўртаҳоллик яхшидир.
Буюк муфассирлардан Ибн Жарир ат-Табарий “Жомеъ ал-баён фи таъвил ал-Қуръон”да Аъроф сурасининг 150-ояти тафсирида қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Мусо (а.с.): Ё Раббим, мен лавҳда одамларга чиқарилган умматнинг энг яхшиси бўлган, амри маъруф, наҳйи мункар қиладиган умматни топдим. Уларни менга уммат қилгин, деди. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, - деди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда ҳаммадан кейин яратилиб, жаннатга биринчи бўлиб кирадиган умматни топдим. Уларни менга уммат қилиб бергин, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда Қуръонларини қалбларига жойлаб олиб ўқийдиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бер, деди. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда қилган садақотларидан ўзлари ҳам ейдиган ва бунга ажр ҳам оладиган умматни топдим, менга уларни уммат қилиб бер, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда бир яхшиликни ният қилиб уни амалга ошира олмаса битта савоб, агар амалга оширса ўнтадан етти юз баробаргача савоб бериладиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бергин, деб сўради. Аллоҳ таоло: Улар Муҳаммаднинг уммати, деб жавоб берди. Мусо: Ё Раббим, мен лавҳда тўғри йўлга чақирилса лаббай деб қабул қиладиган ҳамда дуолари ижобат бўладиган умматни топдим, уларни менга уммат қилиб бергин, деди. Аллоҳ: Улар Муҳаммаднинг уммати, деди. Шунда Мусо Лавҳларни улоқтириб ташлаб: Ё Аллоҳим, мени ҳам Муҳаммаднинг умматидан қилгин, деб дуо қилди”.
Бугунги кунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) таваллуд топган муборак кунларини нишонлаш ва у зотнинг сийрати санияларини ўқиб-ўрганиш ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Росулуллоҳ (с.а.в.) ҳаёт тарзлари, хулқ-ободларидан ўрнак олиб яшамоқлигимиз керак. Юртимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) гўзал одоб ахлоқлари илм олишга тарғиботлари, хайр-у саҳоватлари, инсонийлик фазилатлари бизларга ҳамиша илҳом бериши лозим.
Шуни таъкидлаш керакки, баъзан кишилар орасида аслида мавлид ўқиш шартми, бу хақида Қуръони каримда, ҳадиси шарифда ҳам кўрсатма йўқ-ку деган фикрларга бориб, уни бидъат дейишади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотларидан 6-7 аср ўтгандан сўнг ўша замонанинг машҳур уламолардан баъзилари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг номи шарифларига ҳурмат кўрсатиш, хотирлаб туриш мақсадида у зотнинг таваллуд топган кунини мавлид куни деб атай бошладилар. Ислом тарихида биринчи марта Ибн Ҳажар Асқалоний, Жалолиддин Суютий кейинчалик имом Жаъфар Барзанжий томонидан қасидалар ўқиш, у зот (с.а.в.)ни ёд этиш дурустлиги хусусида фатво беришган.
Бутун дунёда бўлганидек, диёримиз мусулмонлари орасида ҳам қадимдан мавлид кунини байрам қилиш одат тусига кирган. Шу муносабат билан робиъул аввал ойи келгач, барча жоме масжидларимизда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сийратлари, юксак одоб-ахлоқлари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинади, мавлиди шарифлар ўқилади.
Бу каби хайрли тадбирларнинг ўсиб келаётган ёш авлодни гўзал ахлоққа йўғрилган азалий қадриятларимиз руҳида тарбиялашда, уларнинг маънан баркамол бўлиб етишишларидаги аҳамиятлари беқиёсдир.
Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га уммат бўлиш айни пайтда сизу бизларнинг зиммамизга масъулият ҳам юклайди. Бу масъулият У зот келтирган динни мусаффолигини сақлаб, келажак авлодга омонат билан етказиш, турли хилдаги бидъат ва хурофотларга берилмай, бузуқ эътиқодларга эргашмай, аксинча, адашганларни тўғри йўлга солиб, чин мўмин-мусулмон бўлиб яшашдан иборатдир.
И Л О В А
Муҳтарам жамоат! Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз оилаларидаги кундалик юмушларида ҳам бизга намуна бўлганлар. У зот ғоят тавозеъли, кибрдан узоқ киши эдилар. Ўзлари учун одамларни подшоҳлар учун тургандек туришдан қайтарардилар. Мискинлар ҳолидан хабар олардилар, камбағал-мискинлар билан бирга ўтирардилар, қулнинг чорловини ҳам қабул қилардилар, асҳоблари ичида улардан бири каби ўтирардилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Ўз пойабзалларини ямар, кийимларини тикар, сизлардан бирингиз ўз уйида нима ишларни қилса, у зот ҳам шуни қилардилар. Оддий инсон эдилар, кийимларини ўзлари тозалар, эчкиларини соғар, ўз юмушларини ўзлари қилар эдилар».
Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га уммат бўлиш айни пайтда сизу бизларнинг зиммамизга масъулият ҳам юклайди. Бу масъулият У зот келтирган динни мусаффолигини сақлаб, келажак авлодга омонат билан етказиш, турли хилдаги бидъат ва хурофотларга берилмай, бузуқ эътиқодларга эргашмай, аксинча, адашганларни тўғри йўлга солиб, чин мўмин-мусулмон бўлиб яшашдан иборатдир.
Азиз мусулмонлар! Ушбу мавлид ойи бўлмиш Рабиул аввал ойида мусулмон юртларида, шу жумладан, бизнинг юртимизда ҳам кўп асрлардан буён Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг таваллудларига шодлик изҳор қилиш, шу кунларни хурсандчиликда ўтказиш маъносида йўлга қўйилган. Яқин тарихимизни ўрганадиган бўлсак, мавлид йиғинларида айнан шу кайфият ва ҳолат бизнинг юртимиздаги мусулмонлар орасида яққол сезилиб келади. Умуман олганда, жуда кўп муътабар олимлар мавлид ойи келганда Мавлид ўқиш, масжидларда жамаот билан буни кенг нишонлашга рухсат беришган.
Муҳтарам азизлар! Бугунги жума кунимизда билишими лозим бўлган одоблардан яна бири бу Пайғамбаримиз (с.а.в.)га салавот айтиш одобларидир. Улар қуйидагилар:
Аллоҳ таоло барчамизни оламларга раҳмат бўлмиш зотга чин уммат бўлиб, аҳил ва иноқликда умргузаронлик қилмоғимизни насиб айласин. Омин!
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси