Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Ҳаа Мийм” (Духон сураси)ни кечаси қироат қилса, тонг отгунча унга етмиш минг фаришта истиғфор айтиб чиқади”, дедилар.
Қайси кеча эканини келгуси ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Ҳаа Мийм”ни жума кечаси қироат қилса, мағфират қилинади”, дедилар.
Демак, “Духон” сурасини жума кечаси қироат қилса, у мағфират қилинар экан. Ўша мағфират қилинадиган гуноҳлар сағира – кичик гуноҳлар эканини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганалар.
“Ким “Ҳаа Мийм ”ни жума кечаси ёки жума куни қироат қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ,
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Аллоҳ таоло мени етти фарзанд билан сийлаган. Кўпдан бери тижорат билан шуғулланиб келаман. Бундан чамаси 30 йил аввал бир ҳадисни ўқиб қолдим. Имом Бухорийдан ривоят қилинишича: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб: “Аъуузу би-калимаатиллааҳит тааммаати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин ва мин кулли ъайнин лаамматин”, дер (Маъноси: “Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман”) ва сўнгра: “Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқ алайҳимуссаломга паноҳ тилар эди”, дер эдилар.
Ўз-ўзимга: “Иброҳим алайҳиссалом фарзандлари Исмоил ва Исҳоқни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам невараларини шундай дуо қилган бўлсалар, демак, бу жуда муҳим дуо экан-да”, дедим ва мен ҳам ҳар кеча фарзандларимни шундай дуо қилишга қарор қилиб, ушбу гўзал одатни йўлга қўйдим. Бу одатни ҳеч қачон, ҳатто сафарда бўлганимда ҳам канда қилмадим.
Узоқда бўлсам телефон орқали боғланиб, дуо қилар эдим. Ҳатто улар улғайиб, оилали бўлиб кетганларида ҳам бу одатимни ташламадим. Оталарнинг фарзандларини дуо қилиши, меҳр билан уларнинг бошини силаши улар ораларида меҳр уйғотар, ғам-ташвишларни аритар, ўртадаги масофани олиб ташлар экан.
Ҳаётимдаги энг бахтли пайтларимдан яна бири Аллоҳ таоло мени неваралар билан сийлаб, уларни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдек дуо қилишни бошлаган пайтим дея оламан.
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.