Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Апрел, 2025   |   30 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:25
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:20
Хуфтон
20:42
Bismillah
28 Апрел, 2025, 30 Шаввол, 1446

Аёлларни эъзозлаган дин

16.11.2017   7102   10 min.
Аёлларни эъзозлаган дин

Қадимги Арабистон ярим оролида VII асргача – «жоҳилия даври»да аёллар жамиятда ҳеч қандай мавқега эга эмас эдилар. Уларнинг аҳволи шу даражада эдики, ҳатто қиз боланинг туғилиши ота учун бахтсизлик аломати бўлса, ўғил боланинг туғилиши эса алоҳида бахтнинг белгиси, Аллоҳнинг оила бошлиғига кўрсатган илтифоти, деб ҳисобланган. Қизларга бўлган бундай муносабат, яъни ўғил туғилмасдан қиз бола туғилганидан ор қилиш ва бошқалар аёлларнинг аҳволи ниҳоятда аянчли эканлигини исботлайди.

Бадавий қабилалар эркаклари учун ўғил –  меросхўр, ўзларининг давомчилари, у туфайли ўзлари, уларнинг оилалари яшайди, уларнинг авлоди давом этади. Она учун қорнида кўтариб юрган боласи бир мўжиза, ўзи эса - эркак уруғини етиштирадиган сеҳрли идиш. Агар бу идиш заиф бўлса, энг кучли куртак ҳам кичкина ниҳолча, нимжон насл беради. Агар қиз туғилса, бунда фақат аёл айбдор. Манбаларда ёзишларича, араб саҳроларида қадим замонлардан буён агар оилада қиз туғилса, эркак қуйидаги муомалалардан бирини қўллаган:

  • қиз катта бўлгунига қадар оилада қолдирилган ва катта бўлгач, саҳро ва водийларда қўй боқишга мажбурланган;
  • қиз 6 ёшга тўлгач, эр хотинига дўстларидан бириникига бориш учун қизини безатишни ва кийинтиришни буюрган. Ўзи эса саҳронинг бирор еридан чуқур қазиган. Қизи билан чуқур ёнига келиб, отасининг мақсадидан бехабар бўлган қизга: «Мана бу қудуққа қара», дейди. Қазилган чуқур тириклайин кўмиладиган қабри эканидан бехабар қиз чуқурга қараганида эркак ҳеч қандай оталик меҳрисиз қизини чуқурга итариб юбориб сўнгра устидан тупроқ тортган.

Жоҳилия даврида қавмлар ичида қизларни тириклайин кўмиш одатига қарши чиқувчилар ҳам бўлган. Баъзи манбаларда айтилишича, шоир Фараздақнинг буваси бирор кимса шундай зулмкор мақсадни амалга оширмоқчилигини билиб қолса, тириклайин кўмишдан қайтариш учун унга пора тарзида бир туя юборган. «Айтишларича, улар (оталар) қизларини уятдан қўрқиб қатл этардилар. Маккада «Абу Далама» деган тоғ бор. Қурайшликлар шу ерга қизларини кўмишган. Фараздақнинг буваси Саъсаъа қизларни ўлимдан қутқариш учун, уларнинг ҳар бирини 2 тадан урғочи туя ва 1 та нор туяга айирбошларди».

Ривоят қилишларича, саҳобалардан баъзилари жоҳилия даврида шундай одатларни қилган экан. Ислом келгач ўша одам Пайғамбар (с.а.в) ҳузурида исломни қабул қилиб, унинг саҳобаларидан бирига айланган. Тириклайин кўмишнинг разиллик экани ҳақидаги оят тушгач, жоҳилия давридаги ишларидан пушаймон бўлиб, уни одамларга йиғлаб гапириб берган экан.

Ҳикоя қилишларича, Умар ибн ал­Хаттоб (р.а.) қуйидагиларни эътироф этган: «Мусулмонликдан аввалги икки нарсани эслайманки, бирини эслаб йиғлайман, бирини эслаб куламан. Ушбу нарсага йиғлайман. Бир кун қизимни, жажжи қизчамни, жигарпора қизчамни шу ўз қўлларим билан қабр қазиб кўмдим. Мен қизим учун ўз қўлларим билан чуқур қазир эканман, у менинг соқолимга сачраган тупроқларни жажжи қўллари ила силаб оларди. Қачон буни эсласам доимо йиғлайман. Инсониятнинг қандай қоронғу даврларида яшаганини тушуниб, тинмай кўз ёш тўкишдан ўзимни тияман».

Ибн Аббос (р.а.) ушбу оят ҳақида: «Исломдан илгари оилада эркак киши ўлса, унинг қариндошлари ундан қолган мерос қаторида хотинига ҳам эгалик қилишар эди. Хоҳлашса, уни ўзларидан бирига никоҳлаб қўйишар, хоҳлашса, бировга эрга бериб юборишар ёки эрга бермай олиб қолишар эди. Эрнинг қариндошлари марҳумнинг хотинига унинг ота­онасидан ҳам кўпроқ ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло: «...Эй имон келтирганлар! Сизларга хотинларни зўрлик ила мерос қилиб олмоқларингиз сизларга ҳалол эмас ва берган нарсаларингиздан баъзисини олмоқ учун уларни мажбуран олиб қолмангизлар!» (Нисо, 19), деган мазкур оятни нозил қилиб, аёлларни зулмдан халос этди».

Агар аёлларнинг жамиятдаги ўрни масаласини тарихий изчиллик асосида ўргансак, кўриш мумкинки, ислом дини зулматдан кейин чиқиб келган нурдек, аёлларнинг ҳимоячиси ва халоскорига айланган. Чунки Маккада Пайғамбар (с.а.в.) арабларнинг жоҳилона одатларини қоралар экан, шундай оятлар ҳам нозил бўлган: «...Тириклайин кўмилган (ҳар бир) қиздан сўралганида, не гуноҳи учун ўлдирилган, деб» (Таквир, 8-9), «Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетар. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб,) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, уларнинг бу ҳукмлари яроқсиздир» (Наҳл, 58-59).

Ислом таълимотида «қиз туғилиши барака бўлади, оилага хурсандчилик олиб келади», деган ғоя илгари сурилади. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, «кимнинг 3 та қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбия қилиб катта қилса, жаннатга кириши албатта муқаррардир».

Пайғамбар (с.а.в.)нинг жуфти ҳалоли бўлмиш Оиша (р.а.) Урва ибн аз­Зубайр (р.а.)га бундай деб айтган экан: «Бир аёл икки қизини етаклаган ҳолда ҳузуримга тиламчилик қилиб келди. У ёқ­бу ёқни қараб бир дона хурмодан бўлак ҳеч нарса тополмадим. Ўша хурмони унга берган эдим, ўзи емай икки қизига бўлиб берди. Сўнг, ўрнидан туриб  чиқиб  кетди. Шу  аснода  Пайғамбар (с.а.в.) кириб келган эди,

бўлган воқеани айтиб бердим. Пайғамбар (с.а.в.): «Кимки қизларига ана шундай мурувват қўлини чўзса, улар уни дўзах оташидан парда бўлиб тўсиб тургайлар», ­ деди».

Бундан ташқари, ислом таълимотида аёл она тимсолида ниҳоятда улуғланди. Қуръони карим оятлари онанинг буюклигини эътироф этиб: «Биз инсонга ота­онасини (рози қилишни) амр этдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни кўкракдан ажратиш (муддати) икки йил(да битар). (Биз инсонга буюрдикки,) Сен менга ва ота­онангга шукр қилгин!...» (Луқмон, 14), деган илоҳий амрни қайд қилади. Демак, она ҳомиладорлик вақтидан то фарзанд дунёга келгунга қадар бир қанча машаққатларни бошидан кечиради. Шунинг учун ҳам фарзандда отадан кўра онанинг ҳаққи кўпроқ бўлади. Шу мақсадда Пайғамбар (с.а.в.) ўз ҳадисида жаннатни оналар оёғи остига тўшаб қўяди.

Кўриб ўтганимиздек, исломдан олдинги даврларда аёлларнинг нафақат ҳуқуқлари поймол этилган, балки улар инсоний жамиятда инсон сифатида ўз ўринларига эга эмасдилар. Аёл ўзи аслида башарият кўпайишининг сабабчиси, одамзод боласининг боқий бўлиши воситаси, илм, камолот, фазилат аҳли, қаҳрамонлар ва буюк кишиларнинг онасидир. У ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ғамхўрлик ва меҳрга ҳақлидир. Шунинг учун ислом ўз нурини соча бошлагач, аёлни жамиятнинг етук аъзоси ҳисоблаб, унинг ҳуқуқларини қарор топтирди ва аёлнинг мақомини кўтарди, аёлни сотиб олинадиган ёки сотиб юбориладиган шахсий мулк ҳисобланишидан халос этди ва унга инсоний ўзликни берди.

Пайғамбар (с.а.в.)нинг Арафот тоғида қилган хутбасида шундай дейилади: «Эй инсонлар! Аёллар ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр­шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Аёллар сизларга тангрининг омонатидир. Уларни Аллоҳ номи билан олдингиз. Улар амри илоҳий ила сизларга ҳалол бўлди. Сизларнинг хотинларингиз устида ҳақларингиз бўлгани каби, хотинларингизнинг ҳам сизларда ҳақлари бор».

Ислом таълимоти аёлни ҳаётнинг барча жабҳаларида: илм олишда, меҳнат қилишда, мерос олишда, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркак билан тенг ҳуқуқли қилди. Жоҳилия давридаги аёлларни таҳқирлаш, зулм қилиш, бойликнинг бир қисми сифатида мерос бўлиб қолиш ҳамда чексиз хотинга уйланиш каби иллатларни тақиқлади.

Ислом илм­маърифат соҳасида ҳам аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди. Пайғамбар (с.а.в.)нинг: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир»деган ҳадислари машҳурдир. Аёл киши нафақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишга ҳақли, балки таълим бериш, ўқитиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳуқуқига ҳам эга. Кўплаб муслима аёллар илм­фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари фикримизнинг далилидир. Бундан ташқари, муслима аёл жамият, сиёсат ва шариат соҳаларида ҳам ўз фикрига эга. Пайғамбар (с.а.в.) даврида ҳам аёллар диний, сиёсий, ижтимоий­иқтисодий соҳаларда у зотга мурожаат қилишган ва ўз фикрларини билдиришган. Исломда муслима аёлнинг тўғри фикрини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам эшитиб, у ҳақда оят туширганлиги маълум ва машҳурдир: «(Эй Муҳаммад) Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди» (Мужодала, 1).

Хулоса қилиб айтганда, Ислом жамиятда аёлларнинг мақомини кўтарди ва кўп нарсада озодлик берди, уларнинг инсоний фазилатларини таҳқирлашдан, инсоният ақлига тўғри келмайдиган зулмкор фожиалардан халос этди. Жамиятда аёл мақоми қўллаб­қувватланиб, унинг табиий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари таъминланди.

Ҳозирги замон мусулмон аёли нафақат ижтимоий ҳаётда, балки илм-маърифат, маънавият ва маданият соҳаларида ҳам камолотга эришиш орқали эрига мухлис, солиҳа, вафодор хотин, фарзандларга меҳрибон она, ҳамма ишни эплайдиган уддабурон бўлиши лозим. Шу билан бир қаторда динимиз таълимоти эрларга хотинлари билан ниҳоят даражада хушмуомала, маъруф йўллар асосида ҳаёт кечиришни буюради.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам аёлларнинг ўзларига яраша, жисмоний салоҳиятларига мос равишда меҳнат ва касб-ҳунарлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё. Аёллар эҳтироми учун алоҳида саналарни “Оила йили”, “Аёллар йили” каби номлар билан аталиб келиши, кўп болали аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиниши, ҳар йили 8-мартни халқаро хотин-қизлар куни сифатида дам олиш куни деб эълон қилингани ва ҳукуматимиз томонидан ўтказилаётган қатор тадбирларнинг барчасида аёлларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб келинаётгани ислом динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳангдир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Авлиёлар диёри, алплар юрти – Бухоро!

25.04.2025   4628   31 min.
Авлиёлар диёри, алплар юрти – Бухоро!


Энг қадим кентларнинг пири – Бухоро,

Шариф шаҳарларнинг дури – Бухоро.

Даҳолар маскани, «Тангри жамоли»,

Ислом оламининг нури – Бухоро!


Бухоро... 1997 йилда 2500 йиллик юбилейи нишонланган, вилоят сифатида 1938 йилда ташкил этилган дейилса-да, милоддан аввалги минг-минг йилликларга туташиб кетгандир унинг илдизлари.


Хитойча Бухэ, Бухала; арабча Бумижкат, Фахира; турк-мўғулча Бухор («ибодатхона»); сўғдийча «Буғ» («Тангри») ҳамда «оро» («жамол»), яъни «Тангри жамоли» каби нодир исмлар билан аталган бу қутлуғ шаҳри азимнинг номини шунчаки тилга олиб бўлмайди. Аввал покланиб, ­сўнгра тўрт томонида тоғдай қўр тўкиб турган етти пирга таъзим қилгандан кейингина лозим кўрилади унинг остонасига қадам қўймоқ.


Ер юзидаги юзлаб шаҳарларнинг бири эмас – ўрта асрлардаёқ Макка, Мадина, Қуддус, Бағдод, Дамашқ, Мозори Шариф каби «Шариф» унвонига сазовор бўлган жаҳондаги етти муқаддас қасрнинг Пири ҳисобланади у. «Малик ул-калом» номини олган Абу Абдуллоҳ Рудакий, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий, алломалар Наршахий, Ибн Сино, Дақиқий, Балъамий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Носир Бухорий, Ҳофиз Таниш Бухорий, Мушфиқий, Турди Фароғий, Аҳмад Дониш каби не-не мўътабар зотларнинг излари бор Бухоронинг тор кўчаларида. Тупроғининг ҳар зарраси кўзларга тўтиё, Минораи Калон, Масжиди Калон, Чор Минор, Мир Араб каби булутларга ёндош минораю мадрасаларининг ҳар ғишти беадоқ достон, ҳар бўёғи афсонавий чаманзор боғ.


Кўчалар муюлишидаги мўйсафид тутлар, ўйчан толу гужумлар барҳаёт бахшилар мисоли боболаримизнинг олис армонларидан, Спитамен наъраси, Маҳмуд Таробий ҳайқириғи, сарбадорлар қиличининг жаранглари, эрк-озодлик йўлида курашган шавкатли аждодларимизнинг бирда шодон, бирда вайрон, бирда тўзону тўфонли кунларидан дардчил ҳикоятлар сўйлайди. Шаҳар осмонида сокин қанот ёзган оқ лайлаклар, Лаби Ҳовуз бўйидаги сертабассум Насриддин Афанди эса бу дунё аломатлари қошида лолу ҳайрон, табассум қилиб тургандек бўлади гўё...


Неча юз йиллардан буён дунё табибларига дарслик бўлиб келаётган «Тиб қонунлари» муаллифи Абу Али ибн Сино ҳазратлари, Султон Боязид иккинчи даврида мини­а­тюра санъатини биринчи бўлиб Туркияга олиб кирган ўзбек санъаткори Бобо наққошдан то академик Иброҳим Мўминов ва шоир Садриддин Салимгача бўлган яна юзлаб алломаларга бешик бўлган бу табаррук диёр. Унинг ҳар гиё­­ҳи, ҳар дарахти, ҳар йўлаги, ҳар нафаси очилмаган сирлар, айтилмаган алёрлар, ёзилмаган достонлар салтанати – буларни таърифлаш учун эса, эҳ-ҳе, неча-неча Фирдавсийлар керак!


Искандар босқинлари, Чингиз қутқулари, арабу мўғулларнинг муҳорабалари! Бухорхудотлар, сомонийлар, шайбонийлар замонида давлат пойтахти бўлган; неча хону амирларнинг тожу тахт талашишларидан, Оқпошшо ҳийлалари, шўро макри ва каззоб Фрунзенинг бомбаларидан жону жаҳони вайрон Бухоро. Файзулла Хўжанинг кўз ёшлари, жадидлар чеккан қийноқлар, қирғинлардан жигар-бағри эзилган Бухоро...


Қизил жаллодлар 1920 йилнинг 28 август – 2 сентябрь кунлари шаҳарга қарши 7000 пиёда, 2500 отлиқ аскар, 40 та замбарак, 5 та бронепоезд ташлади. Тўплардан 12 минг снаряд отилди, 11 та аэроплан шаҳар устида уч кун бомба ёғдирди. Шаҳар, ҳатто, кимёвий снарядлардан ўққа тутилди. Қарши ва Самарқанд дарвозалари тагига 800 килограммдан порох кўмиб портлатилди. «Бухорони босиб олиш жараёнида 34 гузар, 3 мингдан ортиқ дўкон, 20 та сарой, 29 та масжид ёниб хароб бўлди, – деб ёзади ўша воқеалар шоҳиди бўлган тарихчи Муҳаммад Али Балжувоний. – Шаҳарда 3 мингга яқин ҳовли ёниб батамом кул бўлди. Бухоро шаҳри қарийб 20 кун ёнди... Бухоронинг шу даражада хароб бўлганини ҳеч бир тарих кўрмаган эди». Бухороликлар «кичик қиёмат» деб атаган босқин тугаши ҳамоно икки эшелон (вагон эмас, эшелон!) олтин Тошкент орқали Москвага жўнатилди. Бу таловнинг яна бир гувоҳи Турккомиссия вакили Г.Сафаровнинг хотирасида мана бундай сўзлар бор: «Бухорога келган қизил қўшинлар, энг аввало, талончилик билан шуғулландилар. Улар ҳаммани ва ҳамма нарсани таладилар. Умуман, қизиллар Бухорони талаш учун келган эдилар».


Талончилик қон-қонига сингиб кетган чоризм қароқчилари бир эмас, ўн эмас, етмиш йил таладилар Бухорони. Ер ости-ю ер усти жавоҳирлари эшелон-эшелонлаб ташиб кетилаётганини кўрганда алам билан тишлаган лабларидан тирқираб қонлар оқди Бухоронинг. Чидади. Не-не таловларни кўрган Бухоро бу сафар ҳам чидади, қаддини букмади.


Ниҳоят, мустақиллик қуёши порлаб, қора булутлар қувиб-ҳайдалганда осмон қадар кенгайиб кетди Шариф кентнинг алпона кўкраклари. Қорақуму Қизилқум чўлларида шамолдек учди эрка жайронлар, тўранғилу саксовуллар ой нурларига кўмилди, лайлаклар рақсга тушди баланд миноралар устида. Оҳуларнинг дупурига тўлди Денгизкўлу Шўркўлу Тўдакўлу Қорақир чакалакзорлари.

Аммо...

Диллар хира, кўзлар нам эди ҳали.
Келажакка ишонч кам эди ҳали...


Нафақат Бухоро, балки бутун Ўзбекистон «қиличнинг дамидай арқон устида, киприкдаги ёшдай» турган дорбоз каби эди ўша кунларда. Қизил империянинг етмиш йиллик қабоҳатлари, «ўзбеклар иши» дейилмиш қатағони ҳамма кўчаларни бузиб-ковлаб ташлаган, минг-минглаб бегуноҳ одамлар кишанбанд, болалар етим, аёллар хўрланган эди Гдлян, Иванов деган қашқирлар дастидан. Дарё-ю сойларни лойқадан, дашту далаларни аччиқ гармселдан тозалаш, бузилган иморатларни тиклаш, янгиларини қуриш, обод ва тўкин қилиш лозим эди эл дастурхонини. Бухоро учун ҳам жуда оғир кечди мустақилликнинг дастлабки йиллари. Мураккаб кунларда дунё тамаддунида Иккита Эврилиш яратган боболар руҳи мадад берди Бухорою шарифга. Издан чиққан иқтисод, йиртиқ-ямоқ уст-бош, ўйдим-чуқур кўчалар халқнинг бир муштга айланиб қилган меҳнатлари натижасида секин-аста тузатилди. Қайта тикланди, таъмирланди Бухоронинг бир нечта тарихий обидалари, шаҳарнинг 2500 йиллиги улкан байрамга, катта тўйига айланиб кетди. «Янги Ўзбекистон»ни қуриш, Учинчи Ренессанс пойдеворига биринчи ғиштларни қўйиш ғояси, ҳеч шубҳасиз, айрича куч бағишлади, тафаккур берди одамларга. Халқ қалқди, халқ қўзғалди, халқ янада жипслашди.

Уйғониш дамларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога қилган ташрифлари бухороликлар қалбини ишонч ва ғайрат ҳаволарига тўлдиргани ҳам чин ҳақиқат. Баҳор ёмғирларидан сўнг тўлиб-тошган дарёларга, қизғалдоғу бўтакўзларга кўмилиб бораётган далаларга қиёслаш мумкин эди ўша дамларни.


Шоир айтганидек, яратиш иштиёқи қоплайверди қадим воҳани. Ва...


Шу зайл чечаклар кула бошлади,
Кўнгиллар ғайратга тўла бошлади.
 

Бир қирғоғи қўшни Туркманистон Республикаси билан, бошқа қирғоқлари мамлакатимизнинг Навоий, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси билан чегарадош, қарийб 40 минг квадрат километр майдонда тирикчилик қилаётган 2 миллион 100 мингга яқин аҳоли енг шимариб ишга тушди.


Аристонтов, Олтинтов, Етимтов, Томдитов, Қултуқтоғ қучоғидаги силур, девон, тошкўмир, бўр, палеоген; Мурунтов, Айтимтовдаги рангли ва нодир металлар; вилоят шимолидаги графит, олтингугурт, гипс, кварц, оҳактош каби хазиналар; Отбосим, Кулбешқоқ, Қандим, Оққум, Дояхотин, Тошқудуқ, Газлидаги конлар белни маҳкам боғлади. Ютуқлар ютуқларга, янгиликлар янгиликларга уланди.


Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ёки таълим дейсизми, соғлиқни сақлаш, спорт, туризм ёки тадбиркорликми – қай соҳа бўлмасин бойчечакдек очилди. Тарих учун ниҳоятда қисқа, бор-йўғи саккиз йилда саксон йиллик манзил ишғол қилинди.


Мана, улардан айримларининг рақамлардаги қиёфалари:


– 2017 йилда 17,2 триллион сўм бўлган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2024 йилда 71,6 триллион сўмга, аҳоли жон бошига ЯҲМ 18,2 миллион сўмдан 34,7 миллион сўмга кўпайди.


Жумладан, 2024 йилда 2017 йилга нисбатан:


– саноат маҳсулотлари ҳажми 6,6 баробар,


– хизматлар ҳажми 6,3 баробар,


– қурилиш ишлари ҳажми 6,6 баробар,

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 3,2 баробарга ошди.


2017 йилда 59,8 мингта иш ўрни яратилган вилоятда 2024 йилга келиб, бу кўрсаткич 3,9 баробарга ўсиб, 231,5 мингтага етди ва 2017 йилда 5,5 фоиз бўлган ишсизлик даражаси охирги 8 йилда 5,1 фоиз қисқариб, 0,4 фоиз пасайди.


2024 йилда 37,3 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди.


Тадбиркорлар сони 37,6 минг нафарга етиб, 2017 йилга нисбатан 25 минг нафарга ошди. Уларнинг вилоят иқтисодиёти (ЯҲМ)даги улуши 73 фоизга етди.


Маҳаллий бюджет даромади 2017 йилдаги 1,3 триллион сўмдан 2024 йил якуни билан 3,9 триллион сўмга айланди.


Маҳаллий бюджет ихтиёрида қолган 215,3 миллиард сўм маблағлар вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадларига сарфланди.


Хўш, бу ютуқларнинг сири нимада? Ер ўша, сув ўша, об-ҳаво ўша, одамлар ўша – ҳаммаси аслида бор эди-ку?


Ижтимоий тармоқда яқинда эълон қилинган қуйидаги пост оғриқли саволга жавоб бергандек бўлади, назаримда: дунёда Эфиопия, Судан деган давлатлар борлигини ҳамма билади. Уларнинг биринчисида 54 миллион, иккинчисида 42 миллион сигир боқилади. Аммо бу мамлакатларнинг икковиям қолоқ ва қашшоқ. 11 миллион сигир парваришлайдиган Нидерландия эса, жаҳонни сутли маҳсулотлар билан таъминламоқда. Демак, муаммо сигирларда ёки бойликда эмас, балки иқтисодиётни оқилона бошқаришда экан...


Энди кечаги ҳаволарга замбарак ўқлари ёғдиришдан тийилиб, босиб ўтилган қадамларни озгина таҳлил қилсак, не боисдан эгнимиз юпун, дастурхонимиз ғариб бўлгани равшанлашади. Демак, мамлакатда бошқарув сиёсатини тўғри йўлга туширмоқ лозим.


Миллат ва давлат учун беҳад таҳликали кунларда сиё­сат оламида Шавкат Мирзиёевнинг пайдо бўлиши адолатли, шаффоф сиёсатнинг ўрни қанчалар муҳим эканини тезда аён кўрсатди. Шавкат Мирзиёев билан нафақат Ўзбекистонда, балки қадим Турону Туркистонда тарихий туб бурилишлар даври бошланди. Буни ўша кунларда унча тушунмаганлар ҳам бугун яққол тушуниб турибдилар. Халқаро анжуманларда, мажлису машваратларда, суҳбату давраларда дунё сиёсатчилари томонидан билдирилаётган эътирофларда эса катта ҳикмат мужассам.


Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг сиёсий ва иқтисодий бошқарув тизими тубдан ўзгара бошлади. Жамият ҳаракатга келди. Димланиб ётган эшиклар очилди. Чим босган ариқлар, ажриқ қоплаган далалар тозаланди. Шижоатга ундайдиган, қўлига кетмон, бел бериб, ўзиям енг шимариб ишга киришадиган одам тинмасдан мамлакат кезди. Фуқаролар ҳолидан хабар олди, гурунглашди, дардини, ҳасратини эшитди, орзу-умид­ларини рўёбга чиқариш йўлларини қидирди.


Кўп ўтмай кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажиб янгиликлар содир бўла бошладики, одамлар асрлар давомида ҳуши тугул, етти ухлаб тушида ҳам кўрган эмасди бунақасини.


Давлат раҳбарининг туйғулари, қайғулари, уйқу бермаган безовталиклари, бутун Бухорою азимнинг ташвишига, безов­талигига айланди. Кейинги йиллари мазкур воҳага қилинган саккиз ташриф эса қайнар булоқ мисоли туну кун уйғоқ, тийрак бўлишга чорлади ҳамма-ҳаммани. Юртбошимиз қалбида ҳамиша ловуллаб тургувчи ёрқин аланга катта-ю кичикнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. Ифтихор дейилмиш мардона туйғулар қайтди Бухоро томонларга ҳам.


Сўнгги беш йилда Президентнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саккизта фармон ва қарори қабул қилинди. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ва мамлакатимизда ибратли урфга айланган илҳомбахш ташаббуслар минг-минглаб кўнгилларга хуррамлик бағишлади, хонадонларга ободлик, дастурхонларга файзу барака киритди, камбағаллар, ишсизлар камайди. Сайхунобод, Зарбдор, Ғиждувон, Уйчи тажрибалари асосида 150 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланди. 12,9 минг нафар фуқарога имтиёзли кредит, 2,5 минг кишига субсидия ажратилди. 4,2 минг киши касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди, улар ҳам ишли бўлдилар.


Оғриқли муаммонинг яна бири, хорижда ишлаётганлар тақдири эди. Муаммони ҳал қилиш учун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида маҳалла еттилиги иштирокида хатлов ўтказилди. Уйма-уй юриб ўтказилган мазкур тадбир натижасида хорижда ишлаётган ва 500 доллардан кам даромад топаётган 13,5 минг мигрантнинг рўйхати шаклланди. Улар билан онлайн ZOOM электрон платформаси орқали мулоқот ўтказилиб, юртимизда яратилаётган шароитлар тушунтириб берилди. Натижада бир йилнинг ўзида 32,5 минг киши Бухорога қайтиб келди. Келганлар иш билан таъминланди. Хорижда меҳнат қилиш истагида бўлганлар эндиликда махсус дастурий тизим асосида тайёрланмоқда – тил, касб-ҳунар ўргатиляпти уларга. Қисқа вақтда четда ишлаш ниятидаги 3 647 фуқаронинг 380 нафари саноат, 2 242 нафари хизмат кўрсатиш, 392 нафари қишлоқ хўжалиги, 633 нафари қурилиш каби 20 дан ортиқ касбга ўқитилди. 1 524 нафарига инглиз, немис, корейс, япон ҳамда рус тиллари ўргатилди. Мақсад битта – бухоролик мигрант бундан буён ҳаловатда меҳнат қилсин.


Дарёга айланди ирмоқлар, сойлар,
Қаддини ростлади муқаддас жойлар.
Аҳли дун дарё-ю тоғлар ошдилар,
Шошдилар, Бухоро томон шошдилар.


Шошдилар... Жаҳон аҳли азал-азалдан жаҳон халқларининг ҳавасини келтирган, ўн эмас, юзлаб ноёб архитектура ёдгорликлари, тарихий манзиллари, 1000 йилдан буён гўзал қиёфасини сақлаб келаётган Исмоил Сомоний мақбараси; асрлар давомида Бухоро ҳукмдорларининг расмий яшаш жойи бўлган «шаҳар ичидаги шаҳар» дейилгувчи Арк қалъаси, Пойи Калон меъморий мажмуи, унинг ёнидаги Масжиди Калон ва рўбарўсидаги Мир Араб мадрасаси, Лаби Ҳовуз ва унинг атрофидаги Кўкалдош, Нодир Девонбеги мадраса ва хонақолари; шаҳар ташқарисидаги Бухоро амирининг ёзги саройи бўлган, Ой ва юлдузлар ўртасидаги жой дея шоирона номланган «Ситораи Мохи хоса» саройи каби кўрку чиройда тенгсиз қадимий кошоналар ўлкаси Бухорони кўрмоққа, зиёрат қилмоққа шошдилар.


Аммо Хитойдан Римгача олиб борувчи Буюк Ипак йўлининг энг муҳим чорраҳаларидан бирида жойлашган; 287 та археологик ёдгорлиги, 507 та архитектура объекти, 18 та диққатга сазовор жойи, 17 та монументал санъат ёдгорлигига эга бўлган вилоятга туристларнинг келиши яқингача жуда сийрак эди.


Қаловини топсанг, қор ёнади. Мамлакат раҳбари туризмни юксалтириш «қаловини» ҳам топиб берди. Дастлаб миллий қадриятларни тиклаш, ривожлантириш, маданий меросни, айниқса, тарихий-меъморий обидаларни келгуси наслларга етказишга эътибор берилди. Масжиди Калон, Чорбакр, Арк қалъасидек қатор асори атиқалар таъмирланди. Тасаввуф намояндалари, Нақшбандия тариқати асосчилари бўлган Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳлари обод қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан вилоятдаги 829 та моддий маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинди.


Юртимизга туристларнинг келиб-кетиши билан боғлиқ тўсиқларнинг олиб ташланиши, дунёдаги 93 та давлат фуқароларига визасиз кириш ҳуқуқи, 56 та мамлакатга электрон виза олиш, 47 давлатга беш кунлик транзит визасиз кириш, 76 давлатга енгиллаштирилган тартибда турис­тик виза олиш имкониятларининг яратилиши ва конвертация масаласининг узил-кесил ҳал қилиниши туристларга катта йўлларни очиб юборди, Бухоро дарвозаларини ҳам.


Фақат 2024 йилнинг ўзида 1,7 миллион хорижлик Бухоро зиёратида бўлди. Бу рақам 2016 йилда 169,6 мингга етар-етмас эди, холос. Сўнгги етти йилда туристлар сони 10,2 баравар кўпайиб, валюта тушуми 11,7 баравар ошди ва 436,3 миллион долларга етди.


2025 йил якунига қадар туристлар оқимини 2,2 миллион нафарга етказиш, пул тушумини 600 миллион АҚШ долларидан ошириш кутилмоқда.


Бухоро заминида дунёга келиб Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Ал Бухорий, Абу Али ибн Сино, Абу Ҳавс Кабир, Сайфиддин Бохарзий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ олиму уламолар қолдирган умумбашарий меросни зиёрат қилувчилар сафи, айниқса, ортди.


Лекин булар ҳали ҳаммаси эмас. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, зиёрат йўналиши бўйича Бухорода ҳар йили 90 миллионгача сайёҳни жалб қилиш имкони мавжуд. 276 миллион аҳолиси бўлган Индонезиянинг ўзидан 20 миллион турист келиши мумкин. Шунингдек, Малайзиядан 7, Сингапурдан 1,2, Туркиядан 10, Эрондан 5, Бангладешдан 8, Ҳиндистондан 20, Россиядан 4, МДҲ давлатларидан 5 миллиондан кўпроқ мусулмон зиёратчиларни жалб қилса бўлади.


Мақсадга эришиш йўлида зарур туризм инфратузилмаси, замонавий транспорт логистикаси, қулай шарт-шароитлар яратиш ишларини амалга ошириш юмушлари аллақачон бошлаб юборилган. Етти пир ва бошқа зиёрат объектларида йирик ҳажмдаги реконструкция ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди, замонавий меҳмонхоналар ишга туширилди.


Салоҳиятли тадбиркор ва инвесторларнинг туризм тармоғига қизиқиши кучайди. Улар томонидан сўнгги 3 йилда 60 та меҳмонхона, 51 та хостел, 123 та оилавий меҳмон уйи ва 9 хонали мотель фаолияти йўлга қўйилди.


Шунингдек, халқаро стандартларга мос яна 2 та 4 юлдузли, 4 та 3 юлдузли меҳмонхона ишга тушди. «Wyndham», «Mercure», «Sahid» каби халқаро брендлар кириб келди. «Hyatt regency», «Hilton», «Ramada» халқаро брендлари бугун-эрта иш бошлаш арафасида.


Янги меҳмонхоналарда 2000 дан зиёд ёшлар 500 дан 1200 долларгача маош олган ҳолда меҳнат қилаётгани кўнгилларга айрича шукуҳ бағишлайди.


Булардан ташқари, Ромитан туманида «Bukhara Oasis», Тўдакўл бўйидаги «Silk Road» сув ҳавзалари туристларни қабул қилмоқда.


«Арк қўрғони»нинг 100 йил аввал вайрон қилинган 3 гектарлик қисми археологик парк сифатида қайта тикланиб туристларнинг ташриф объектига айлантирилди.


Натижада 2024 йилнинг ўзида соҳа бўйича 18,1 мингта янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда 73,3 мингдан кўпроқ аҳоли шу соҳада меҳнат қилмоқда, бу рақам 2017 йилда 3 минг атрофида эди...


2024 йилда ички туризмда 4 миллион сайёҳатчи қайд этилди.


Соҳага эътибор кучайиши янги-янги маданий тадбирлар ўтказиш имконини яратди.


Яна мисолларга мурожаат қиламиз.


2019 йилнинг февраль ойида Бухоро шаҳрида I халқаро «Зиёрат туризми» форуми ўтказилди. Унда дунёнинг 34 давлатидан ислом оламидаги нуфузли халқаро ташкилотлар, сайёҳлик уюшмалари ва дин уламоларидан иборат 130 дан ортиқ меҳмон ташриф буюрди.


2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтган «Ички туризм ярмаркаси» ва «Bukhara Destination Forumi»да, Миср, Эрон, Иордания, Ливан, Жазоир каби давлатлардан меҳмонлар келди. Ўша йилнинг май ойида бўлган яна бир тадбир – «II Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали»да қатнашган 100 мингга яқин иштирокчининг 18 мингдан кўпроғи хорижлик туристлар эди.


2024 йилнинг ноябрида бўлган «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасида Вобкент туманидаги Ширин қишлоғига «туризм қишлоғи», Ғиждувон туманидаги «Қўрғон» маҳалласига «туризм маҳалласи» мақоми берилди.


Бухородаги халқаро тадбирларни бутунжаҳон эътироф этди. Ва:


– Пойи Калон мажмуаси «ШҲТнинг саккизинчи мўъжизаси» дея эътироф этилди;


– Бухорога «Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақоми берилди;


– «Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик» йўналиши бўйича «Бухоро декларацияси» қабул қилинди;


– Бухоро шаҳри «Туркий дунёнинг ёшлар пойтахти» деб эълон қилинди ҳамда Қоҳира (Миср) ва Бамако (Мали) шаҳарлари қатори бу шаҳри азим ҳам Ислом маданияти пойтахти сифатида муҳрланди.


Бугун шону шавкати сиғмас тавсиф-таърифга,
Олам боқар ҳавас-ла Бухорою шарифга.


Бухородаги юксалишлар ҳақидаги ҳикоямизни давом эттиришдан аввал халқаро тажрибалардан бирини эсга оламиз.


1900 йил бутун Америкада атиги 10 мингта автомобиль рўйхатга олинган. Асфальт йўллар, ёнилғи қуйиш шохобчалари деярли бўлмаган. Машина сотиб олишга америкаликларнинг қурби ҳам етмаган. Ҳенри Форд деган инсоннинг пайдо бўлиши ҳаммасини ўзгартириб юборди. У тадбиркорлиги, ақли-идроки ва инвестициядан самарали фойдаланиш орқали йирик автомобиль ишлаб чиқариш компаниясини тузди.


Компания 1909 йилдан 1927 йилгача 15 миллиондан зиёд машина ишлаб чиқарди. Автомобилларнинг кўпайиши йўл қурилишига, янги иш ўринлари яратилишига, бу эса жиноятлар камайишига олиб келди. Пўлат, шиша, ёғоч, резина, бўёқ, пахта, темир йўл рельслари, кемалардан фойланишни оширди; ўқув муассасалари, ресторанлар, меҳмонхоналар қуриш, туризм, газ қуйиш шохобчалари, нефтни қайта ишлаш, давлат патрули, автомобилларни тартибга солиш, автокредитлар шароитини яхшилади; яратилган янги иш ўринлари эса дизайнерлик, текширувдан ўтказиш, тарқатиш, сотув, реклама, таъмирлаш, молия, кадрлар билан ишлаш, бошқарув, эҳ-ҳе, санайверсанг, адоғи кўринмайди.


Битта автомобилнинг мамлакат ривожига таъсирини қаранг!


Тўғри, ҳамма инновациялар ҳам Фордники каби катта таъсир кучига эга бўлавермайди. Бироқ кичик инновация­лар ҳам мамлакатдаги иқтисодий ва маданий ўзгариш учқунларини алангалатиб юбориши мумкин.


Бу ҳикматда қанчалар ҳақиқат борлигини Бухоро мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Қаранг, 2017-2024 йиллари Бухорода 203,1 триллион сўмдан ортиқ бўлган 9 минг 472 та хорижий ва маҳаллий инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. 5,1 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, 2018 йилга нисбатан 30,6 баробарга ўсишга эришилди. Экспортчи корхоналар сони 148 тадан 288 тага, экспорт географияси 13 тага кўпайиб, 49 та давлат қамраб олинди. 139,7 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.


Инвестициянинг кўпайиб, экспорт ҳажмининг ошиши барча соҳалар камолотининг омили бўлди. Сўнгги тўрт-беш йил ичида 13 минг 116 та хонадондан иборат 411 та кўпқаватли уй-жойлар барпо этилди. 3 минг километр автомобиль йўллари, 1148,4 километр ички йўллар таъмирланиб, 70 дан зиёд кўприкда қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди. 2 минг километр электр тармоқлари, 695 та трансформатор пунктлари ҳамда 9 минг 235 та яроқсиз таянч устунлари янгисига алмаштирилди.


Қоровулбозор туманида қиймати 400 миллион долларга тенг, қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилди. Ғиждувон ва Пешку туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциялари қурилиши давом этмоқда. 181 та газ тақсимлаш қурилмаси, 158,5 километр газ қувурлари таъмирланиб, аҳоли хонадонларининг газ таъминоти яхшиланди. 3,1 минг километр ичимлик сув тармоқлари, 21 та сув иншоотлари янгидан қурилди ҳамда реконструкция қилинди. Натижада аҳолини ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 54,8 фоиздан 73,2 фоизга етказилди.


Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 24,4 триллион сўмдан, 41,9 триллионга етказилиб, 1,7 баравар ўсди. 2020 йилдан буён 61,4 минг гектар оборотдан чиққан ерлар ўзлаштирилиши натижасида 10 мингдан ошиқ аҳолининг бандлиги таъминланди. Пахта, дон, пилла етиштириш кўпайди. Масалан, 2020 йил 546 минг тонна ғалла етиштирилган ва ўртача ҳосилдорлик 57,8 центнерни ташкил этган эди. Бу кўрсаткич ўтган йили 618 минг тоннага айланди, ҳосилдорлик 82,2 центнерга етиб, 1,4 баробарга ошди.


Даромаднинг кўпайиши ижтимоий соҳаларнинг яхшиланишига катта ижобий таъсир қилди. Сўнгги 5 йилда 894 та янги мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 1 258 тадан 2 143 тага етказилди ҳамда мактабгача таълимнинг қамров даражаси 2020 йилдаги 62,5 фоиздан 86 фоизга ўсди. 30 та хусусий мактаблар тармоғи яратилди.


Мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш даражасини 22,3 фоиздан 59 фоизга етказишга эришган Бухоро мунтазам равишда республикада энг юқори ўринни эгаллаб келмоқда.


Спортчилар эса ўтган беш йилда халқаро майдонларда 547 та олтин, 601 та кумуш ва 1 045 та бронза медални қўлга киритди.


Ҳа, Бухоро йўқотилган қадимий шон-шавкатини тиклаб боряпти. Аммо камчиликлар, тузатиш, тўғрилашга муҳтож ўринлар ҳам оз эмас.


Вилоятдаги мактабларнинг 31 таси, мактабгача таълим муассасаларининг 23 таси таъмирталаб. 261 та маҳаллада тоза ичимлик сув муаммоси ҳал қилинмаган. Мавжуд 8 минг 392 километр сув тармоғининг 1139 километри эса таъмирга муҳтож. 1191 километрдан ортиқ ички йўлларнинг аҳволи ҳам ачинарли. Ислоҳотлар кўзгуси бўлмиш матбуотга муносабат эса ундан баттар. Вилоятнинг отахон газетаси ҳисобланган «Бухоронома» бор-йўғи 1000 нусха атрофида чоп этиляпти. «Когон ҳаёти»нинг адади 200 та... Маҳаллий амалдорлар ичида «Бизга газета-журналларнинг кераги йўқ» дейдиганлари кўпайиб бормоқда. Коррупция, порахўрлик каби иллатлар урчишининг сабаби шунда эмасмикан? Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори маълумотига кўра, ўтган йили коррупциявий қилмиш­лари учун мамлакат бўйича 4906 мансабдор жавобгарликка тортилган ва улардан 2,3 триллион сўм зарар ундириб олинган. Хўш, жавобгарликка тортилганлар ичида бухоролик мансабдорлар йўқ дейсизми? Қариндош-уруғчиликка ружу қўйган, амал отига мингач, босар-тусарини билмай, эл ризқини туя қилувчи «раҳбарча»лар, афсуски, юрибди ҳозир ҳам ўзларича «ялло» қилиб. Бироқ бузоқнинг югургани сомонхонагача. Жиноятга жазо муқаррар!


Муҳими, ура-урачилик, ҳавойи мақтовлардан қочиб инсон қалбини очадиган, самимий, кишининг ғам-ташвишини яширмай баралла айтадиган авлод пайдо бўлди. Мана бу юмушни бажар десанг, оғриниб қимирлайдиганлар ўрнини миллий анъаналарни, Ватан манфаатларини, умуминсоний қадриятларни, миллий туйғуларни устун қўйишга кучи етадиган кўзи очиқ, тоза-покиза авлод вояга етмоқда. Ватан тақдири билан боғлиқ юмушларга мардонавор елка тутиб бераётган янги авлод бухороликлар кучига куч, ғурурига ғурур қўшмоқда, эртанги порлоқ истиқболга қатъий ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда. Бухоро довруғини жаҳонга таратади Худо хоҳласа бу авлод.


Бухоронинг довруғи достон бўлгайдир ҳали,
Кўкси тоғу, камоли осмон бўлгайдир ҳали.
Илло, унинг қадами ўқилмаган китобдир,
Жасорати, шиддати – имкони беҳисобдир.
Ҳали жумла-жаҳонга бергайдир кўрку оро –
Авлиёлар диёри, алплар юрти Бухоро.


Ҳа, авлиёлар, валийлар, шайхлар ўлкаси; кишилик тарихининг ҳамма босқичлари – палеолит, яъни қадимги тош асридан бошлаб сўнгги феодализмгача бўлган даврларга оид бебаҳо археологик ёдгорликлар қўрғони; ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиб, «тирик музей» шарафига эришган макон; ноёб заргарлик буюмлари, қоракўл маҳсулотлари ва қадимий «Шашмақом» замини бўлган Бухорода ҳали очилмаган қўриқлар, кашфиётчиларини кутиб ётган хазиналарнинг сон-саноғи йўқ. Бухоро халқининг азму шижоати, мақсади жуда баланд.


Баланд мақсадларнинг энг биринчиси 2025 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 82,4 триллион сўмга, аҳоли жон бошига эса 40 миллион сўмга етказишдир. Инфляция даражасини 10 фоиздан 8 фоизга тушириш ва Бухорони ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш ҳам режаларнинг энг муҳим бўғинларидан биридир. Йил адоғигача 214 минг 611 нафар аҳоли доимий ва мавсумий иш билан таъминланади, 9,5 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 263,42 гектар майдонда саноат зоналари ташкил қилинади. 519 та хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 34,5 триллион сўмлик ишлар бажарилиб, 14,9 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 48 та объект қурилади, 6 минг 500 хонадонли 140 та кўп қаватли уй барпо этилади. Жамоат транспорти хизматларини яхшилаш учун 100 та янги автобус олиб келинади.


Булардан ташқари, «Яшил макон» умуммиллий ­лойиҳасига мувофиқ, 15,5 миллион туп дарахт кўчатлари ўтқазилиб, 28 та «яшил боғ» яратилади. Сайёҳлар сонини икки-икки ярим бараварга кўпайтириб, шунга яраша даромад олиш каби ишлар ҳам жорий йил режасига киритилган.


Бадиийроқ ифодалаганда, Бухорода бир-биридан кўркам боғлар кўкка бўй чўзаётир.


Фидойи, ватанпарвар инсонларнинг кучи, ғайрати, қалб қўридан меҳр олаётган бу боғлар, албатта, мўл ва ширин-шакар мевалар беради, Бухоронинг довруғи достон бўлади ҳали...

                 Абдусаид КЎЧИМОВ,

журналист (22.04.25 й.)