Зиёвуддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Аҳмад Мақдисий Саъдий Солиҳий ҳижрий 579 йили туғилган. У киши Дамашқ, Бағдод, Исфаҳон, Найсабурий, Ҳаравайн каби шаҳарларга илм талабида ташриф буюрган ва ҳадислар эшитган. Шу билан бирга беш юзтадан кўпроқ олимдан ҳадис ёзиб олган. Бир қанча китоблар тасниф этган, ҳадисларни саҳиҳга, ровийларни адолатли ва адолатсизга ажратган. У кишининг шогирдлари Умар ибн Ҳожиб айтади: “Устозимиз Абу Абдуллоҳ вақтларини уламолар билан ўтказар, шунингдек, ибодатга жуда тиришқоқ эдилар”.
У зот кўп илмларни тасниф этган. Ҳадис илмига қизиққани сабабли кўпроқ ҳадис илмида китоблар ёзган. У кишининг машҳур китобларидан бири “Аҳадийсу мухтора”дир. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, Зиёвуддин Мақдисий олдин текширилмаган ҳадисларни биринчилардан бўлиб текшириб, саҳиҳ ёки заифлигини аниқлаган. У кишининг саҳиҳ ҳадисларини ҳамма тасдиқлаган. Заркаший айтадиларки: “Зиёвуддиннинг ҳадислари Ибн Ҳиббон ҳамда Имом Термизийларнинг ҳадисларига яқиндир”. Бу китобда асосан, шаръий амалларнинг фазилатлари тўғрисида баҳс юритилади. Асар ўн бобдан иборат бўлиб, биринчи бобда таҳорат ва намоз амалларининг фазилати тўғрисида бахс юритилади. Иккинчи бобда Рамозон рўзасининг фазилати ҳақида, учинчи боб закот амалининг фазилати ҳақида, тўртинчи боб Ислом динининг бешинчи фарзи бўлмиш ҳаж амалининг фазилати тўғрисида, бешинчи бобда Исломдаги никоҳ амалининг фазилати ҳақида, олтинчи бобда Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш амалининг фазилати ҳақида, еттинчи боб Қуръони карим фазилати ҳақида кейинги бобда жаноза намозининг фазилати тўғрисида, кейинги бобда илм фазилати ҳақида бахс юритилади. Шу билан бирга бошқа амалларнинг ҳам фазилатлари тўғрисида бахс юритилади.
Бу китоб қайта – қайта чоп этилиб, ундан кўп халқлар фойдаланди. Муаллиф тарғиб-тарҳиб (рағбатлантириш ва қўрқитиш), ахлоқ ва амаллар фазилатида бошқа муаллифлар йўлини тутиб, баъзи лозим жойларни кенгайтирди. Нафсларга таъсир ўтказувчи, қалбларни юмшатувчи солиҳ кишиларнинг ҳикояларига қаттиқ аҳамият берди ва унга янгича илмий фойдалар киритиб, охирги аср машойихлари ҳамда ҳозирги авлод солиҳларининг ҳикоялари қўшилди. Умрини илмга бахшида этган олим ҳижрий 643-йилида вафот этган.
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан тизимда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом ноибларининг касбий маҳоратини ошириш ҳамда Қуръони карим қироатини янада мукаммаллаштиришга қаратилган тизимли ўқув машғулотлари давом этмоқда.
Мазкур лойиҳа имомларнинг нафақат илмий салоҳиятини юксалтириш, балки тажвид қоидаларини амалиётда гўзал ва бехато қўллаш кўникмаларини пухталашга хизмат қилмоқда.
Режа асосида ташкил этилаётган навбатдаги дарслар шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида юқори савияда ўтказилмоқда. Қуръон ва тажвидни ўргатиш ҳамда Масжидлар билан ишлаш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу машғулотларни малакали мутахассислар – Абдуллоҳ қори Ҳайдаров, Абдусамад қори Мамасолиев ва Абдулбосит қори Эшқобилов олиб бормоқда.
Ушбу ўқув жараёнидан кўзланган асосий мақсад — масжидлардаги қироатлар сифатини юқори босқичга кўтариш ва соҳа ходимларининг тажвид илми бўйича назарий ҳамда амалий билимларини янада мустаҳкамлашдир.
Бу каби амалий сабоқлар диний соҳа ходимларининг маънавий ва илмий ривожида муҳим поғона бўлиб, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчиллик билан давом эттирилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати