Зиёвуддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Аҳмад Мақдисий Саъдий Солиҳий ҳижрий 579 йили туғилган. У киши Дамашқ, Бағдод, Исфаҳон, Найсабурий, Ҳаравайн каби шаҳарларга илм талабида ташриф буюрган ва ҳадислар эшитган. Шу билан бирга беш юзтадан кўпроқ олимдан ҳадис ёзиб олган. Бир қанча китоблар тасниф этган, ҳадисларни саҳиҳга, ровийларни адолатли ва адолатсизга ажратган. У кишининг шогирдлари Умар ибн Ҳожиб айтади: “Устозимиз Абу Абдуллоҳ вақтларини уламолар билан ўтказар, шунингдек, ибодатга жуда тиришқоқ эдилар”.
У зот кўп илмларни тасниф этган. Ҳадис илмига қизиққани сабабли кўпроқ ҳадис илмида китоблар ёзган. У кишининг машҳур китобларидан бири “Аҳадийсу мухтора”дир. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, Зиёвуддин Мақдисий олдин текширилмаган ҳадисларни биринчилардан бўлиб текшириб, саҳиҳ ёки заифлигини аниқлаган. У кишининг саҳиҳ ҳадисларини ҳамма тасдиқлаган. Заркаший айтадиларки: “Зиёвуддиннинг ҳадислари Ибн Ҳиббон ҳамда Имом Термизийларнинг ҳадисларига яқиндир”. Бу китобда асосан, шаръий амалларнинг фазилатлари тўғрисида баҳс юритилади. Асар ўн бобдан иборат бўлиб, биринчи бобда таҳорат ва намоз амалларининг фазилати тўғрисида бахс юритилади. Иккинчи бобда Рамозон рўзасининг фазилати ҳақида, учинчи боб закот амалининг фазилати ҳақида, тўртинчи боб Ислом динининг бешинчи фарзи бўлмиш ҳаж амалининг фазилати тўғрисида, бешинчи бобда Исломдаги никоҳ амалининг фазилати ҳақида, олтинчи бобда Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш амалининг фазилати ҳақида, еттинчи боб Қуръони карим фазилати ҳақида кейинги бобда жаноза намозининг фазилати тўғрисида, кейинги бобда илм фазилати ҳақида бахс юритилади. Шу билан бирга бошқа амалларнинг ҳам фазилатлари тўғрисида бахс юритилади.
Бу китоб қайта – қайта чоп этилиб, ундан кўп халқлар фойдаланди. Муаллиф тарғиб-тарҳиб (рағбатлантириш ва қўрқитиш), ахлоқ ва амаллар фазилатида бошқа муаллифлар йўлини тутиб, баъзи лозим жойларни кенгайтирди. Нафсларга таъсир ўтказувчи, қалбларни юмшатувчи солиҳ кишиларнинг ҳикояларига қаттиқ аҳамият берди ва унга янгича илмий фойдалар киритиб, охирги аср машойихлари ҳамда ҳозирги авлод солиҳларининг ҳикоялари қўшилди. Умрини илмга бахшида этган олим ҳижрий 643-йилида вафот этган.
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Имом Термизий номидаги ислом институти ва таълим муассасалари фаолияти билан танишди
Шу йил 27 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Имом Термизий номидаги ислом институти, “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлдилар.
Танишув асносида Муфтий ҳазратлари янги барпо этилаётган институт ва мадраса биноларининг қурилиш жараёни, замонавий ўқув хоналари, маъруза заллари, кутубхона, ётоқхона ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган маскан лойиҳаси билан танишди.
Қурилиш ишлари кўздан кечирилиб, масъулларга барпо этилаётган иншоотларда пухталик, замонавийлик ва қулайлик тамойилларига қатъий риоя этиш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
“Имом Термизий” таълим муассасаси
Матбуот хизмати