Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2026   |   6 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
20 Июл, 2026, 6 Сафар, 1448

Ҳадис илми билимдони – Зиёвуддин Мақдисий

15.11.2017   16464   2 min.
Ҳадис илми билимдони – Зиёвуддин Мақдисий

Зиёвуддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Аҳмад Мақдисий Саъдий Солиҳий ҳижрий 579 йили  туғилган. У киши Дамашқ, Бағдод, Исфаҳон, Найсабурий, Ҳаравайн каби шаҳарларга илм талабида ташриф буюрган ва  ҳадислар эшитган. Шу  билан бирга беш юзтадан кўпроқ олимдан ҳадис ёзиб олган. Бир қанча китоблар тасниф этган, ҳадисларни саҳиҳга, ровийларни адолатли ва адолатсизга ажратган. У кишининг шогирдлари Умар ибн Ҳожиб айтади: “Устозимиз Абу Абдуллоҳ вақтларини уламолар билан ўтказар, шунингдек, ибодатга жуда тиришқоқ эдилар”.

У зот кўп илмларни тасниф этган. Ҳадис илмига қизиққани сабабли кўпроқ ҳадис илмида китоблар ёзган. У кишининг машҳур китобларидан бири “Аҳадийсу мухтора”дир. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, Зиёвуддин Мақдисий олдин текширилмаган ҳадисларни биринчилардан бўлиб текшириб, саҳиҳ ёки заифлигини аниқлаган. У кишининг саҳиҳ ҳадисларини ҳамма тасдиқлаган. Заркаший айтадиларки: “Зиёвуддиннинг ҳадислари Ибн Ҳиббон ҳамда Имом Термизийларнинг ҳадисларига яқиндир”. Бу китобда асосан, шаръий амалларнинг фазилатлари тўғрисида баҳс юритилади. Асар ўн бобдан иборат бўлиб, биринчи бобда таҳорат ва намоз амалларининг фазилати тўғрисида бахс юритилади. Иккинчи бобда Рамозон рўзасининг фазилати ҳақида, учинчи боб закот амалининг фазилати ҳақида, тўртинчи боб Ислом динининг бешинчи фарзи бўлмиш ҳаж амалининг фазилати тўғрисида, бешинчи бобда Исломдаги никоҳ амалининг фазилати ҳақида, олтинчи бобда Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш амалининг фазилати ҳақида, еттинчи боб Қуръони карим фазилати ҳақида кейинги бобда жаноза намозининг фазилати тўғрисида, кейинги бобда илм фазилати ҳақида бахс юритилади. Шу билан бирга бошқа амалларнинг ҳам фазилатлари тўғрисида бахс юритилади.

Бу китоб қайта – қайта чоп этилиб, ундан кўп халқлар фойдаланди. Муаллиф тарғиб-тарҳиб (рағбатлантириш ва қўрқитиш), ахлоқ ва амаллар фазилатида бошқа муаллифлар йўлини тутиб, баъзи лозим жойларни кенгайтирди. Нафсларга таъсир ўтказувчи, қалбларни юмшатувчи солиҳ кишиларнинг ҳикояларига қаттиқ аҳамият берди ва унга янгича илмий фойдалар киритиб, охирги аср машойихлари ҳамда ҳозирги авлод солиҳларининг ҳикоялари қўшилди. Умрини илмга бахшида этган олим ҳижрий 643-йилида вафот этган.

Абдуллоҳ  ПАРПИЕВ

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Бошқа мақолалар
Мақолалар

X асрдан "репортаж": Мовароуннаҳр ҳақидаги энг ишончли қўлёзма ўзбек тилида нашр этилмоқда

20.07.2026   2449   6 min.
X асрдан

Самарқанд ва Бухоро бугун дунё туризмининг энг машҳур йўналишларидан бири ҳисобланади. Бироқ бу шаҳарлар минг йил аввал қандай кўринишда бўлган? Улар қандай иқтисодий қудратга эга эди, қайси халқаро савдо йўлларини боғлаган ва мусулмон цивилизацияси тараққиётида қандай ўрин тутган? Бу саволларга жавоб археологик топилмалар эмас, балки X асрда яшаган араб географи ва сайёҳининг бевосита кузатувларига асосланган асарида мужассам, хабар бермоқда iccu.uz. Энди мазкур нодир манба танқидий матн, қиёсий қўлёзмалар таҳлили ва илмий шарҳлар билан биринчи марта ўзбек китобхонига тақдим этилмоқда.

Глобал миқёсда маданий меросни сақлаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва цивилизациялар тарихи бўйича бирламчи манбаларни қайта тадқиқ этишга қизиқиш кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда яна бир муҳим академик нашр тайёрланмоқда. Машҳур араб географи ва сайёҳи Абу Исҳоқ Иброҳим ал-Истахрийнинг X асрда ёзилган "Китоб ал-масолик вал-мамолик" ("Йўллар ва мамлакатлар китоби") асари танқидий матн ва илмий изоҳлар билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўзбек тилида нашр қилинмоқда.

Нашр Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими томонидан амалга оширилган таржима ва кенг қамровли манбашунослик тадқиқоти натижасидир.

Марказ илмий ходими Равшан Худайбергановнинг қайд этишича, ушбу асар тарихий географияга бағишланган оддий рисола эмас. У X аср мусулмон оламининг сиёсий, иқтисодий ва маданий манзарасини акс эттирувчи энг муҳим бирламчи манбалардан бири ҳисобланади. Истахрий турли мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилиб, шаҳарлар, савдо йўллари, аҳоли турмуш тарзи, иқтисодий муносабатлар ва давлат бошқарувига оид маълумотларни шахсий кузатувлари асосида қайд этган.

Айниқса, асарда Мовароуннаҳр ҳақида келтирилган маълумотлар бугунги тарихшунослик учун алоҳида аҳамият касб этади. Самарқанд, Бухоро ва минтақанинг бошқа шаҳарлари нафақат мусулмон Шарқининг муҳим маданий марказлари, балки Ипак йўли орқали Европа, Яқин Шарқ ва Осиёни боғлаган халқаро савдо тизимининг стратегик нуқталари сифатида тасвирланади.

Бугунги кунда тарихчилар қадимги шаҳарлар тараққиётини археологик маълумотлар, эпиграфик ёдгорликлар ва қўлёзма манбаларни ўзаро солиштириш орқали тикламоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Истахрий асари археологик далилларни тўлдирувчи бевосита катта илмий аҳамиятга эга.

Асар IX–XII асрларда Марказий Осиёда шаклланган ва кўплаб тадқиқотчилар томонидан Биринчи Ренессанс деб баҳоланувчи цивилизацион юксалиш даврини англашда ҳам муҳим манба вазифасини ўтайди. Бу даврда илм-фан, шаҳарсозлик, савдо, маданият ва маърифат юқори тараққиёт босқичига чиққан бўлиб, кейинчалик мусулмон цивилизацияси ва жаҳон илм-фани ривожига кучли таъсир кўрсатган.

Нашрнинг асосий илмий қиймати унинг танқидий матн асосида тайёрланганида намоён бўлади.

Равшан Худайберганов, Марказнинг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими илмий ходими:

Мазкур асар X аср мусулмон оламининг тарихий географияси бўйича энг муҳим манбалардан биридир. Чунки унда нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросон, Эрон, Ироқ, Арабистон, Кавказ ва бошқа кўплаб ҳудудлар ҳақида ҳам маълумотлар жамланган. Шу боис бу асар бутун мусулмон цивилизациясининг ўша даврдаги ҳолатини ўрганиш имконини беради. Китобнинг илмий аҳамиятини янада оширадиган жиҳат — унинг танқидий матн асосида нашр этилганидир. Одатда қадимий манбалар бир ёки икки қўлёзма нусха асосида таржима қилинади. Натижада айрим матний фарқлар эътибордан четда қолиши мумкин. Ушбу нашрда эса манбашуносликнинг энг муҳим талабларидан бири бўлган қиёсий таҳлил усули қўлланилган.

Маълум қилинишича, тадқиқот давомида асарнинг араб тилида сақланган саккизта қўлёзма нусхаси ҳамда кейинчалик форс тилига қилинган таржиманинг ўнта қўлёзмаси ўзаро қиёсланган. Жами ўн саккизта қўлёзма таҳлил қилиниб, улар асосида муаллиф матнига энг яқин ҳисобланган танқидий матн қайта тикланган.

Манбашунослик нуқтаи назаридан бундай ёндашув халқаро академик амалиётда энг ишончли усуллардан бири ҳисобланади. Турли қўлёзмалардаги матний фарқларни солиштириш орқали асарнинг кейинги асрларда қандай таҳрирлангани, қайси маълумотлар қўшилган ёки ўзгарганини аниқлаш имкони пайдо бўлади.

Нашрнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, барча матний тафовутлар сатр ости изоҳларида келтирилган, тарихий шахслар, этнонимлар, топонимлар ва географик атамаларга оид кенг шарҳлар эса китобнинг изоҳлар қисмида жамланган. Бу жиҳат эса китобни кенг китобхонлар оммаси билан бир қаторда тарихчилар, шарқшунослар, этнологлар, географлар ва иқтисодий тарих тадқиқотчилари учун ҳам муҳим илмий манбага айлантиради.

Мутахассисларнинг фикрича, араб ва форс тилидаги қўлёзмаларни бир вақтнинг ўзида қамраб олган бундай кенг қамровли манбашунослик тадқиқотлари миллий академик муҳитда нисбатан кам учрайди. Шу жиҳатдан мазкур нашр нафақат бир қадимий асарнинг таржимаси, балки Ўзбекистонда манбашунослик мактабини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим илмий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Бугун жаҳонда маданий меросни рақамлаштириш, қўлёзмаларни сақлаш ва уларни халқаро илмий муомалага киритиш долзарб вазифага айланган. Истахрийнинг "Китоб ал-масолик вал-мамолик" асари ҳам ана шу глобал жараённинг бир қисми сифатида Марказий Осиёнинг цивилизациялар тарихидаги ўрнини янада чуқурроқ англашга хизмат қилувчи муҳим илмий манба сифатида эътироф этилмоқда.

Тадқиқот натижаларидан кўринадики, минг йил аввал Мовароуннаҳр бўйлаб сафар қилган муаллифнинг кузатувлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, улар тарихчиларга ўтмишни қайта тиклаш, географларга қадимги ҳудудларни аниқлаш, маданиятшуносларга эса халқлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни тадқиқ этишда ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, "Китоб ал-масолик вал-мамолик" фақат тарихий ёдгорлик эмас, балки Марказий Осиёнинг Биринчи Ренессанс даврини илмий асосда англашга хизмат қилаётган долзарб академик манба сифатида ҳам аҳамият касб этади.

 

Дурдона Расулова

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари