Қуръон оятларини ихлос билан тиловат қилишлик ёки тинглашлик ҳам Аллоҳнинг раҳматига тезда олиб боради. Чунки Аллоҳ таоло «Қуръон тиловат қилганда, уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз», деб айтган (Аъроф, 204). Бунда Аллоҳнинг «шояд» дегани бўлиши «аниқ» дир, деб уламолар тафсир қилишган.
Қуръон худди суҳбатдош кабидир. У билан қанча узоқ суҳбат қурсангиз, у сизга ўз сирларини очади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг каломида инсонларнинг эътибори Қуръон тиловатига ва ундаги ҳикматларга амал қилишга жалб этилади, хусусан:
«Дарҳақиқат, биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!» (Қамар, 17)
«Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир» (Жосия, 20)
Шу ўринда, уламолар Қуръон тиловатининг қуйидаги фазилатларини айтиб ўтишади:
Биринчиси, Қуръони Карим шафоати. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Қуръонни доимо ўқинг, чунки у қиёмат кунида тиловат қилганларни шафоат қилади».
Иккинчиси, Қуръони Карим ўз ўқувчисини жаннатда олий мақомга олиб чиқади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз айтадилар: «Қуръон ўз ўқувчисига шундай дейди: «Ўқинглар, ўрнингиздан туринглар ва фоний дунёда ўқиганингиз каби чиройли тиловат қилинглар. Шунда охирги оятни ўқиб тугатган жойингиз, сизнинг олий мақомингиз бўлади».
Амр ибн Ос: «Қуръондаги ҳар бир оят жаннатдаги даража ва уйларингиздаги чироқдир».
Учинчиси, Қуръони Карим тиловатининг юксак фазилати ва савоби. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Кимки Аллоҳнинг каломидан бир ҳарфни ўқиса ҳам, унга ўнта савобга тенг яхшилик қайд этилибди. Шу ўринда, «Алиф лом мим» оятини бир ҳарф демаймиз, балки «Алиф» бир ҳарф, «Лом» бир ҳарф ва «Мим» бир ҳарф, деб таъкидлаймиз».
Тўртинчиси, Қиёмат куни Қуръони Карим ўз ўқувчисини чақиради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (САВ) айтадилар: «Қиёмат кунида Бақара ва Оли Имрон суралари Қуръон аҳлини чорлайди».
Шу ўринда диний уламолар таъкидлашадики, «Қуръон китобинг билан дўст бўлгин, чунки қайта тирилганингда у ўқиганларингни сўзлаб беради».
Бешинчиси, Қуръон тиловатчисининг бу дунёдаги мақоми. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз айтадилар: «Мазкур китоб билан Аллоҳ қавмларни юксак қилади». Уламолар таъкидлашадики, «Қуръон - қалбларнинг табибидир, унинг зикри – гуноҳларни маҳв қилувчидир, унинг нури эса ғайблар сиридир».
Олтинчиси, Қуръони Карим илмини ўрганиш яхшилиги. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Қуръони Каримни ва унинг илмини ўрганиш Сизлар учун яхшилик ва хайр-баракот олиб келади».
Еттинчиси, Қуръони Каримдан бирор оятни ёдламасликдан қўрқиш. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (САВ) айтадилар: «Қуръоннинг хайри-баракоти бўлмаган инсон вайрон бўлган уйга ўхшайди».
Умуман олганда, шуни билиш жоизки, Қуръон китобимиз устидаги чанг-ғубор қанчалик қуюқлашса, қалбларимизда ғам-ташвиш ва муаммолар ҳам шунчалик қуюқлашаверади.
Шунинг учун ҳам диний уламолар айтишадики, «Эй Қуръон аҳли! Ёмғир ернинг баҳори бўлгани каби, Қуръон ҳам Мўминнинг баҳоридир! Шунингдек, қалб хотиржамлигига эришмоқчи бўлсангиз, албатта, Қуръон ўқинг. Чунки, қалблар – бу идишлардир, уларни Қуръон билан тўлдириш лозим, яна худди чанқаганда сув ичилгандек, ғамга ботганда Қуръон ўқишлик ва Раҳмоннинг зикри билан машғул бўлишлик хотиржамликка олиб келади.
Шундай экан, келинг биродар, «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса иймонлари зиёда бўлгувчи ва роббиларига таваккул қилгувчи мўминлар» (Анфол, 2), қаторида бўлишга интилайлик!!!
Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
الوَاحِدُ
67. Ал-Ваҳид.
Ягона, битта. У зот зотида ҳам, сифатларида, ишларида ҳам ягонадир.
الصَّمَدُ
68. Ас-Сомад.
Ҳеч кимга ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати Унга тушади.
القَادِرُ
69. Ал-Қодир.
Чексиз қудрат соҳиби. У зот ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳар бир иш унга осондир.
المُقْتَدِرُ
70. Ал-Муқтадир.
Жуда ҳам қудратли.
المُقَدِّم
71. Ал-Муқаддим.
Олдинга сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани хоҳлаган шахс ва нарсасидан олдинга суради.
المُؤَخِّر
72. Ал-Муаххир.
Орқага сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани, хоҳлаган шахс ва нарсасидан орқага суради.
الأَوَّلُ
73. Ал-Аввал.
У ҳамма нарсадан аввал, яъни, барча мавжудотлар йўқлигида Аллоҳ бор эди.
الْآَخِرُ
74. Ал-Охир.
Ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам, Унинг ўзи қолади.
الظَّاهِرُ
75. Аз-Зоҳир.
Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир. У ҳамма нарсадан зоҳир-устундир.
الْبَاطِنُ
76. Ал-Ботин.
Кўзлар кўролмайдиган; барча яширин нарсаларни билувчи.
77. Ал-Волий.
Барча нарсани бошқарувчи. Ҳимоя қилувчи
المُتَعَالِي
78. Ал-Мутаъолий.
Қудрати, улуғлиги ҳар нарсадан улуғ; ҳар нарсани бўйсундирувчи
البَرُّ
79. Ал-Барр.
Яхшилик қилувчи.
التَّوَابُ
80. Ат-Таввоб.
Бандаларни тавбага йўлловчи ва уларнинг тавбасини қабул қилувчи.
المُنْتَقِم
81. Ал-Мунтақим.
Золим ва осийларни жазоловчи.
العَفُوّ
82. Ал-Афувв.
Афв қилувчи.
الرَّؤُوفُ
83. Ар-Раъуф.
Ўта меҳрибон.
مَالِك المُلْك
84. Моликул мулк.
Коинотдаги барча мулкнинг ягона эгаси.
ذُو الجَلاَل و الأِكرَام
85. Зул жалол вал икром.
Коинотдаги барча мулкнинг танҳо эгаси.
المُقْسِط
86. Ал-Муқсит.
Адолати ила мазлумларга нусрат ва золимларга жазо берувчи.
الجَامِع
87. Ал-Жомиъ.
Одамларни қиёмат куни жамловчи.
الغَنِيُّ
88. Ал-Ғаний.
Беҳожат. Унинг ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ҳожати тушмайди.
المُغْنِي
89. Ал-Муғний.
Беҳожат қилувчи. У зот ўз бандаларидан хоҳлаганини беҳожат қилиб қўяди.
المَانِع
90. Ал-Мониъ.
Хоҳлаган бандасини бойликдан маҳрум этувчи. Асрагувчи.
الضَّار
91. Аз-Зорр.
Хоҳлаганига зарар қилувчи.
النَّافِع
92. Ан-Нофиъ.
Манфаат берувчи.
النُّور
93. Ан-Нур.
Мунаввар, нурли этувчи.
الهَادِى
94. Ал-Ҳодий.
Ҳидоят қилувчи.
البَدِيع
95. Ал-Бадийъ.
Нарсаларни йўқдан яратувчи
البَاقِي
96. Ал-Боқий.
Мангу, боқий қолувчи. У доимий бордир.
الوَارِثُ
97. Ал-Ворис.
Мавжудотлар йўқ бўлганда ҳам боқий қолувчи Зот.
الرَّشِيد
98. Ар-Рошийд.
Тўғри йўлга йўлловчи.
الصَّبُور
99. Ас-Собур.
Ўта сабрли. Гуноҳкорларни азоблашга шошилмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД