"Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204).
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиётганларида нозил бўлган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Саид ибн Мусаййиб (розияллоҳу анҳу): "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиётган пайтда, у зотнинг олдиларига мушриклар келиб: "Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига: «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солмангиз ва (уни чалғитиш учун) жаврайверингиз!" дейишди. Шунда Аллоҳ таоло "Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204) оятини нозил қилди", деди" (Қуртубий тафсири).
Манбаларда мазкур оят намозда гапирмаслик ҳақида нозил бўлгани айтилади. Ушбу оят нозил бўлишидан олдин мусулмонлар намозда гапираверишар эди. Абул Олия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имом бўлиб, саҳобаларга намоз ўқиб бераётганларида, улар у зот (алайҳиссалом)нинг орқаларида овоз чиқариб қироат қилишди. Шунда: "Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204) ояти нозил бўлди" (Самарқандий тафсири).
Баъзи маълумотларга кўра юқоридаги оят имом хутба ўқиётганда бошқалар тинглаши ҳақида нозил бўлган. Имом ибн Аробий (раҳматуллоҳи алайҳ): "Бу маълумот заиф ҳисобланади. Чунки хутбада Қуръон оятлари кам ўқилади. Ҳанафий мазҳаби таълимотига кўра хутбани бошидан охиригача гапирмасдан тинглаш вожиб ҳисобланади", деган. Имом Наққош (роҳимаҳуллоҳ): "Бу оят Макка шаҳрида нозил бўлган. У ерда хутба ҳам жума намози ҳам бўлмаган", деб таъкидлайди. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имом намоз ўқиётганда такбир айтса, такбир айтинглар, қироат қилса тинглаб туринглар”, дедилар”, (Имом Муслим ривояти).
Мазкур оятда “сукут сақлангиз”, деб таржима қилинган “анситу” сўзидан қироат пайтда жим туриш ва оятларни охиригача эшитиш каби маънолар тушунилади. Шунингдек, муқаддас динимизда жамоат намозида имом қироат қилаётганда, хутба ўқилаётганда ва Қуръони карим тиловат қилинаётганда сукут сақлаб, ихлос билан тинглашга буюрилган.
Қуръони карим мўмин-мусулмонларга буюк неъмат ва тенги йўқ инъомдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бундай сифатлайди: "… Бу (Қуръон) имон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир»" (Аъроф, 203). Қуръони каримни қироат қилинганда гапирмай, жим туриб, тинглаган ва унга амал қилган банда мазкур оятдаги фойдаларни қўлга киритади ҳамда дунё ва охират саодатига эришади.
Инсон Қуръони карим тиловат қилинганда ибодат ниятисиз жим туриши ва эшитиши мумкин. Лекин бунда Аллоҳнинг каломини тинглаш савобидан махрум бўлади. Агар банда ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони карим қироат қилинаётган пайтда гўё Аллоҳ таоло сўзлаётгандай бўлади. Оламлар Раббиси сўзлаганда, Унинг каломидан юз ўгириш, жим турмаслик ва тингламаслик мўмин-мусулмонларнинг хулқу одобидан эмас.
Биз ўрганаётган оятда Қуръон тиловат қилинганда тинглаш ва жим туриш вожиб экани маълум бўлади. Каломуллоҳни тафаккур ва хушу билан тинглаш муқаддас динимиз талабидир. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо бўлиб, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Қуръони карим намоз ва хутбада ўқиладими ёки бошқа ўринларда қироат қилинадими, унга доимо қулоқ тутилади. Каломуллоҳ қаерда ва қандай ҳолда ўқилса ҳам унинг эшитиш одобига риоя этилади. Чунки Аллоҳ таоло ўз каломини бошқа барча гаплардан олий бўлишини, ажралиб туришини хоҳлайди. Мусҳафи шарифни таҳорат билан ушлаш бошқа китоблардан ажраб туришида муҳим омил ҳисобланади ва буюк Зотнинг каломини улуғлаш бўлади. Манашу Аллоҳнинг каломига буюклик ва маҳобат беради. Бунга мўмин-мусулмонлар амал қиладилар сўнгра уни одатга айлантириб, болаларини ҳам шу руҳда тарбия қиладилар. Натижада болаларнинг қалбларида Қуръонга муҳаббат уйғонади, унга нисбатан ҳурмат пайдо бўлади ва уни муқаддас китоб эканини англаб етадилар.
Қуръони карим тинглашнинг ўзига хос одоблари бор. Каломуллоҳни эшитувчи, аввало, қалбини ҳозирлайди, ибодатни ният қилади, кўзини юмади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига қулоқ солади. Қироат пайтида сажда оятини эшитса, сажда қилади. Тасбеҳ оятлари тиловат қилинса, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, Раҳмон Зотни улуғлайди. Жаннат, тақводорларга бериладиган инъомлар ва ваъдалар ҳақидаги оятлар зикр қилинганда Аллоҳнинг фазлини сўрайди. Дўзах, аламли азоблар ва ваъидлар ҳақидаги оятлар ўқилганда Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Тиловат қилинган оятларга амал қилишни мақсад қилади.
Жаъфар Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Ўзи хавф ва дахшатга тушиб, “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил (Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!) (Оли Имрон, 173)” оятини ўқиб ҳимояланмаган одамдан ажабланаман. Чунки бундан кейин: “Улар (Бадрдан жангсиз) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар. (Улар) Аллоҳнинг ризосини излаган эдилар. Аллоҳ, албатта, буюк фазл эгасидир” (Оли Имрон, 174), оятини эшитганман. Ғамга ботиб: “Ла илаҳа илла анта субҳанака инни кунту миназ золимин (Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим)” (Анбиё, 87), оятини ўқиб ёрдам сўрамаган кишидан ажабланаман. Бу оятдан кейин: “Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё, 88), деган оятни эшитганман. Макр-ҳийла қилинган киши: “Ва уфаввизу амри илаллоҳи инналлоҳа басирун билибад (Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир” (Ғофир, 45) оятини ўқиб нажот изламаган бандадан ажабланаман. Чунки бундан сўнг “Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади” (Ғофир, 45) оятини эшитганман. Мол-мулк талабидаги одам: “Машааллоҳу ла қуввата илла биллаҳ (бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир)” (Каҳф, 39) оятини ўқиб юрмаган одамдан ажабланаман. Чунки мазкур оятдан кейин: “Раббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (боғ) ато этар” оятини эшитганман” (Каҳф, 40). Шунинг учун, Қуръони карим тиловат қилинганда ибодатни ният қилиб, чин дилдан тинглаб, унинг маънолари ва фойдаларини билишга ҳарис бўлмоғимиз гўзал одобдир.
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “…Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).
Қуръони карим рамазон ойи қадр кечасида дунё осмонидаги Байтул иззага тўлиқ-мукаммал қилиб туширилди. Сўнгра Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам)га бўлак-бўлак қилиб нозил қилинди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара, 185 оят). Шунинг учун Рамазон ойини Қуръон ойи деб ҳам номланади.
Қуртубий, Розий,Самарқандий,
Шаъровий, Ибн Касир тафсирлари асосида
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси