عن عائشة رضى الله عنها "أن النبى صلى الله عليهِ وسلم كان يصلىِّ إحدى عشرة ركعة، كانت تلك صلاته – تعنى بالليلِ – فيسجدُ السجدة من ذلك قدْر ما يقرأ أحدُكُم خمسين آية قبل أن يرفع رأسه، ويركعُ ركعتينِ قبل صلاةِ الفجرِ ثُمّ يضطجعُ على شقه الأيمنِ حتى يأتيه المؤذنُ للصلاةِ"
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн бир ракат намоз ўқирдилар. Шу намозларида бир сажда қилсалар унинг миқдори сизлардан бирингиз ўртача эллик оят ўқийдиган даражада бўларди. Сўнг бошларини саждадан кўтарардилар ва бомдод номозидан (яъни фарзидан) олдин икки ракат намоз ўқиб, ўнг томонларига ёнбошлардилар то муаззин намозга чақириб келгунча (яъни бомдодни фарзини масжидда жамоатга ўқиб беришни сўраб келгунча)”, дедилар.
Шарҳ: Витрнинг луғавий маъноси тоқ, деганидир. Аммо витрнинг ҳукмида мазҳаб имомлари ихтилоф қилишган. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги “Албатта Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди, ўша намоз витрдир” сўзларига асосланиб вожиб, дейилган.
Демак, Ҳанафий мазҳабида витр намози вожиб, бошқа мазҳаблар эса вожиб эмас, дейишган. Чунки Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари бир маънони, яъни Ҳанафий мазҳабидаги фарз маъносини англатади. Шунинг учун беш вақт намоз фарзлиги ҳақидаги далил ва ҳужжатларни келтириб, уч мазҳаб вакиллари витрни ҳам вожиб, десак олти вақт намоз бўлиб қолади, деган фикрга боришган. Ҳанафий мазҳабимизда эса, фарз билан суннатнинг орасида вожиб борлиги ва витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлгани учун вожиб, дейдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн бир ракат намоз ўқишни одат қилгандилар. Уни шу даражада чиройли адо этиб, қироат, рукуъ ва саждаларни узун қилардилар. Саждаларининг миқдори сизлардан бирингиз мўътадил ҳолатда Аллоҳнинг китобидан эллик оят ўқиш миқдорича бўлар эди. Бу каби амал мусулмонлар Аллоҳга юзланишга, ибодатни ғафлат пайтида кўпайтиришга ундаш маъносида эди. Рукуъ ва саждаларида “Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдика Аллоҳуммағфирлий” деб кўп айтардилар. Шунингдек, бомдод намози фарзидан олдин икки ракат намоз ўқирдилар. Кейин муаззин келиб, масжидда жамоатга бомдод фарзини адо этишларини талаб қилиб келгунича қисқа ҳолда роҳат олиш учун ёнбошлаб олардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечани охирида бедорлик сабабли пайдо бўлган чарчоқдан дам олишлари учун кечани охирида ёнбошлаб роҳатланардилар. Ёнбошлашда ўнг томонни ихтиёр қилишлари ўнг томонни яхши кўрганликларидан ва яна ҳикматларидан бири уйқуга чўмиб кетмаслик учун эди. Чунки қалб чап томонда жойлашган. Киши чап томонга ёнбошлаб ётгудек бўлса уйқуга чўмиб кетиши осонроқ бўлади.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Витрдан кейин намоз йўқлиги.
2. Кечасидаги намозларни саждасини эллик оят миқдорида узун қилишга тарғиб этилгани.
3. Бомдодни фарзидан олдинги суннат икки ракат эканлиги.
4. Бомдод намозидаги афзал нарса аввалги вақтидан кечиктирилиши.
5. Муаззинни имомга намоз вақти бўлганидан огоҳ этиши.
Жалолииддин Ҳамроқулов
Хожа Бухорий ўрта-махсус диний таълим муассасаси директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Ўткир домла ҒУЗАРОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, муҳтарам устоз. Авваламбор, Сизни педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлганингиз билан муборакбод этамиз. Илмий даражангиз бундан ҳам юксалаверсин. Суҳбатимизни бугунги кунда Сиз раҳбарлик қилаётган таълим муассасаси ҳақидаги маълумотлардан бошласак...
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Қутлов ва тилагингиз учун ташаккур. Таълим муассасасига 1992 йилда асос солинган. Мадрасага XIV асрда яшаб ижод этган машҳур тасаввуф алломаси Саид Аҳмад Вали Кулоҳдўз Хожа Бухорий номи берилган. У зот Баҳоуддин Нақшбанднинг замондоши сифатида эътироф этилади. Нақшбандия тариқатининг маънавий-ахлоқий ғояларини Қашқадарё воҳаси, хусусан Китоб шаҳри ва унинг атрофида кенг тарғиб қилган улуғ мутафаккирлардан саналади.
Муассасада бугунги кунда жами 34 нафар олий маълумотли, малакали педагог-ўқитувчи 105 нафар талабага диний ва дунёвий фанлардан пухта билим бериб келмоқда. Таълим жараёнида замонавий педагогик ёндашувлар, самарали ўқитиш усуллари ҳамда амалий машғулотлардан кенг фойдаланилиб, талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, педагог-ўқитувчилар томонидан талабаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, мустақил фикрлаши, илмий салоҳияти ва дунёқарашини ривожлантиришга қаратилган қўшимча машғулотлар ҳамда маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу эса таълим муассасасида сифатли таълим бериш билан бир қаторда, ҳар томонлама етук, билимли ва замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш учун муносиб таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
– Ушбу илм маскани қандай мутахассисларни тайёрлаб бермоқда?
– Таълим муассасаси динимиз равнақи, мустақил Ўзбекистоннинг тараққиёти ва юксалиши йўлида муносиб хизмат қиладиган, юксак маънавият ва ахлоқий фазилатларга эга, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур англаган, соф ислом дини таълимотини мукаммал ўзлаштирган, диний-маърифий билимларни ҳаётга тўғри татбиқ эта оладиган юқори малакали ўрта махсус маълумотли исломшунос, имом-хатибларни тайёрлайди.
Битирувчилар масжидларда имом-хатиб, диний таълим муассасаларида ўқитувчи, маънавий-маърифий соҳада фаолият юритувчи мутахассис сифатида хизмат қилиш учун зарур назарий билим ва касбий малакага эга бўлиб чиқади.
– Диний ва дунёвий фанлар уйғунлигини таъминлаш учун ўқув жараёни қандай ташкил этилган?
– Таълим дастурларида Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ақида каби диний фанлар билан бир қаторда тарих, инглиз тили, фалсафа асослари, психология, жисмоний маданият ва спорт ҳамда бошқа дунёвий фанларга ҳам ўрин ажратилган. Дарслар замонавий педагогик усуллар, ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда.
– Талабаларнинг хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари ҳамда мутолаа маданиятини юксалтиришлари учун қандай шароит ва имкониятлар яратилган?
– Хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ҳафтанинг муайян кунларида тил кунлари ташкил этилган. Хусусан, сешанба куни инглиз тили куни, чоршанба куни эса араб тили куни ўтказилиб, талабаларнинг тил ўрганишга доир билимларини мустаҳкамлаш, мулоқот кўникмаларини ривожлантириш ва амалий машғулотлар орқали билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва тил ўрганиш самарадорлигини ошириш мақсадида қўшимча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Дарсларга соҳасининг етук ва малакали мутахассислари жалб этилган. Бу эса талабаларнинг нафақат тилларни мукаммал ўзлаштириши, балки дунёқарашининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
– Мударрисларнинг касбий маҳоратини ошириш, сабоқларнинг талабаларга янада самарали етиб бориши учун айнан қандай методик усуллар жорий этилган?
– Муассасада замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Хусусан, ахборот-коммуникaция технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн платформалардан Google Forms хизматлари ва интерфаол иловалар (Kahoot, QuizBot, topqir.uz) дарс жараёнига татбиқ этилган. Дарс жараёнида смарт доска, маркерли доска, магнитли доска имкониятларидан фойдаланилади. Замонавий педагогик технологияларнинг “баҳс-мунозара”, “ақлий ҳужум”, “гуруҳли иш”, “тақдимот”, “кейс-таҳлил”, “савол-жавоб” каби усуллари қўлланилади.
– Талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг илмий ва ижодий қобилиятларини юзага чиқариш борасидаги ишларни ҳам айтиб ўтсангиз...
– Таълим муассасасида “ёш илмий тадқиқотчи” гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар илмий мақолалар ёзиш, интернет сайтларида аудио, видео чиқишлар қилиб, ёш китобхон танловларида фаол қатнашади.
Хатмул кутуб анъанаси бўлиб, ҳозирга қадар талабалар “Мунаббиҳот”, “Таълим мутааллим”, “Фиқҳул муяссар” (1- 2 китоби), “Фиқҳул акбар шарҳи” ва “Тайсиру мусталаҳул ҳадис” асарларини хатм қилишди...
– Таълим муассасаси бинолари, талабалар турар жойи ва моддий-техник имкониятлар қай даражада?
– Бино ва иншоотларимизнинг ташқи ва ички қисмлари мунтазам техник кўрикдан ўтказилиб, жорий таъмирлаш ишлари амалга ошириб борилади.
Муассаса замонавий техник воситалар билан босқичма-босқич жиҳозланиб келинмоқда. Хусусан, иш жараёни ва дарс машғулотлари учун 42 та компюьтер жамланмаси 20 та интерактив смарт доска ва бошқа зарур жиҳоз ва қурилмалар билан тўлиқ таъминланган. Таълим муассасаси интернет тармоғига оптик тола орқали боғланган.
Асосий ўқув биносида 25 та ўқув хонаси мавжуд бўлиб, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари алоҳида ўқув биноси билан таъминланган. Яқинда талабалар учун 240 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
– Талабаларингизнинг республика миқёсидаги турли илмий, диний ва спорт мусобақаларидаги иштироки ҳамда эришаётган натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Таълим муассасамиз талабалари республика миқёсида ўтказиладиган илмий, диний-маърифий ва спорт мусобақаларида мунтазам иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2023 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” интеллектуал беллашувида жамоамиз “Энг фаол тарғиботчи жамоа” номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритган.
Спорт йўналишида ҳам талабаларимиз шахмат, кураш, стол тенниси ва тош кўтариш каби спорт турлари бўйича “Баркамол авлод” Республика босқичларида бир неча бор совриндор бўлишди. Хусусан, 2022 йилда ўтказилган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари финал мусобақасида жамоамиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритган бўлса, 2026-йил миллий кураш бўйича 3-ўринни эгаллади.
Илмий йўналишда эса талабаларимиз Ягона олимпиада Республика босқичида мунтазам равишда муваффақиятли иштирок этиб, турли йилларда бир нечта 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган. Бундан ташқари, 2022-2023 ўқув йилида “Эсселар танлови” Республика босқичида 1-ўрин ҳамда “Энг ёш китобхон” танловида ҳам 1-ўрин соҳиби бўлишди. Ягона олимпиада мусобақасида 2026 йил 3-ўринни қўлга киритди.
– Битирувчиларнинг кейинги фаолияти қандай кечмоқда. Яъни, битирувчилар ҳозирги кунда жамият ҳаётида, диний-маърифий соҳаларда қандай ўрин тутмоқда?
– Таълим муассасаси битирувчилари бугунги кунда мамлакатимиздаги диний-маърифий соҳанинг турли йўналишларида самарали фаолият юритиб, жамият ҳаётида муносиб ўрин тутиб келмоқда. Улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, маҳаллий ҳокимият тизимларида хизмат қилмоқда.
Жумладан, масжидларда имом-хатиб ва имом ноиби лавозимларида, диний таълим муассасаларида ўқитувчи сифатида, илмий-тадқиқот марказлари ва диний-маърифий муассасаларда илмий ходим сифатида, Фатво марказида етакчи мутахассис сифатида хизмат қилиб келаётганлар, давлат ва жамоат ташкилотларида ҳам фаолият юритаётганлар бор.
Қисқа қилиб айтганда, таълим муассасамиздан етишиб чиққан кадрлар юртимизнинг турли жойларида, турли жабҳаларда динимиз ва давлатимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.