Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Масъулият юкини ҳис этган толиби илмлар

02.11.2017   6530   6 min.
Масъулият юкини ҳис этган толиби илмлар

Бугун Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлимга 2017-18 ўқув йили бошланаётгани муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари, “Кўкалдош” мадрасаси мударрислари, институтда таълим олган, бугунги кунда фаол меҳнат қилиб, илму маърифат тарқатаётган олиму уламолар, мусулмонлар идорасига узоқ йиллар меҳнати сингган, ҳозирги кунда эса кексалик гаштини сураётган фахрийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилинди.

Меҳмонлар йиғилиб, ҳамма ўз жойини эгаллагач, Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси янгради.

Қуръони каримдан тиловат қилиниб дуолар қилингач институт ректори Уйғун Ғафуров тадбирни очиқ деб эълон қилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига сўз берди.

Талабаларга эзгу тилаклар билдирган муфтий ҳазратлари юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний соҳага қаратилаётган эътибор борасида ҳам сўз юритиб, ана шу жараёнларда ҳар бир кишининг, айниқса, имом-хатибларнинг ўрни, бажарган ишлари кўзга ташланиб туриши зарурлигини таъкидладилар. Бунинг учун эса уларнинг илми зўр, дунёқараши бой, нутқи равон бўлмоғи зарурлигига урғу бериб, эндиликда ўқиш – дарс жараёнлари ҳар доимгидан-да кучли, талаб қаттиқ бўлишини айтаркан, жумладан бундай дедилар:  “Биз ўз олдимизга Имом, Имом Мотуридий... каби олимларни етиштиришни вазифа қилиб олиб, шу ишга бел боғладик ва Аллоҳдан астойдил сўраб ҳаракат этмоқдамиз”. Бунинг учун сизга ҳамма шароит муҳайё қилинган. Сиздан талаб қилинадигани эса фақат ўқишу уқиш ва ижодкорлик фаолиятидир”.

Шундан кейин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев, Ўзбекистонда Ислом  цивилизацияси маркази директори Шоазим Мунавваровлар табрик сўзлари айтиб, талабаларга илм олишдек шарафли ва машаққатли ишларида муваффақиятлар тилашди.

Сўнгра муфтий ҳазратлари Махсус сиртқи бўлим талабаларига рамзий талабалик гувоҳномасини топширдилар.

Кириш имтиҳонида энг юқори балларни қўлган киритган талабалар – Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиев ва Зангиота тумани имом-хатиби Нурали Мавлоновлар сўзга чиқиб, устозларга ўзбек ва араб тилларида миннатдорчилик билдирганларидан кейин муфтий ҳазрат дуои хайр қилаётиб ёш талабаларга ибрат учун бундай дедилар: “Тоҳиржон Рўзиев ҳам деҳқон, ҳам имом-хатиб, ҳам талаба. Бу – шариату тариқатга маҳкам амал қилиб келган боболаримизнинг аъмоли: ҳам ҳалол меҳнат қилиб тирикчилигини ўтказади, ҳам халққа илм ўргатади, ҳам ўзи илм ўрганади”.  Арабчада ниҳоятда фасоҳат билан гапириб муаззам шоиримиз, марҳум Эркин Воҳидовнинг ҳаёт моҳияти ҳақидаги дилбар шеърини ифодали тарзда ўқиб берган Нурали Мавлонов  ҳақида ҳам чиройли гапларни гапириб кейин дуога қўл очдилар. 

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ РАИСИ, МУФТИЙ УСМОНХОН АЛИМОВ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ УШБУ БАЙРАМ ТАДБИРИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим

Мўмин-мусулмон бандаларига илм олишни фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган Ҳабибимиз, икки дунё сарвари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг оилалари ҳамда саҳобаларига дуруду салавотларимиз бўлсин. 

Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар, устозлар, толиби илмлар ва имом домлаларимиз!

Барчамизга маълумки, бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, диний соҳадаги улкан ислоҳотлар ва ютуқларни санаб саноғига ета олмаймиз. Албатта, бу ислоҳотлар диний соҳа вакиллари зиммасига катта масъулиятни юклайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида диний таълим муассасалари мударрислари, имом домлаларимиз ва шу соҳа вавиллари ҳам давлатимиз томонидан диний соҳага берилаётган катта эътиборга жавобан, юртимиз равнақи ва халқимиз маърифати ривожи йўлидаги ислоҳотларга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.   

Ҳозирда идора тасарруфида 11 та диний таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улар замонавий талабларга жавоб беради. Бугун ёшларимизнинг диний таълим олишлари учун ҳам барча шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистонда диний таълим тизими жадал ривожланиб, мутлақ янги босқичга кўтарилди. Ушбу тизим нафақат қўшни мамлакатлар, балки, кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос тажриба намунасига айланди.

Мисол тариқасида кейинги бир йил ичида диний таълим соҳасида эришилган ютуқларни зикр этсак:

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси ташкил этилди. Бу ўқув йилида 60 нафар талаба ўқишга қабул қилинди.
  • Ўрта махсус диний маълумот билан биргаликда олий дунёвий маълумотга эга имом-хатиб ва педагог-ўқитувчи вазифаларида фаолият олиб бораётган кадрлар тўлиқ олий диний маълумотга эга бўлишлари учун Тошкент ислом институтида 6 ойлик қайта тайёрлаш курслари очилиши арафасида турибди.
  • Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Тошкент ислом институтида 3 йиллик махсус сиртқи бўлим ташкил этилди. Мана бугун биз мазкур сиртқи бўлим очилишининг гувоҳи ва шахсан иштирокчиси бўлиб турибмиз.
  • Идора томонидан Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини илмий-мафкуравий салоҳиятга эга бўлган юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, диний таълим муассасалари ходимлари ва республика масжидларида фаолият кўрсатаётган имом-хатибларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш, қуръоншунослик, ҳадис, фиқҳ, ақида йўналишлари бўйича илоҳиётшунослик фанлари докторлари ва тадқиқотчиларни тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.
  • Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ташаббуси билан интернет орқали Ақида, Тафсир, Фиқҳ, Сийрат, Ҳадис ва Араб тили фанларидан онлайн шаклда дарслар ташкил этилди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида "Ҳадис илми мактаби" ва "Калом илми" мактаби,

Фарғона вилоятида "Ислом ҳуқуқи" мактаби;

Бухоро вилоятида "Тасаввуф" мактаби;

Қашқадарё вилоятида "Ақида илми" мактаби ташкил этилди.

Аллоҳ таолодан бу каби янгиликларни бардавом қилишини сўраб, бугунги кунда ўқишни бошлаётган имом домлаларимизга ўқишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.    

Эътиборингиз учун раҳмат.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 {gallery}/01-11-2017/02-11-17{/gallery}

 

 

 

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳолид Ал-Фадли: Ўзбекистоннинг илмий ва маънавий мероси бутун ислом олами учун улкан бойликдир

02.09.2026   886   2 min.
Ҳолид Ал-Фадли: Ўзбекистоннинг илмий ва маънавий мероси бутун ислом олами учун улкан бойликдир

Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.

Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.

Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.

Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.

Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.

Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари