(“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”)
Муҳтарам азизлар! Барчамизга маълумки, бу йил юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланган. Шу муносабат билан бугунги жума мавъизамизда ўзаро мулоқотларимизнинг самимий ва дўстона ҳамда ўзгаларга етказадиган манфаатларимиз холис бўлишлиги ҳақида суҳбатлашамиз.
Динимизда биз мўмин-мусулмонларни ўзаро меҳру оқибат билан ҳаёт кечирмоқлигимизга тарғиб этилган. Ўз навбатида бу имоннинг мустаҳкам бўлишлигини тақозо этишлиги айтилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қиладилар:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لاَ تَدخُلُونَ الجَّنَةَ حَتَّى تُؤمِنُوا وَلَا تُؤمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا أَوَلاَ أَدُلُّكُم عَلَى شَيءٍ إِذَا فَعَلتُمُوهُ تَحَابَبتُم؟ أَفشُوا السَّلاَمَ بَينَكُم" (رواه الإمام مسلم
яъни: Жаноби Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “То ҳақиқий мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча ҳақиқий мўмин бўлмайсизлар. Мен сизларни бир нарсага далолат қилайми-ки, агар у ишни қилсаларингиз бир-бирингизга муҳаббатли бўласизлар? Орангизда саломни кенг ёйинглар” (Имом Муслим ривояти).
Меҳр-оқибат мусулмонларни ўзаро бир-бирларини қўллаб-қувватлашларини, оғирларини енгил қилишни, ўзига раво кўрган нарсасини бошқага ҳам раво кўришни, ҳаттоки ўзига зарур бўлган нарсани биродарига илинишини англатади. Мазкур фазилатларга эга бўлган мўминларни Аллоҳ таоло Қуръони каримда мадҳ этиб шундай деган:
وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
(سورة الحشر9/).
яъни: “Ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр сураси, 9-оят).
Демак, Аллоҳ таолонинг бундай мақтовига сазовор бўлиш учун киши жамиятга манфаат етказиши, ўзи яшаб турган жамиятнинг корига яраши, маҳалла ва қўни-қўшниларидан ўз кўмагини дариғ тутмаслиги, ёрдамга муҳтож кишиларнинг ҳожатини чиқариши, оғир ва енгил кунларида улар билан бирга бўлиши лозим бўлади. Зеро, ота-боболаримиз узоқ сафарга, масалан, ҳажга отланганларида, аввало, қўни-қўшниларининг розилигини олиб, имкони борича қийналганларга моддий ва маънавий кўмак бериб, шундан сўнг йўлга чиққанликлари барчамизга маълум.
Шунингдек, Аллоҳ таоло сизу биз мўмин-мусулмон бандаларининг қалбларимизни Ўзининг марҳамати ила бир-бирига муҳаббатли қилиб қўйгандир. Қуръони каримда бунинг хабарини бериб, шундай марҳамат қилган:
(وَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ لَوْ أَنفَقْتَ مَا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً مَّا أَلَّفَتْ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ وَلَكِنَّ اللّهَ أَلَّفَ بَيْنَهُمْ إِنَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ (سورة الأنفال/63
яъни: “Ва уларнинг дилларини (ўзаро) яқинлаштирган зотдир. Агар (Сиз) ердаги (ҳамма) нарсани сарфлаганингизда ҳам (уларнинг) дилларини (бир-бирига) боғлай олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларнинг ўртасини боғлади. Албатта, У қудратли ва ҳикматли зотдир” (Анфол сураси, 63-оят). Бошқа бир ояти каримада эса Аллоҳ таоло биз бандаларини бирликка ва ҳамжиҳатликка даъват этиб бундай деган:
(وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعًا وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَةَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا (سورة آل عمران/103
яъни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Пайғамбаримиз ҳам кўплаб ҳадисларида мўмин-мусулмонларни бир-бирига биродар эканлигини таъкидлаб ўтганлар. Жумладан:
(عَنْ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَثَلُ الْمُؤْمِنِينَ فِي تَوَادِّهِمْ َتَرَاحُمِهِمْ وَ تَعَاطُفِهِمْ مَثَلُ الْجَسَدِ إِذَا اشْتَكَى مِنْهُ عُضْوٌ تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ الْجَسَدِ بِالسَّهَرِ وَالْحُمَّى" (رواه الامام البخاري و الامام مسلم
яъни: Нуъмон ибн Башир р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Мўминларнинг ўзаро бир-бирларига нисбатан меҳру муҳаббат ва ҳамжиҳатликларининг мисоли бир танага ўхшайдики, ундаги бир аъзо оғриса, тананинг бошқа аъзолари бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўладилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Муҳтарам жамоат! Биродарлик бу шунчаки баландпарвоз гап эмас, балки ижтимоий ҳаётда ўз исботи ва тасдиғини топмоғи лозим бўлган ҳақиқатдир. Пайғамбаримиз ﷺ биз умматларига ана шундай аҳл-иноқ биродар бўлиб яшашимизга сабаб бўладиган ишларга далолат қилганлар.
Динимиз мўмин-мусулмонларни фақат яхши ишларда ҳамжиҳатлик қилишга буюради. Зинҳор ёмонлик ва гуноҳ-маъсият ишларда ҳамкорлик қилишларини ёқламайди, балки бундан қайтаради. Қуръони каримда шундай дейилган:
(وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ (سورة المائدة2
яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида сураси, 2-оят).
Ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик устида бирлашишга даъват этмоқда. Демак, мусулмон кишилар қаерда савобли, яхши иш амалга оширилаётганини кўрсалар, ўша ишни бевосита ёки билвосита бўлсада қўллаб қувватлашлари, имконияти бўлса унга ўз хиссаларини қўшишлари лозим бўлади. Шунингдек, гуноҳ ва маъсият ишлар амалга оширилаётган жойда мусулмон кишининг қўли бўлмаслиги, балки ёмон ишлардан ҳазар қилмоқлиги даркор бўлади.
Пайғамбаримиз ﷺнинг ҳадисларининг бирида шундай дейилган:
عَنْ أَبِي مُوسَي الأَشعَرِي عَن النَّبِيّ صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ قَالَ: "عَلَى كُلِّ مُسلِمٍ صَدَقَةٌ" قَالَ: "أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَجِدْ؟" قَالَ: "يَعمَلُ بِيَدِهِ فَيَنفَعَ نَفْسَهُ وَ يَتَصَدَّقَ" قال: "أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَستَطِعْ؟" قَالَ: "يُعِينُ ذَا الحَاجَةِ المَلهُوفِ" قَالَ: "أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَستَطِعْ؟" قَالَ: "يَأْمُرُ باِلمَعْرُوفِ أَوِ الخَيرِ" قَالَ: "أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفعَلْ؟" قَالَ: "يُمسِكُ عَنِ الشَّرِّ فَإِنَّهَا صَدَقَةٌ" (متفق عليه
яъни: Абу Мусо Ал-Ашъарий Пайғамбар ﷺдан ривоят қилиб айтадилар, У зот ﷺ: “Ҳар бир мусулмоннинг зиммасига садақа қилиш вожибдир”, – дедилар. Шунда: Агар садақа қилишга нарса топа олмасачи? – деб сўрашди. “Ишлайди, шунда ўзига ҳам фойда бўлади, садақа ҳам қилади”, – дедилар. Агар ишлашга қодир бўлмасачи? – дейишди. “Қийналган ҳожатмандга ёрдам беради”, дедилар. Ёрдам беришга ҳам ярамасачи? – деб сўрадилар. “Одамларни яхшиликка буюради”, – дедилар. Агар уни ҳам қилмасачи? – дейишди. “У ҳолда ўзини ёмонлик қилишдан тияди, шунда садақа қилган бўлади”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Халқимиз орасида кенг тарқалган “савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар куни қилиш керак” деган мақолнинг пурҳикмат маъноси айнан юқоридаги ҳадиснинг мазмунига мос келади. Зеро, Аллоҳ таоло бизни танимизни соғ, эгнимизни бут, хонадон ва юртимизни тинч қилиб қўйган, бундан бошқа беҳисоб неъматларини ато этаётган экан, бунинг шукронасини ҳар куни ҳеч бўлмаса битта яхшилик қилиш билан бўлсада адо этмоқликка ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.
Азизлар! Динимиз бизларни ҳамжиҳатликка, ўзаро муносабатларимизни садоқат ва самимият асосларига барпо қилишимизга буюрар экан, ўз навбатида хиёнат ва мунофиқликдан қайтаради. Чунки, хиёнат ва мунофиқлик мусулмон кишига ёт иллат бўлиб, улар сабабли инсонлар бир-бирларига нисбатан ишончни йўқотадилар, натижада ўртада зиддият ва ҳатто адоват ҳам пайдо бўлиши мумкин. Расулуллоҳ ﷺ биз умматларини ана шундай инсонлар ўртасига нифоқ соладиган ишлардан огоҳлантирганлар.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أَرْبَعٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ كَانَ مُنَافِقًا خَالِصًا وَ مَنْ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْهُنَّ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْ النِّفَاقِ حَتَّى يَدَعَهَا: إِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ وَ إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَ إِذَا عَاهَدَ غَدَرَ وَ إِذَا خَاصَمَ فَجَرَ" رواه الإمام البخاري و الإمام مسلم
яъни: Абдуллоҳ ибн Амр р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ дедилар: “Тўрт нарса кимда бўлса, у айни мунофиқдир. Кимда улардан биттаси бўлса, токи уни тарк этмагунча унда мунофиқлик хислати бор бўлади. Улар: омонат берилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, ваъдасини бузади, тортишса жанжаллашади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Муҳтарам жамоат! Қуйида Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул акбар” китобида келган баъзи ақидавий масалаларни баён қилиб ўтамиз:
- Пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Аби Толиб 0 дирлар. Улар ҳақ узра яшаб, ҳақ билан бирга ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини дўст тутамиз. Расулуллоҳ ﷺнинг саҳобаларидан ҳеч бирига ёмонликни нисбат бермаймиз, балки яхшилик билан ёд этурмиз.
- Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи гуноҳи кабира гуноҳ бўлса ҳам, уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса. Ундан имон исмини ҳам олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўмин деб аташ мумкин, фақат “кофир” деб эмас.
- Оёқ кийимига масҳ тортиш – суннат.
- Рамазон ойи кечаларида ўқиладиган таровеҳ намози – суннат.
- Ҳар қандай солиҳ ва фожир мўминга иқтидо қилиб, намоз ўқиш жоиз.
- Мўмин кишининг қилган гуноҳлари унга зарар қилмайди, демаймиз. Яна уни дўзахга киритмайди ҳам, демаймиз. Лекин у ерда уни абадий қолдиради ҳам демаймиз, ҳатто у фосиқ бўлган тақдирда ҳам. Аммо дунёдан имонли кетган бўлиши шарт.
- Барча савобли ишларимиз қабул қилинур ёки гуноҳларимиз кечирилур ҳам демаймиз. Лекин айтамизки, ҳар ким қайси бир савобли ишни барча шартлари билан, уни бузиб қўядиган айблардан холи ҳолда адо этган бўлса ҳамда дунёдан шу ҳолатда ўтган бўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг яхши амалларини зое кетказмайди. Балки уни қабул этади ва унга яраша савоб ёзади. Аллоҳ таоло барчаларимизни билганларимизга амал қилиб, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат билан умргузаронлик қилмоғимизга муяссар айласин. Омин!
Илова: Муҳтарам имом-домла!
Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида топилган нефть конида қайтадан қазиш ишларини олиб борилмоқда. Шу муносабат билан жума намози сўнгида олиб борилаётган ушбу қазиш ишларининг самарали ва баракотли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб жамоат билан дуо қилишингизни мақсадга мувофиқ деб биламиз.
Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табриклари ва эзгу тилакларини йўллади:
Аввало, Азиз қардош ва дўст Ўзбекистон халқига энг самимий саломларимни, ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман.
Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги географик масофага қарамай, қалбларимиз бир-бирига энг яқин халқларданмиз. Мустаҳкам биродарлик ришталаримиз мавжуд. Умумий тарихимиз, маданий меросимиз ва қадриятларимиз бор. Ўзбекистон бизнинг ота юртимиздир.
Айниқса, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихий даражада мустаҳкамланиб, изчил ривожланмоқда.
Бунга мисол сифатида жорий йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенг таркибдаги делегация билан Туркияга амалга оширган ташрифини келтириш мумкин. Ушбу ташриф доирасида Истанбулдаги Ўзбекистон мактаби ҳамда Ҳатай вилоятида зилзиладан жабр кўрган фуқаролар учун барпо этилган “Ўзбекистон маҳалласи”нинг очилиш маросимлари икки мамлакат ўртасидаги қардошлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ҳурматли биродарим – Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов билан биргаликда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида жойлашган “Ўзбекистон маҳалласи”га ном бериш маросимида иштирок этдик. Маросим самимий ва дўстона муҳитда ўтди.
Фурсатдан фойдаланиб, Туркияда юз берган зилзиладан кейин Ўзбекистон халқи томонидан кўрсатилган беқиёс қардошлик ёрдами учун яна бир бор самимий миннатдорчилигимизни билдираман.
“Ўзбекистон маҳалласи” ва “Ўзбекистон мактаби” икки давлат ўртасидаги дўстлик ва биродарликнинг абадий рамзларига айланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан тараққиётни биз ҳар бир ташрифимизда ўз кўзимиз билан кўрмоқдамиз. Барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ўзбекистон нафақат иқтисодий тараққиёт, балки фикр, фалсафа, илм-фан ва санъат соҳаларида ҳам Ислом цивилизациясининг Учинчи Ренессанси сари дадил қадам ташламоқда.
Бу борада Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли ва самарали раҳбарлигини алоҳида эътироф этаман ҳамда унга чуқур ҳурматимни билдираман.
Ишонаманки, Ўзбекистонда шаклланаётган Учинчи Ренессанс нафақат мамлакатнинг ўзи, балки бутун Ислом олами учун янги юксалиш даврининг бошланиши бўлади.
Буюк маданий меросга эга Ўзбекистон Алишер Навоий, Аҳмад ал-Фарғоний, Али Қушчи ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларни етиштирган заминдир. Бу юрт илм-фан, фалсафа, астрономия ва бошқа кўплаб соҳаларда инсоният цивилизациясига беқиёс мерос қолдирган.
Шу билан бирга, ислом илмлари соҳасида ҳам Ўзбекистон улкан маънавий бойликка эга. Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк тасаввуф уламоларининг мероси ушбу заминнинг Ислом тафаккуридаги юксак ўрнини намоён этади.
Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг илмий мероси бутун ислом оламининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Умид қиламанки, Ўзбекистон илм-фан, тараққиёт ва маърифат соҳасидаги ютуқлари орқали нафақат ўзининг янада юксалишига, балки Турк дунёси ва бутун Ислом оламининг равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшишда давом этади.
Яна бир бор азиз Ўзбекистон халқига энг самимий саломларим ва эзгу тилакларимни йўллайман.
Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга мамлакат тараққиёти ва халқаро майдондаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман. Аллоҳ таоло ўзларига сиҳат-саломатлик, узоқ ва баракали умр ато этсин ҳамда Ўзбекистон халқи, Турк дунёси ва Ислом олами йўлида янада улкан хизматларни амалга ошириш насиб қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати