Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Қачон жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк қилинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир», (Жума сураси, 9-оят).
Ушбу ояти карима жума намозининг фарзлигини баён қилувчи оятдир. Бунга Ислом умматидан ҳеч ким хилоф қилмайди.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуёш чиққан кунннинг энг яхшиси жума кунидир, чунки у кунда Одам алайҳиссалом яратилган, у кунда жаннатга киритилган ва у кунда жаннатдан чиқарилган ва қиёмат ҳам жума куни бўлади”, дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ривоят қиладилар: “Агар кимки жума куни ғусл қилиб, жума намозига борса, ўша ғусл баданини поклаганидек жума намози гуноҳларини ювади ва ҳар бир қадамига Аллоҳ таоло йигирма йиллик ибодат савобини, жума намозини ўқиб бўлгач, икки юз эллик тоат-ибодатнинг савобини у банданинг номаи амолига ёзади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло фаришталарга жума куни ерга тушишни амр этади. Ҳар бирининг қўлида олтин қалам ва нуқрадан қўғоз бўлиб, ер юзида масжидлар олдига бориб туришади. Фаришталар жума куни масжид эшигидан кириб келганларнинг исмини ёзиб оладилар. “Илоҳо, сенинг фармонинга биноан жума масжидига кирганларнинг исмини ёзиб келдик”, дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Улар қанчалик гуноҳкор бўлишмасин, ҳамма гуноҳларини мағфират этдим”, дейди.
Саид ибн Мусайяб айтадилар: “Жума намозига боришим менга нафл ҳажни қилишдан севимлироқдир”.
Каъбул Ахбор: “Бир қадаҳ олов ичмоғим мен учун бир қадаҳ ароқ ичмоғимдан яхшироқ. Бир қадаҳ ароқ ичмоғим намози жумага бормай қолишимдан яхшироқ. Намози жумага бормай қолишим одамларнинг сафлари устидан хатлаб ўтишимдан яхшироқ”, деб айтганлар.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
тайёрлади
Тумандаги “Мулла Жумабой” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда қозиёт масъуллари, бош имом-хатиблар, ҳожилар ва маҳалла раислари жам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан июль ойининг “Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар ва масжид қавми бошчилигида кўчалар, масжид атрофлари тозаланди. Шунингдек, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳовли-жойларида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Тўрткўл туманидаги 10 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, қуйидаги хайрли амаллар бажарилди:
Ҳожиларни жалб этган ҳолда маҳаллалардаги муаммоли оилалар ҳолидан хабар олинди;
Ҳомийлар кўмагида 120 та эҳтиёжманд хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди;
Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари тарқатилди;
Имом-хатибларнинг фаолияти ўрганилиб, масжид бошқаруви ва маърифий ишларни янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ҳудудда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати