Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446

Фаоллаштирилган кўмирнинг фойдали жиҳатлари

01.11.2017   36944   7 min.
Фаоллаштирилган кўмирнинг фойдали жиҳатлари

Активлаштирилган кўмир таблеткалари инсон  саломатлигидаги қандай муаммоларни ҳал қилади?


Активлаштирилган кўмир — инсон организмини тозалашда дунёдаги энг қадимий ва оммавий услублардан биридир.

У минг йиллар давомида шарқ табобатида, хусусан хитой табобатида заҳарланишга қарши восита сифатида қўлланиб келган.

Бизнинг давримизда эса, бу восита алкогол ва гиёҳвандлик моддалари билан заҳарланишда биринчи ёрдам воситаси сифатида ишлатилади.

Детоксификация — активлаштирилган кўмирнинг ёлғиз шугина бўлмаган, бир қатор хоссаларидан энг асосийсидир.

Агар сиз овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилаш, холестерин миқдорини пасайтириш  ва ҳатто қартайишни секинлаштириш учун табиий восита излаётган бўлсангиз — активлаштирилган кўмир бу соҳада мислсиз воситадир.

Активлаштирилган кўмирнинг саломатлик учун

10 хил фойдали хоссалари:

1. Метеоризм ва қорин дам бўлишидан фойдали восита  
Қорин дам бўлиши ҳаммада ҳам содир бўлиб туради. Мутахассислар фикрича, ҳар бир киши суткасига 14 марта дамдан фориғ бўлиб туриши меъёрий-табиий ҳолат ҳисобланади. Лекин сизни метеоризм ёки оғриқли қорин дам бўлиши безовта қилаётган бўлса, бунда сизга активлаштирилган кўмир ёрдам беради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, овқат истеъмолидан олдин активлаштирилган кўмир таблеткалари истеъмол қилинганида,  ичакларда йиғилган газлар миқдори сезиларли равишда қисқаради.

2. Холестерин миқдорини пасайтириш

Холестерин миқдорининг кўпайиши юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиш эҳтимолини икки баробарга кўпайтиради.

Бир ой мобайнида 8 г миқдордаги активлаштирилган кўмир таблеткасидан уч маҳал ичиб юрган кишиларда LDL-зарарли холестерин миқдори 41% га пасайганини, ва фойдали  HDL-холестерин эса, 8 % га кўпайганини тадқиқотлар исботлади.

3. Буйраклар саломатлигини асраш
Ҳар куни инсон буйраклари тахминан 115-140 литр қонни тозалаб беради, натижада  чиқинди ва ортиқча суюқликлардан иборат 1-2 литр пешоб ажратиб беради. Жигар билан биргаликда буйраклар Яратганнинг табиатдаги энг мукаммал тозалаб берувчи тизимини ташкил этади.

Лекин овқатланиш давомида шакар, туз, жониворлар оқсили, ёғлар ва турли консервантларни ҳаддан ташқари суистеъмол қилиш турли касалликлар ва буйрак фаолиятида етишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Активлаштирилган кўмир пешоб, бошқа заҳарли ва зарарли суюқликларни организмдан чиқариб юбориши сабабли, бу фойдали табиий шифобахш восита буйраклар саломатлигини сақлашда беқиёс ёрдам беради.

4. Овқатланишдан содир бўлган заҳарланишни тезда баотараф қилиш

Овқатланишдан содир бўлган заҳарланиш ҳолати кишилар ўртасида кенг тарқалган ҳодиса — фақат биргина АҚШда ҳар йили кишилар ўртасида 48 млн заҳарланиш ҳолати қайд этилади.
Кўнгил айнишдан, ич кетишидан, қоринда бўладиган оғриқдан, овқатланишдан бўладиган заҳарланишдан сўнг йўқотиладиган кунлардан ҳимояланиш усулларидан бири бу — мазкур нохуш ҳолатлар кузатилганининг дастлабки лаҳзаларидаёқ активлаштирилган кўмир таблеткаларидан истеъмол қилиш.  Активлаштирилган кўмир истеъмол қилиш овқатланишдан кузатиладиган заҳарланишда ҳам тавсия этилади, чунки у токсин (заҳарли) моддаларни бартараф қилади.

5. Терининг майин ва юмшоқ бўлиш сири

Кир ва ёғ теридаги тешикчаларни бекитиб қўяди. Улар юз терисига салбий таъсир кўрсатиб, инсонни қаримсиқ қилиб кўрсатади, терини тозалаш учун ишлатиладиган замонавий воситалар эса, зарарли кимёвий моддалар билан тўйинтирилган.

 Активлаштирилган кўмир гўё магнит каби тери тешикчаларидан кир ва ёғларни сўриб олади, терини тоза, мусаффо ва юмшоқ ҳолга келтиради.

6. Ипакдек товланадиган сочлар 

Инсон терисининг кўркамлиги ва чиройига зарар етказувчи токсинлар, кир ва ёғлар сочларга ҳам ўз таъсирини кўрсатади, улар кўринишини нохуш ва кўримсиз ҳолатга олиб келади.

Активлаштирилган кўмир соч фолликуллари(тухум ҳужайра, соч илдизи тўқималари)ни тозалайди, уни ипакдек майин ва чиройли товланадиган қилади. Экологик зарарли химикатлардан иборат шампунлардан фарқли ўлароқ,     активлаштирилган кўмир 100 % экологик тоза, таббий моддалардан ташкил топган воситадир.

7. Тишларни садафдек оқартириш

Тиш чўткасига       активлаштирилган кўмирни майдалаб сепиб, ҳафтасига 2-3 марта тишлар ювилса, кифоя қилади. Активлаштирилган кўмир тиш эмалини тозалайди, тишлар сиртида пайдо бўлаётган кераксиз кир қатламини микроскопик зарралардан тозалаб, асл-мусаффо ҳолига келтиради.

8. Оғиздан ёқимли ҳид келиши

Оғиздан келадиган нохуш ҳиддан фориғ бўлишда ҳам активлаштирилган кўмир қўл келади. Бу нафақат нохуш ҳидни йўқотувчи восита, балки оғиз бўшлиғидаги кислота-ишқор мувозанатини меъёрига келтирувчи табиий воситадир, бу эса тиш ва милкларни ҳар хил касалликлар ва бактериялардан ҳимоялайди. Тишингизни активлаштирилган кўмир билан тозаланг, ҳаяжонланишга ўрин йўқ, у мазага эга эмас, қоралиги ҳам сизни ўйлантирмасин, оғизни ғарғара қилиб ювилганда кўмир ранги ҳам ювилиб кетади.

9. Эрта қартайишнинг олдини олиш

Активлаштирилган кўмир фаоллиги инсонни ёшартириши, тери ва сочларга чирой бериши, тишларни садафдек оқартириши билан чекланмайди. Активлаштирилган кўмир таблеткаларини мунтазам истеъмол қилиш соғлом ҳужайраларни ўлдириб, тананинг эрта қартайишига сабаб бўлувчи зарарли токсин ва шлакларни организмдан чиқариб юбориши илмий тадқиқотлар асосида исботланган.

10. Овқат ҳазм қилиш тизимини тозалаш

Сабзавот ва мевалардаги пестицидлар, ҳайвонни сўйилмасидан олдин уни семиртириш учун қўшиладиган гўштидаги гормонлар, ичимлик сувлардаги кимёвий моддалар  — биз ўта токсик шарт-шароитларда яшаяпмиз.

Бу зарарли моддалар инсон организми ошқозон-ҳазм тизимида  йиғилиб боради, бу эса, шамоллаш касалликларини келтириб чиқаради ва куч-қувватни кесади. Мустаҳкам соғлик ва яхши кайфият учун ошқозон-ичаклар ҳазм тизимини мунтазам тозалаб туриш лозим. Бу мақсадга эришишнинг энг яхши воситаси — активлаштирилган кўмир таблеткаларини истеъмол қилиш. Етти кун кўмир таблеткалари билан детоксификация (зарарли моддалардан организмни тозалаш) қилиш — сизнинг саломатлигингизни тиклашга асосдир. 

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

31 октябрь 2017 йил

 

 

 

Табобат
Бошқа мақолалар

Табиат ҳам Сизни ҳалок этмасин

20.06.2025   9068   6 min.
Табиат ҳам Сизни ҳалок этмасин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.

Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.

Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.

Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.

Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).

Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.

Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:

«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».

Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...

Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.

Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.


«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан