Активлаштирилган кўмир таблеткалари инсон саломатлигидаги қандай муаммоларни ҳал қилади?
Активлаштирилган кўмир — инсон организмини тозалашда дунёдаги энг қадимий ва оммавий услублардан биридир.
У минг йиллар давомида шарқ табобатида, хусусан хитой табобатида заҳарланишга қарши восита сифатида қўлланиб келган.
Бизнинг давримизда эса, бу восита алкогол ва гиёҳвандлик моддалари билан заҳарланишда биринчи ёрдам воситаси сифатида ишлатилади.
Детоксификация — активлаштирилган кўмирнинг ёлғиз шугина бўлмаган, бир қатор хоссаларидан энг асосийсидир.
Агар сиз овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилаш, холестерин миқдорини пасайтириш ва ҳатто қартайишни секинлаштириш учун табиий восита излаётган бўлсангиз — активлаштирилган кўмир бу соҳада мислсиз воситадир.
Активлаштирилган кўмирнинг саломатлик учун
10 хил фойдали хоссалари:
1. Метеоризм ва қорин дам бўлишидан фойдали восита
Қорин дам бўлиши ҳаммада ҳам содир бўлиб туради. Мутахассислар фикрича, ҳар бир киши суткасига 14 марта дамдан фориғ бўлиб туриши меъёрий-табиий ҳолат ҳисобланади. Лекин сизни метеоризм ёки оғриқли қорин дам бўлиши безовта қилаётган бўлса, бунда сизга активлаштирилган кўмир ёрдам беради.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, овқат истеъмолидан олдин активлаштирилган кўмир таблеткалари истеъмол қилинганида, ичакларда йиғилган газлар миқдори сезиларли равишда қисқаради.
2. Холестерин миқдорини пасайтириш
Холестерин миқдорининг кўпайиши юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиш эҳтимолини икки баробарга кўпайтиради.
Бир ой мобайнида 8 г миқдордаги активлаштирилган кўмир таблеткасидан уч маҳал ичиб юрган кишиларда LDL-зарарли холестерин миқдори 41% га пасайганини, ва фойдали HDL-холестерин эса, 8 % га кўпайганини тадқиқотлар исботлади.
3. Буйраклар саломатлигини асраш
Ҳар куни инсон буйраклари тахминан 115-140 литр қонни тозалаб беради, натижада чиқинди ва ортиқча суюқликлардан иборат 1-2 литр пешоб ажратиб беради. Жигар билан биргаликда буйраклар Яратганнинг табиатдаги энг мукаммал тозалаб берувчи тизимини ташкил этади.
Лекин овқатланиш давомида шакар, туз, жониворлар оқсили, ёғлар ва турли консервантларни ҳаддан ташқари суистеъмол қилиш турли касалликлар ва буйрак фаолиятида етишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Активлаштирилган кўмир пешоб, бошқа заҳарли ва зарарли суюқликларни организмдан чиқариб юбориши сабабли, бу фойдали табиий шифобахш восита буйраклар саломатлигини сақлашда беқиёс ёрдам беради.
4. Овқатланишдан содир бўлган заҳарланишни тезда баотараф қилиш
Овқатланишдан содир бўлган заҳарланиш ҳолати кишилар ўртасида кенг тарқалган ҳодиса — фақат биргина АҚШда ҳар йили кишилар ўртасида 48 млн заҳарланиш ҳолати қайд этилади.
Кўнгил айнишдан, ич кетишидан, қоринда бўладиган оғриқдан, овқатланишдан бўладиган заҳарланишдан сўнг йўқотиладиган кунлардан ҳимояланиш усулларидан бири бу — мазкур нохуш ҳолатлар кузатилганининг дастлабки лаҳзаларидаёқ активлаштирилган кўмир таблеткаларидан истеъмол қилиш. Активлаштирилган кўмир истеъмол қилиш овқатланишдан кузатиладиган заҳарланишда ҳам тавсия этилади, чунки у токсин (заҳарли) моддаларни бартараф қилади.
5. Терининг майин ва юмшоқ бўлиш сири
Кир ва ёғ теридаги тешикчаларни бекитиб қўяди. Улар юз терисига салбий таъсир кўрсатиб, инсонни қаримсиқ қилиб кўрсатади, терини тозалаш учун ишлатиладиган замонавий воситалар эса, зарарли кимёвий моддалар билан тўйинтирилган.
Активлаштирилган кўмир гўё магнит каби тери тешикчаларидан кир ва ёғларни сўриб олади, терини тоза, мусаффо ва юмшоқ ҳолга келтиради.
6. Ипакдек товланадиган сочлар
Инсон терисининг кўркамлиги ва чиройига зарар етказувчи токсинлар, кир ва ёғлар сочларга ҳам ўз таъсирини кўрсатади, улар кўринишини нохуш ва кўримсиз ҳолатга олиб келади.
Активлаштирилган кўмир соч фолликуллари(тухум ҳужайра, соч илдизи тўқималари)ни тозалайди, уни ипакдек майин ва чиройли товланадиган қилади. Экологик зарарли химикатлардан иборат шампунлардан фарқли ўлароқ, активлаштирилган кўмир 100 % экологик тоза, таббий моддалардан ташкил топган воситадир.
7. Тишларни садафдек оқартириш
Тиш чўткасига активлаштирилган кўмирни майдалаб сепиб, ҳафтасига 2-3 марта тишлар ювилса, кифоя қилади. Активлаштирилган кўмир тиш эмалини тозалайди, тишлар сиртида пайдо бўлаётган кераксиз кир қатламини микроскопик зарралардан тозалаб, асл-мусаффо ҳолига келтиради.
8. Оғиздан ёқимли ҳид келиши
Оғиздан келадиган нохуш ҳиддан фориғ бўлишда ҳам активлаштирилган кўмир қўл келади. Бу нафақат нохуш ҳидни йўқотувчи восита, балки оғиз бўшлиғидаги кислота-ишқор мувозанатини меъёрига келтирувчи табиий воситадир, бу эса тиш ва милкларни ҳар хил касалликлар ва бактериялардан ҳимоялайди. Тишингизни активлаштирилган кўмир билан тозаланг, ҳаяжонланишга ўрин йўқ, у мазага эга эмас, қоралиги ҳам сизни ўйлантирмасин, оғизни ғарғара қилиб ювилганда кўмир ранги ҳам ювилиб кетади.
9. Эрта қартайишнинг олдини олиш
Активлаштирилган кўмир фаоллиги инсонни ёшартириши, тери ва сочларга чирой бериши, тишларни садафдек оқартириши билан чекланмайди. Активлаштирилган кўмир таблеткаларини мунтазам истеъмол қилиш соғлом ҳужайраларни ўлдириб, тананинг эрта қартайишига сабаб бўлувчи зарарли токсин ва шлакларни организмдан чиқариб юбориши илмий тадқиқотлар асосида исботланган.
10. Овқат ҳазм қилиш тизимини тозалаш
Сабзавот ва мевалардаги пестицидлар, ҳайвонни сўйилмасидан олдин уни семиртириш учун қўшиладиган гўштидаги гормонлар, ичимлик сувлардаги кимёвий моддалар — биз ўта токсик шарт-шароитларда яшаяпмиз.
Бу зарарли моддалар инсон организми ошқозон-ҳазм тизимида йиғилиб боради, бу эса, шамоллаш касалликларини келтириб чиқаради ва куч-қувватни кесади. Мустаҳкам соғлик ва яхши кайфият учун ошқозон-ичаклар ҳазм тизимини мунтазам тозалаб туриш лозим. Бу мақсадга эришишнинг энг яхши воситаси — активлаштирилган кўмир таблеткаларини истеъмол қилиш. Етти кун кўмир таблеткалари билан детоксификация (зарарли моддалардан организмни тозалаш) қилиш — сизнинг саломатлигингизни тиклашга асосдир.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
31 октябрь 2017 йил
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ