Иорданиядаги “Сабил Хайр” жамғармаси 22 йилдан буён муҳтожлар, камбағаллар ва йўловчи мусофирларга таом тарқатиш билан шуғулланади.
“Реутерс” хабарига кўра, жамғарма кунига 3500 дан 4000 гача таом тайёрлаб, рўзадорлар саёҳатчилар ва йўловчиларга етказиб беради. Бу хайрия ишлари Маъан аҳлининг хайр-эҳсонлари ҳисобидан амалга оширилади.
“Сабил Маъан” ширкати масъули Маҳмуд Aбу Солиҳнинг айтишича, рўзадор зиёратчи ва йўловчиларга ифторлик хайрия қилиш одати юзлаб йиллар давомида ота-боболардан мерос бўлиб келмоқда.
Aбу Солиҳ таъкидлашича, баъзан Аллоҳдан ажру савоб умидида бевалар, етимлар, ҳатто болалар ҳам эҳсон ишларига ўз ҳиссаларини қўшганлар.
Фаластинлик умра зиёратчиси Нажа Муҳаммад Aбу Хадра жамғарма ҳақида бундай дейди: “Биз Саудия чегарасида ифторлик қилишни ният қилгандек. Аммо оғиз очиш маҳали Маъан шаҳрига тўғри келди. Маъан аҳлидан Аллоҳ рози бўлсин, бизни илиқ қарши олиб, ифторликлар беришди. Бундан жуда мамнун бўлдик. Улар ғоятда саховатли кишилар. Барча меҳмонлар қатори мен ҳам Иордания халқига миннатдорчилик билдираман.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати