Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини, сийратларини бошқа анбиёлардан кўра кўпроқ, яхшироқ биламиз. Шундай бўлиши табиий ҳол, зотан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушриклар зулмига, кофирлар адоватига, дин душманларининг фисқу ҳасадларига қарши кўрсатган сабру матонати, лутфу карами, ҳилму шарофатини дўсту душман баробар эътироф этган. Илло, бу – буюк ҳақиқат эди. Нафақат Қурайш қабиласи, балки ён-атрофдаги барча араблар у зотни “Ал-Амин” – ишончли, содиқ, тўғри сўз, самимий, пок инсон, деб билгани ҳолда рисолатларига ишонмасдан ёлғончига чиқаришди. Аммо у Пайғамбар алайҳиссалом сабр қилдилар, Исломни етказишда собитқадам бўлдилар. У зотга рисолат келган заҳоти Макка аҳлини йиғиб: «Эй қавм! Агар мен ана шу тоғнинг ортида душманнинг отлиқ лашкари келяпти десам ишонасизми?» дедилар. Қавм ҳеч иккиланмасдан: «Ҳа, албатта, ишонамиз», деди. Пайғамбар алайҳиссалом бу гапни бекорга айтмадилар, асли йўқ хабарга ишонган қавм энди энг буюк ҳақиқатга – Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган буюк хабарга ҳам ишониши керак эди. Аммо «Ундай бўлса, Аллоҳ таоло мени сизларга Пайғамбар этиб тайинлади» деб рисолатни баён қилган эдилар, ҳозиргина йўқ гапга ишонамиз деб турган қавм бу ҳақ сўзга ишонмади. У зотнинг рисолатларини рад қилди, ўзларини ҳали ёлғончига, ҳали шоирга, ҳали сеҳргарга, ҳатто телбага чиқаришди. Аввалги пайғамбарларга золим қавми нимаики ёмонлик қилган бўлса, барчасини қилди. Ўша даврда арабларда сўз санъати юксак чўққиларга кўтарилган эди. Араблар ўша даврнинг энг бузилган, энг жоҳил, салкам ёввойи қавмига айланиб қолган бўлса-да, сўз санъатида, баёнда, нутқда, тилда ниҳоятда тараққий этган эди. Бу даврнинг шеърияти дунё назм майдонида етиб бўлмас юксакларда эди. Бироқ, ана шу кўкларга кўтарилган шеърият ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган Қуръони каримнинг энг кичкина сураси қаршисидаёқ ожиз қолди, Қуръони каримнинг илоҳий ҳикматлари, шомил оятлари олдида таслим бўлиб, бош эгишга, енгилганини тан олишга мажбур бўлди. Бу улкан мағлубиятнинг аламига чидай олмаган қавм у зотга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган туҳматларни қилди, яккалаб қўйди, қизларининг оиласини бузди, ўғиллари вафот қилса, насли узилган, “абтар” деб маломат қилди, аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасига тоғдек матонат билан туриб бердилар, ширкка, бутпарастликка муккасидан кетган, дуч келган нарсага олиҳа деб сиғиниб юрган залолатдаги қавмга тавҳид ғоясини – Лаа илааҳа иллаллоҳ – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деган илоҳий ҳақиқатни етказишда собит турдилар. У зотнинг метиндек мустаҳкам, барқарорликларини кўриб, мушриклар ҳийла йўлига ўтди, даъволаридан қайтариш учун ҳали шаҳват, ҳали мол-дунё, ҳали ҳокимият таклиф қилиб кўрди. Бироқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у муҳтарам зотга ҳақиқатни кўрсатиб, бутун башарият тақдири у зотга боғлиқ эканини англатиб турар эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу буюк вазифадан бир лаҳза ҳам чекинмадилар.
Оламларга раҳмат қилиб юборилган бу буюк зот ана шу ношукр, ғофил, жоҳил, мушрик, кофир қавмга ачинар эдилар, уларнинг охиратда азоб-уқубатда қолишини истамас эдилар. Шунинг учун тошбўрон қилишса ҳам, кавушлари қонга тўлса ҳам сабр қилдилар, фаришталар келиб, ёрдам берайликми, бу қавмни ер билан яксон қилайликми деб туришса ҳам қавмни қарғамадилар, аксинча, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Барча қийинчиликлар, жабру ситамларга сабр қилдилар, маънавий ва моддий тазйиқларга чидадилар, она Ватанларидан қувилдилар, аммо Аллоҳ таолонинг динини умматга етказдилар, инсониятга икки дунё саодати йўлини шахсий намуна ўлароқ кўрсатиб бериб, дунё тарихидаги нубувват ва рисолат силсиласини якунлаб, сўнг рафиқул аълога интиқол қилдилар.
Дунё ҳаёти турли-туман қийинчиликлардан, мусибатлардан холи бўлмаслиги табиий. Ҳар бир инсон умри давомида мусибатларга йўлиқади, қийинчиликларга дуч келади, туҳматларга қолади, ёмонликларга мубтало бўлади, фитналарга қурбон бўлади. Лекин ҳар сафар банда Парвардигорининг ўзи билан бирга эканини унутмаслиги керак. Агар у ҳақ йўлда бўлса, бу ноҳақликларга, фитналарга, туҳматларга сабр қилиш керак. Аллоҳ таоло билан роз айтишган, ваҳий орқали боғланиб турган пайғамбарлар ҳам мусибатларга сабр қилди, сиз билан биз сабрли бўлайлик!
Пайғамбар алайҳиссалом ёмонларни қарғамадилар, биз ҳам қарғамайлик!
Пайғамбар алайҳиссалом озорнинг энг қаттиғини кўрганларида ҳам одамзотнинг ҳолатини, табиатини тушундилар, уларни дуоибад эмас, дуоихайр қилдилар, биз ана шу суннатга эргашайлик!
Ҳолбуки, сизу бизга Муҳаммад алайҳиссаломдан илм билан биргаликда умматнинг ғам-ташвиши ҳам мерос бўлиб қолди, зиммамизга юкланди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон банда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳаракатидан ўрнак олиб яшамоғи керак.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати