Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжуманида сўзлаган маърузасида Ўзбекистонда виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланиб, диний бағрикенглик тобора мустаҳкамланаётгани, қисқа вақтда Қорақалпоғистонда “Имом Эшон Муҳаммад” масжиди, Хоразмда “Охун бобо” масжиди, Тошкентда “Сузук ота” масжидини катта мажмуа шаклида бунёд этилаётгани, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилаётгани, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш бошлагани катта туҳфа бўлгани ҳақида сўз юритдилар.
Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани аждодларимизнинг бой маънавий мероси бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият беришини таъкидладилар ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академиясининг очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига катта ишонч уйғотишини айтдилар.
Муфтий ҳазратлари нутқини: “Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз меҳмонларни диёримизнинг энг мўътабар масканлари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб, азиз-авлиёлар хоки поклари қўним топган жойларни зиёрат қилишга таклиф этаман”, деган таклиф билан якунладилар.
Муфтий ҳазратларининг таклифларига биноан анжуманга ташриф буюрган эътиборли меҳмонлар кеча Ҳазрати Имом мажмуасига зиёратга келиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ҳазрати Имом жоме масжиди билан танишдилар. сўнгра Ҳазрати Усмон Мусҳафини, Бароқхон мадрасасини, Қаффол Шоший ва Зиёвуддин Эшон Бобохон мангу қўним топган масканларни зиёрат қилдилар. Тошкент Ислом институтига бориб ўқитувчи ва талабалар билан самимий суҳбат қурдилар. Ундан кейин эса “Минор” жоме масжидига бордилар. Кечаги куннинг энг муҳим воқеаси хорижлик меҳмонларнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви бўлди.
Бугун тонгдан меҳмонлар муфтий ҳазрат бошчилигида «Афросиёб» тезюрар поездига ўтириб Самарқандга қараб йўлга тушган эди. Улар куннинг биринчи ярмида Самарқандга етиб боришди. Уларни вилоят раҳбарлари ва олиму уламолари, навқирон ёшлар ҳамроҳлигида катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Нуфузли меҳмонлар “Регистон плаза» меҳмонхонасига жойлашди ва вақтни ғанимат билиб Имом Бухорий ҳазратларининг зиёратига ошиқдилар.
Жума намозини ушбу муборак масканда ўқидилар. Сўнгра Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат этишди. Энди эса шаҳардаги диққатга сазовор жойларни кўздан кечирмоқдалар.
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Российская газета”сида “Учинчи Ренессанс: Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал юксалишига хизмат қилмоқда” номли таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази илм-фан, таълим ва замонавий рақамли технологияларни бирлаштирган йирик маданий-маърифий платформа сифатида тақдим этилган. Пойтахтимизда қарийб 10 гектар майдонни эгаллаган ва VII асрга оид муқаддас Усмон Қуръонини сақлайдиган ушбу мажмуанинг ташкил этилиши Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ислом динининг маърифий моҳиятини тарғиб қилиш бўйича илгари сурилган ташаббуси билан бевосита боғланади. Учинчи Ренессанс концепцияси ва Шарқнинг буюк алломалари мероси орқали мақолада мамлакат илмий тараққиётининг узвийлиги - қадимги кашфиётлардан тортиб сунъий интеллект, VR ва AR-технологиялари қўлланилган интерактив экспозицияларгача кенг ёритилган.
Шунингдек, нашрда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми якунлари, унда 20 га яқин битимлар имзолангани таъкидланган. Улар орасида Халқаро медиаальянс тузиш, “Цивилизация овози” танловини таъсис этиш ҳамда миллий артефактларни хориждан қайтариш бўйича ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қарорлар ўрин олган бўлиб, бу Ўзбекистон маданий меросини дунёда тизимли тарғиб қилиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати