Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

20.10.2017 й. Эрта турмуш – келтирар ташвиш

17.10.2017   11626   12 min.
20.10.2017 й. Эрта турмуш – келтирар ташвиш

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Барчамизга маълумки, никоҳ бу - икки шахсни бир-бири билан ҳам шаръий ва қонуний жиҳатдан боғловчи муқаддас алоқа. Аллоҳ таоло никоҳни инсониятга жуда ҳам буюк ва кўплаб манфаатлари борлиги учун жорий қилган. Бу манфаатларнинг энг муҳимларидан бири ҳар икки тараф учун ҳам нафс хотиржамлиги, жисмоний ва руҳий сокинлик ҳамда меҳр ва муҳаббат нашидасини суриб, ҳаёт кечиришдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

(وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ  (سُورَةُ الرُّوم/21

яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси,       21-оят). Демак, инсон ҳақиқий маънода осойишта ва бахтли ҳаётга оила қуриш орқали эришар экан. Оила қуриш имконияти бўла туриб, уйланмаган эркак ёки турмушга чиқмаган аёлнинг ҳаёти тўлақонли бўлмаслиги ҳам ҳақиқат. Шунинг учун динимизда никоҳга кенг тарғиб этилган. Каломи шарифда:

(هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ  (سورة البقرة/187

яъни: “...Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз...”, дейилган (Бақара сураси, 187-оят). Уламолар ушбу ояти кариманинг тафсирларида “либос” сўзига турлича маънолар берганлар. Баъзилар эр-хотин бир-бирининг айбу нуқсонини либос каби яширади, десалар, бошқа бирлари эр-хотин бир-бирларини фаҳш ва зинодан сақлайдилар, деган маъноларни берганлар.

Муҳтарам азизлар! Юқоридаги ояти карималарнинг маъносига диққат билан эътибор берадиган бўлсак, қуйидаги нарсани англашимиш мумкин бўлади. Инсон улғайиб маълум ёшга етганда оила қуриб яшашни истаб қолади. У ўзи учун ҳаётнинг мазмуни оила қуриб яшашда эканлигини англай бошлайди. Ана шу вақтга етганда қодир бўлганлар оила қуриши лозим бўлади. Демак, тўлақонли оила қуриш учун эркак ҳам, аёл ҳам ҳар томонлама етук бўлиши даркордир.

Минг афсуски, кейинги вақтларда қизларни эрта турмушга узатиш энг долзарб ва ҳаммани ўйлантирадиган муаммоли масалалардан бўлиб қолмоқда. Ота-оналар орзу-ҳавасга тезроқ етишиш мақсадида, ҳатто, ёшларнинг фикри билан қизиқмасдан тўй қилиш тараддудига тушиб кетмоқдалар. Йигит-қизлар турмушга тайёрми, йўқми, буни ҳисобга олмаяпдилар. Айрим инсонлар балоғат ёшини камолот ёши, деб тушунишади. Аслида эса балоғат ёши никоҳ ёши эмас, балки никоҳ қуриш учун вояга етган бўлиш шарт. Шунинг учун ҳам шариатимизда қиз болани турмушга беришда унинг розилиги сўралади. Қуръони каримда марҳамат қилинган:

وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آَنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدً فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ

(سورة النساء/6).

яъни: “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз!” (Нисо сураси, 6-оят). Ояти кариманинг маъносига қарасак, балоғат ёши вояга етиш вақтидан бошқа эканлиги маълум бўлади.

Янги қурилаётган ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, ундан соғлом авлод дунёга келиши, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва бошқа шу каби ҳаётий масалалар. Ана шу илк қадам – қизларимизнинг вояга етиб, турмушга чиқиши билан бевосита боғлиқдир.

Эрта турмушнинг олдини олиш, деганда масала нафақат турмуш қуриш ёши ҳақида, балки эрта турмушнинг ёшлар ҳаётига, саломатлигига салбий таъсири, инсонлар орасидаги инсонийликнинг қадрсизланишининг олдини олишдадир. Ўйламай қўйилган қадам бир эмас, бир неча оилаларнинг ташвишига сабаб бўлади. Эрта турмушга чиққан қизларимизда камқувватлик, болаларни ногирон ёки нобуд бўлиши, туғруқдан кейинги касаллик асоратларини кўп бўлиши, биринчи туғруқ оғир бўлганлиги сабабли, бошқа ҳомиладор бўла олмаслик, яъни наслнинг  кесилиши ҳолатлари кўрсаткичи ҳам руҳан, ҳам жисмонан турмушга тайёр аёлларга нисбатан бир неча баравар юқоридир. Пайғамбаримиз ﷺ ҳадисларининг бирида:

(عن أنس رضي الله عنه قال: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ يَوْمَ القِيَامَةِ" (أَخرَجَهُ الإِمَامُ ابنُ حِبَّان

яъни: Анас р.а. дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Эрларига меҳрибон, фарзанд кўра оладиган аёлларга уйланинглар. Чунки, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида мақтанаман” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Муҳтарам жамоат! Насл-насабимизнинг бевосита давомчилари бўлмиш фарзанд-набираларимизни вужудга келишида қиз ва  йигитларимиз ҳар томонлама баркамол, соғ-саломат бўлишларининг аҳамияти катта эканлигини унутмайлик. Шундан келиб чиққан ҳолда, бўлажак келин ва куёвларимизни  “ҳаёт” деб аталмиш  ва  айни вақтда катта  масъулият ва бурчга асосланган мустаҳкам оила қуриш ишига пухта тайёрлашимиз зарур. Бахтли ва саодатли келажак гарови бўлган мустаҳкам оила, соғлом она ва бола масъулиятига ҳеч қачон бепарво ва лоқайд бўлмайлик. Айниқса, бўлажак она, мураббия, оила бекаси бўладиган қизларимизни турмушга беришдан олдин тарбияси, соғлиғи, касб-ҳунар ўрганиши, яхши маълумотли бўлиши, оила, қайнона ва эри билан бўладиган муносабат ва муомалалар, бурч ва вазифаларини яхши билиши йўлида кўпроқ бош қотирайлик ва ҳаракат қилайлик. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ қизлар тарбияси, уларнинг саодатли бўлишлари борасида ота-оналарнинг вазифалари қандай бўлиши ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ جَابِرٍ بنِ عَبدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَليهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ كَانَ لَهُ ثَلَاثُ بَنَاتٍ يُؤدِّبُهنَّ وَ يَرحَمُهنَّ وَ يكفُلُهُنَّ وجَبَتْ لَهُ الجنَّةُ أَلْبَتَّةَ" قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ: "فإن كَانَتَا اِثنَتَينِ؟" قال: "وَ إِنْ كَانَتَا اِثنَتَينِ" قَالَ: "فَرَأَى بَعْضُ القَومِ أَن لَو قَالَ: "وَاحِدَةً" لَقَالَ: "وَاحِدَةً"

 (رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ).

яъни: Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ марҳамат қилдилар: “Кимнинг уч қизи бўлиб, уларга яхши одоб-ахлоқ ўргатса, раҳм-шафқат кўрсатиб барча таъминотларини кафолатласа, албатта, унга жаннат вожиб бўлади”. Ё, Расулаллоҳ! Агар иккита бўлсачи? – деб сўрашди. “Агар иккита бўлса ҳам”, – дедилар. Қавм орасидан бирлари агар битта бўлсачи, деб сўраганида, “битта бўлса ҳам”, деб жавоб берган бўлар эдилар”, деди (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло жисмонан етук, ақлан баркамоллик асосида янги оила қураётган қиз ва йигитларимизга икки дунёда бахтли ва саодатли бўлишларини насибу рўзи айласин! Омин.

Муҳтарам азизлар! Ҳанафий мазҳабимизда шаръий никоҳнинг бир неча шарт ва одоблари бўлиб, улар қуйидагилардир:

  1. Никоҳдан ўтувчилар оқил бўлишлари, яъни ақл-идроклари жойида, руҳий касалликдан холи бўлишлари шарт. Шунингдек, келин-куёв насаб, қудачилик, эмикдошлик каби бир-бирларига никоҳланишлари мумкин бўлмаган тоифалардан бўлмасликлари лозим;
  2. Ийжоб ва қабул. Яъни келин ва куёв никоҳга розиликларини ўтган замон феъли билан изҳор қилишлари (масалан, “бағишладим” ва “қабул қилдим” каби). Ҳозирги ёки келаси замон феълида айтилса никоҳ боғланмайди;
  3. Гувоҳлар. Яъни келин-куёвдан ташқари энг камида икки эркак ёки бир эркак билан икки аёл киши ҳозиру нозир бўлиб розилик сўзларини эшитишлари;
  4. Маҳр. Яъни куёвнинг келинга берадиган ҳаққи. Маҳрнинг энг оз миқдори 10 дирҳам (4,25 гр.) тиллодир. Агар 10 дирҳамдан кам маҳр белгиласа, 10 дирҳам беради. Агар никоҳ вақтида маҳрни тайин қилмаса, у ҳолда маҳри мисл вожиб бўлади. Маҳрнинг ярми нақд, қолганини турмуш давомида насия сифатида берилиши ҳам мумкин.
  5. Куёвнинг оила тебратишга моддий жиҳатдан қодир бўлиши,
  6. Розиликлари маълум бўлгандан кейин араб тилида никоҳ хутбасини ўқишлик суннат амаллардан ҳисобланади;
  7. Никоҳ ўқиш асносида никоҳ ўқувчи домла келин-куёвга оила, турмуш, никоҳ, талоқ, маҳр, ўзаро иззат ҳурмат каби зарур нарсалар тўғрисида насиҳат қилиши ҳам никоҳнинг одобларидандир.

 

 Жума тезисининг 20 октябрь 44-сонига илова

 

Муҳтарам азизлар! Шу кунларда юртимизда катта тадбир бўлиб ўтмоқда. У ҳам бўлса “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуси остида халқаро илмий конференция ўтказилди. Конференцияда иштирок этиш учун қатор давлатлардан олиму уламолар, хусусан, Озарбайжон Республикаси Шайхулисломи Оллошукур Пошшозода ташриф буюрдилар. Ушбу конференция Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари раҳбарлари ташаббуси билан ташкил этилган.

Дарҳақиқат, Ислом дини инсонларни бирликка ва ҳамжиҳатликка чорлайди. Қуйидаги ояти карималарнинг маъноси шунга далолат қилади:

(يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ  (سُورَةُ الحُجُرَاتِ/13

яъни: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

 

(وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ  (سُورَةُ المائِدَةِ/2

яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

            Пайғамбаримиз kдан ҳам бу борада бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Жумладан,

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا" قِيلَ،  يَا رَسُولَ اللَّهِ هذا نَصَرْتُهُ مَظْلُومًا فَكَيْفَ أَنْصُرُهُ ظَالِمًا؟ قَالَ: "تَمْنَعُهُ مِنَ الظُّلْمِ فَذَاكَ نَصْرُكَ إِيَّاهُ"

(رواه الامام البخاري).

яъни: Анас 0дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ k: “Биродарингга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бергин”, дедилар. Ё Расулуллоҳ k! Мазлумга мана ёрдам бердим, аммо золимга қандай қилиб ёрдам бераман? – деб сўрашди. Шунда: “Зулм қилишдан тўсасан, мана шу унга қилган ёрдаминг бўлади”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда шундай дейилади:

(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ 0 قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللَّه لا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَ أَمْوَالِكُمْ و لَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَ أعْمَالِكُمْ" (رواه الإمام مسلم و الإمام ابن ماجة

 

яъни: Абу Ҳурайра 0дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ k дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ва мол-дунёларингизга  эмас, балки қалбларингизга ва амалларингизга қараб баҳо беради” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривояти).Аллоҳ таоло дунё мусулмонларининг ҳамжиҳатлик ва бирдамлигини мустаҳкамласин. Нотинч ўлкаларга тинчлик ва омонлик, барча ислом юртларига фаровонлик ато айласин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Чин уста қолдими? (қидиряпман)

10.08.2026   12777   8 min.
Чин уста қолдими? (қидиряпман)

Бугуннинг гапи

“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
 

“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
 

 “Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
 

Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.


Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.


Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!


Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).


Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.


Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.


Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.


Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.


Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.


Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.


Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.


Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.


Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.


Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:

  •  Мен ҳам (ҳар бир шахс) жамиятнинг аъзосиман. Уй қурмоқчиман, лекин қурувчилик қўлимдан келмайди. Демак, устага эҳтиёжим бор. Унинг олдига бориб, уй қурмоқчиман, шартнома тузайлик, дейман. Усталар касби ортидан ризқ топади. Улар билан келишиб, бугунги нахр бўйича муайян сумма белгиланади. Муддати ва сифат кўрсаткичлари келишиб олинади. Ҳозирга кунда, Аллоҳ билувчироқ, устаман деганларнинг 70 фоизи алдамчи, найрангбоз, ҳийлакор: келишилган кунда белгиланган манзилга етиб келмайди, ишга кеч келиб, эрта кетади, вазифасини пухта бажармайди, ишини битирмасдан олдин пул сўрайди. Такасалтанг, таралла-бедод қилиб юради. Уйнинг эгаси ҳам хижолатда қолади. Аксарияти шунақа. Бундай усталарга ким ишонади? Уларга ким иш беради? Бундай тоифалар ўзига ўзи қилади, улар омадсизликни ўзларига чорлаб оладилар.


Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.


Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.

 

Толибжон НИЗОМ

Мақолалар