بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Барчамизга маълумки, никоҳ бу - икки шахсни бир-бири билан ҳам шаръий ва қонуний жиҳатдан боғловчи муқаддас алоқа. Аллоҳ таоло никоҳни инсониятга жуда ҳам буюк ва кўплаб манфаатлари борлиги учун жорий қилган. Бу манфаатларнинг энг муҳимларидан бири ҳар икки тараф учун ҳам нафс хотиржамлиги, жисмоний ва руҳий сокинлик ҳамда меҳр ва муҳаббат нашидасини суриб, ҳаёт кечиришдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
(وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ (سُورَةُ الرُّوم/21
яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят). Демак, инсон ҳақиқий маънода осойишта ва бахтли ҳаётга оила қуриш орқали эришар экан. Оила қуриш имконияти бўла туриб, уйланмаган эркак ёки турмушга чиқмаган аёлнинг ҳаёти тўлақонли бўлмаслиги ҳам ҳақиқат. Шунинг учун динимизда никоҳга кенг тарғиб этилган. Каломи шарифда:
(هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ (سورة البقرة/187
яъни: “...Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз...”, дейилган (Бақара сураси, 187-оят). Уламолар ушбу ояти кариманинг тафсирларида “либос” сўзига турлича маънолар берганлар. Баъзилар эр-хотин бир-бирининг айбу нуқсонини либос каби яширади, десалар, бошқа бирлари эр-хотин бир-бирларини фаҳш ва зинодан сақлайдилар, деган маъноларни берганлар.
Муҳтарам азизлар! Юқоридаги ояти карималарнинг маъносига диққат билан эътибор берадиган бўлсак, қуйидаги нарсани англашимиш мумкин бўлади. Инсон улғайиб маълум ёшга етганда оила қуриб яшашни истаб қолади. У ўзи учун ҳаётнинг мазмуни оила қуриб яшашда эканлигини англай бошлайди. Ана шу вақтга етганда қодир бўлганлар оила қуриши лозим бўлади. Демак, тўлақонли оила қуриш учун эркак ҳам, аёл ҳам ҳар томонлама етук бўлиши даркордир.
Минг афсуски, кейинги вақтларда қизларни эрта турмушга узатиш энг долзарб ва ҳаммани ўйлантирадиган муаммоли масалалардан бўлиб қолмоқда. Ота-оналар орзу-ҳавасга тезроқ етишиш мақсадида, ҳатто, ёшларнинг фикри билан қизиқмасдан тўй қилиш тараддудига тушиб кетмоқдалар. Йигит-қизлар турмушга тайёрми, йўқми, буни ҳисобга олмаяпдилар. Айрим инсонлар балоғат ёшини камолот ёши, деб тушунишади. Аслида эса балоғат ёши никоҳ ёши эмас, балки никоҳ қуриш учун вояга етган бўлиш шарт. Шунинг учун ҳам шариатимизда қиз болани турмушга беришда унинг розилиги сўралади. Қуръони каримда марҳамат қилинган:
وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آَنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدً فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ
(سورة النساء/6).
яъни: “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз!” (Нисо сураси, 6-оят). Ояти кариманинг маъносига қарасак, балоғат ёши вояга етиш вақтидан бошқа эканлиги маълум бўлади.
Янги қурилаётган ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, ундан соғлом авлод дунёга келиши, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва бошқа шу каби ҳаётий масалалар. Ана шу илк қадам – қизларимизнинг вояга етиб, турмушга чиқиши билан бевосита боғлиқдир.
Эрта турмушнинг олдини олиш, деганда масала нафақат турмуш қуриш ёши ҳақида, балки эрта турмушнинг ёшлар ҳаётига, саломатлигига салбий таъсири, инсонлар орасидаги инсонийликнинг қадрсизланишининг олдини олишдадир. Ўйламай қўйилган қадам бир эмас, бир неча оилаларнинг ташвишига сабаб бўлади. Эрта турмушга чиққан қизларимизда камқувватлик, болаларни ногирон ёки нобуд бўлиши, туғруқдан кейинги касаллик асоратларини кўп бўлиши, биринчи туғруқ оғир бўлганлиги сабабли, бошқа ҳомиладор бўла олмаслик, яъни наслнинг кесилиши ҳолатлари кўрсаткичи ҳам руҳан, ҳам жисмонан турмушга тайёр аёлларга нисбатан бир неча баравар юқоридир. Пайғамбаримиз ﷺ ҳадисларининг бирида:
(عن أنس رضي الله عنه قال: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمْ يَوْمَ القِيَامَةِ" (أَخرَجَهُ الإِمَامُ ابنُ حِبَّان
яъни: Анас р.а. дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Эрларига меҳрибон, фарзанд кўра оладиган аёлларга уйланинглар. Чунки, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида мақтанаман” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Муҳтарам жамоат! Насл-насабимизнинг бевосита давомчилари бўлмиш фарзанд-набираларимизни вужудга келишида қиз ва йигитларимиз ҳар томонлама баркамол, соғ-саломат бўлишларининг аҳамияти катта эканлигини унутмайлик. Шундан келиб чиққан ҳолда, бўлажак келин ва куёвларимизни “ҳаёт” деб аталмиш ва айни вақтда катта масъулият ва бурчга асосланган мустаҳкам оила қуриш ишига пухта тайёрлашимиз зарур. Бахтли ва саодатли келажак гарови бўлган мустаҳкам оила, соғлом она ва бола масъулиятига ҳеч қачон бепарво ва лоқайд бўлмайлик. Айниқса, бўлажак она, мураббия, оила бекаси бўладиган қизларимизни турмушга беришдан олдин тарбияси, соғлиғи, касб-ҳунар ўрганиши, яхши маълумотли бўлиши, оила, қайнона ва эри билан бўладиган муносабат ва муомалалар, бурч ва вазифаларини яхши билиши йўлида кўпроқ бош қотирайлик ва ҳаракат қилайлик. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ қизлар тарбияси, уларнинг саодатли бўлишлари борасида ота-оналарнинг вазифалари қандай бўлиши ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
عَنْ جَابِرٍ بنِ عَبدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَليهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ كَانَ لَهُ ثَلَاثُ بَنَاتٍ يُؤدِّبُهنَّ وَ يَرحَمُهنَّ وَ يكفُلُهُنَّ وجَبَتْ لَهُ الجنَّةُ أَلْبَتَّةَ" قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ: "فإن كَانَتَا اِثنَتَينِ؟" قال: "وَ إِنْ كَانَتَا اِثنَتَينِ" قَالَ: "فَرَأَى بَعْضُ القَومِ أَن لَو قَالَ: "وَاحِدَةً" لَقَالَ: "وَاحِدَةً"
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ).
яъни: Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ марҳамат қилдилар: “Кимнинг уч қизи бўлиб, уларга яхши одоб-ахлоқ ўргатса, раҳм-шафқат кўрсатиб барча таъминотларини кафолатласа, албатта, унга жаннат вожиб бўлади”. Ё, Расулаллоҳ! Агар иккита бўлсачи? – деб сўрашди. “Агар иккита бўлса ҳам”, – дедилар. Қавм орасидан бирлари агар битта бўлсачи, деб сўраганида, “битта бўлса ҳам”, деб жавоб берган бўлар эдилар”, деди (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло жисмонан етук, ақлан баркамоллик асосида янги оила қураётган қиз ва йигитларимизга икки дунёда бахтли ва саодатли бўлишларини насибу рўзи айласин! Омин.
Муҳтарам азизлар! Ҳанафий мазҳабимизда шаръий никоҳнинг бир неча шарт ва одоблари бўлиб, улар қуйидагилардир:
Жума тезисининг 20 октябрь 44-сонига илова
Муҳтарам азизлар! Шу кунларда юртимизда катта тадбир бўлиб ўтмоқда. У ҳам бўлса “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуси остида халқаро илмий конференция ўтказилди. Конференцияда иштирок этиш учун қатор давлатлардан олиму уламолар, хусусан, Озарбайжон Республикаси Шайхулисломи Оллошукур Пошшозода ташриф буюрдилар. Ушбу конференция Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари раҳбарлари ташаббуси билан ташкил этилган.
Дарҳақиқат, Ислом дини инсонларни бирликка ва ҳамжиҳатликка чорлайди. Қуйидаги ояти карималарнинг маъноси шунга далолат қилади:
(يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ (سُورَةُ الحُجُرَاتِ/13
яъни: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
(وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ (سُورَةُ المائِدَةِ/2
яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Пайғамбаримиз kдан ҳам бу борада бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Жумладан,
عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا" قِيلَ، يَا رَسُولَ اللَّهِ هذا نَصَرْتُهُ مَظْلُومًا فَكَيْفَ أَنْصُرُهُ ظَالِمًا؟ قَالَ: "تَمْنَعُهُ مِنَ الظُّلْمِ فَذَاكَ نَصْرُكَ إِيَّاهُ"
(رواه الامام البخاري).
яъни: Анас 0дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ k: “Биродарингга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бергин”, дедилар. Ё Расулуллоҳ k! Мазлумга мана ёрдам бердим, аммо золимга қандай қилиб ёрдам бераман? – деб сўрашди. Шунда: “Зулм қилишдан тўсасан, мана шу унга қилган ёрдаминг бўлади”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда шундай дейилади:
(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ 0 قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللَّه لا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَ أَمْوَالِكُمْ و لَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَ أعْمَالِكُمْ" (رواه الإمام مسلم و الإمام ابن ماجة
яъни: Абу Ҳурайра 0дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ k дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ва мол-дунёларингизга эмас, балки қалбларингизга ва амалларингизга қараб баҳо беради” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривояти).Аллоҳ таоло дунё мусулмонларининг ҳамжиҳатлик ва бирдамлигини мустаҳкамласин. Нотинч ўлкаларга тинчлик ва омонлик, барча ислом юртларига фаровонлик ато айласин!
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати