Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойидир. Биринчи Муҳаррам янги йилнинг бошланиш кунидир. Одатда мусулмонлар бир-бирларини бу муносабат билан табрик этадилар.
Луғатда “муҳаррам” сўзи, ҳурматланган, ҳаром қилинган, улуғланган маъноларини англатади. Дарҳақиқат, Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан биридир. Бундан ортиқ ҳурмат бўлиши мумкинми? Бу ойни Аллоҳнинг ойи, деб номланади, бундан ортиқ улуғлаш бўлиши мумкинми?
Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” – деган (36-оят).
Ушбу ояти карима ойларнинг ҳисоби, табиий равишда, Аллоҳ осмонлару ерни яратган пайтдаёқ, уларнинг ҳаракатига боғлиқ қилиниб ўн икки этиб белгиланганлигини баён қилмоқда.
Бу доимий равишда бир хил турадиган собит ҳисобдир. Унга инсоннинг ҳеч дахли йўқ. Инсон фақат Аллоҳ яратган нарсаларга қараб, Аллоҳ берган ақл билан ойларни санайди, холос.
“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган”.
Ўн битта ҳам, ўн учта ҳам қилиб бўлмайди. Янги ой чиққан куни янги ой бошланади. У йигирма тўққиз ёки ўттиз кун бўлади. Кейин яна янгиси чиқади. Олдиндан белгилаб қўйилган ҳисоб билан, ой тўлин бўлганда ҳам, янги ой бошланди, дейилмайди. Бундай дейишлик хато ҳисобланади. Чунки Аллоҳнинг ишига бандаси аралаша олмайди.
“Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир”.
Яъни, ўн икки ойдан тўрттасида уруш қилиш Аллоҳ томонидан ҳаром қилингандир. Бу Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойлари бўлиб, мазкур ойларда уруш бошлаш ҳаромдир.
“Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг”.
Юқорида зикр қилинган ҳукм тўғри дин ҳукмидир. Ислом ҳукмидир. Бу ҳукмга хилофан ҳаром ойларда уруш қилиб, ўзингизга зулм қилманг.
Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туради. Бу ойда энг улуғ кунлардан бири – Ошуро куни бор.
Ашуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабабли, бу ойнинг ўнинчи кунига нисбатан “Ашуро” ойи дейиш урфга айланган.
Ривоят қилишича бу муборак ойнинг Ошуросида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом жаннат дарахти мевасидан танаввул қилиб гуноҳкор бўлгани тавбасини қабул қилган кундир. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар бериб шундай дейди:
“Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади” (Тоҳа сураси, 121-122 оятлар).
Имом Аҳмад (рҳ.) Ибн Аббос (рз.)дан ривоят қилишларича, шу куни, Нуҳ (а.с.)нинг кемалари “Жудий” тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ (а.с.) шукрона тариқасида шу куни рўза тутганлар.
Бундан ташқари, Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)ни Ашуро куни Фиръавннинг исканжасидан қутқарганлиги ҳақида Ибн Аббос (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
“Пайғамбар (сав) Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро кунида рўза тутганларини кўрдилар ва: “Бу қандай кун?” – деб сўрадилар. Улар: “Бу – Аллоҳ таоло Мусо (а.с.) билан Бани Исроилни душманларидан қутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо (а.с.) бу кунда рўза тутганлар” – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз (сав): “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман” – дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар”.
Жоҳилият арабларининг ҳам Ашуро кунида рўза тутиш одатлари бор бўлган. Ойша онамиз (рз.) қуйидаги ҳадисни марҳамат қиладилар:
“Ашуро куни Қурайшийларнинг жоҳилият даврида рўза тутадиган куни эди. Расуллуллоҳ (сав) ҳам шу куни рўза тутар эдилар. Мадинага келганларидан кейин Рамазон ойи рўзаси фарз қилинди. Шундан сўнг Пайғамбар (сав): “Мен ашуро куни рўза тутишга буюрилган эдим, энди эса хоҳлаган киши рўза тутсин, хоҳлаган киши тарк қилсин”, - дедилар”.
Юқоридаги ҳадисдан маълум бўладики, Исломнинг аввалги даврида Ашуро кунида рўза тутиш мусулмонларга фарз бўлган. Ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ашуро рўзасининг фарзлиги бекор қилиниб, нафл бўлиб қолган.
Расулуллоҳ (сав) бу кунда рўза тўтишнинг фазилати ҳақида:
“Ўтган бир йилда қилинган гуноҳларга каффорат бўлади” – деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса:
“Ашуро кунидан бир кун олдин ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар” – деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда эса:
яъни: “Рамазон ойи рўзасидан кейинги Аллоҳ ойи бўлган Муҳаррам ойида тутилган рўзанинг савоби улуғдир. Фарз намозидан кейин эса кечаси туриб адо этилган нафл намози афзалдир”.
Бундан ташқари бу кунда қилинган солиҳ амалларга Аллоҳ таоло улуғ ажру мукофотлар беради. Бу кунларда мўмин-мусулмонлар янада саховатли бўлиб, хайру эҳсонни кўпайтирмоқликлари лозим. Чунки, хайру эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни авваламбор оила аҳлларидан, энг яқин қариндошлардан бошламоқлик шарт. Ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз (сав) шундай марҳамат қиладилар:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса, яъни рўзғорини бут қилиб берса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига кенгчилик беради”.
Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик” – деганлар.
Дарҳақиқат, эҳтиёжмандларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабаб бўлади.
Хайру эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни юқорида айтилганидек, авваламбор оила аҳлларидан, энг яқин қариндошлардан бошламоқлик лозим. Ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Яна шу нарсани қайд этиб ўтиш лозимки, Ҳукуматимиз томонидан камтаъминланган оилаларга, етим-есирларга ва қария отахон ва онахонларга моддий ва маънавий ёрдам бериб келинмоқда. Аҳолимиз орасида ўзига тўқ, тадбиркор ва ишбилармон кишилар ҳам борки, улар фақат ўз манфаатларини эмас, балки, юртимиз форовонлиги, халқимизнинг эҳтиёжларини қондириш ҳақида ҳам қайғурадилар. Динимиз таълимотига кўра, закотини ўз вақтида берадиган, муҳтожлар ҳолидан саховотли ва мурувватли инсонлар Аллоҳ таоло томонидан беқиёс ажру савобларга эга бўлиб, икки дунё саодатига муваффақ бўлурлар.
Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Биров моли билан (бу саховатдир), биров қўли билан, яна бошқаси чиройли сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто бошқалар йўлидаги халақит бераётган шохчани олиб ташлаш ҳам яхшиликка киради. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик.
Абдуллоҳ ибн Аббос (рз.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: “Албатта Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ёзиб, уни қуйидагича баён қилди: “Кимики бир яхши амални ният қилсаю адо эта олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб унга ёзиб қўяди. Агар ният қилсаю адо ҳам этса, Аллоҳ таоло унга яхши амали учун етти юз ёки ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмон амални ният қилсаю уни бажармаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни ният қилсаю бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади”, - дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни хайру саховатли, яхшилик қилувчи бандаларидан қилсин.
С. Арзиқулов,
Фатво бўлими ходими
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ