Ҳикоя
Курсдошим Норқобилни учратиб қолганим яхши бўлди. У дарҳол уйига таклиф қилди. Ҳангомалашиб ўтирар эканмиз, пешайвон токчасида, қуёш шуъласида калтароқ сопли кетмонча диққатимни тортди. Кетмончанинг азизлаб қўйилганидан ажабланганимни пайқаган Норқобил бундай деди:
“Кетмонча 90 ёшли отамдан эсталик. Ҳар сафар унга кўзим тушганда, кўз олдимда отам гавдаланади. Шу кетмон отамга доимий ҳамроҳ бўлган. Шунинг учун ҳам ҳар уч кунда артиб, тозалаб токчага олиб қўяман. Ҳар-ҳарда ишлатиб ҳам тураман. Бундан уч ой олдинги воқеа содир бўлмаганида отам 100 ёшга кирармиди... Аллоҳ билгувчи, лекин ўша кунги ишимни эсласам виждоним азобланади. Ўзимни койиб гоҳида кўрнамаклик қилдим деб маломат ҳам қиламан.
Отамни ҳар куни гоҳ помидор, гоҳ ловия орасида кетмон чопаётганини кўраман.
– Қуёшнинг иссиғида нима зарур, сизга, – десам.
– Эрмакда болам, – деб қўярди.
Отамни кетмон кўтариб юрганини кўрганлар мени койийди.
– Отангга дам берасанми, йўқми?!
– Сенинг отангда қасдинг борми?
Бу гапларни қайта-қайта эшитаверганимдан бир куни ўзимни тутиб тура олмадим. Ишдан барвақт келган эдим. Отам кетмончада кечки сабзининг ариғини ковлаётган экан.
– Сизга нима зарур, ота, уйга кириб дамингизни олсангиз бўлмайдими? Шу кетмончани менга беринг, дедим-у, қўлидан олиб, ирғитиб юбордим.
Отам бўлса:
– Бу нима қилганинг, болам! Суянчиғимдан айирдинг-а! – деди. Яна бир нималар деб ғулдираганча хонасига кириб кетти.
Бир соатлар чамаси ўтди. қилмишимдан пушаймон бўлиб узр сўрагани кирсам иситмаси чиқиб алаҳсираб ётибди. Дарров дўхтир чақирдим. Дори-дармон қилдик, фойдаси бўлмади. Саҳар чоғида жон таслим қилди. Отамнинг ўлимига мен сабабчи бўлиб қолдим. Ўзимни ҳеч кечиролмайман. Отам 100 ёшга кирармиди деган фикр хаёлимдан ўтаверади...”
Дўстимнинг юзини ёш томчилари қоплаб олди. Мен эса қўлларимни дуога очдим.
Абдусаттор ҒОФУРОВ
Туркиянинг «Меҳмед: Фатҳлар султони» ва «Вефа Султон» каби тарихий сериаллари продюсери сифатида танилган Эйюп Гёкхан Ўзекин Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. «Биз бу ерда ўзимизни оддий сайёҳ сифатида эмас, балки ушбу тарихнинг бир қисми, у билан қардошлик ришталари орқали боғланган инсонлар сифатида ҳис этдик», дея тассуротларини маълум қилди Туркиянинг машҳур сериаллари продюсери.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказнинг меъморий маҳобати, буюк алломалар мероси ва замонавий технологиялар асосидаги экспозициялари меҳмонда кучли таассурот қолдирди. Продюсер, айниқса, Қуръон залидаги намойишлар ва туркий халқларнинг муштарак тарихини акс эттирувчи экспозициялар уни чуқур таъсирлантирганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.
Эйюп Гёкхан Ўзекин, туркиялик продюсер:
«Бундай масканни баҳолаш бизнинг ихтиёримизда эмас, деб ўйлайман. Бу ҳақиқатан ҳам мислсиз даражадаги маскан. Машаллоҳ! Бу қадар гўзал ва муҳташам бўлишини кутмаган эдик. Олдиндан айтишганди, аммо ўз кўзимиз билан кўрганимизда янада кучли таассурот олдик.
Аввало, муштарак тарихимиз билан фахрландик. Шунингдек, сизлардек буюк халқнинг шундай етакчиси, шундай Президентингиз борлигидан нақадар бахтли эканингизга гувоҳ бўлдик. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин! Бу масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонлардан, аждодларимиздан Аллоҳ рози бўлсин!
Биз бу ерда ўзимизни оддий сайёҳ сифатида эмас, балки ушбу тарихнинг бир қисми, у билан қардошлик ришталари орқали боғланган инсонлар сифатида ҳис этдик. Ўз тарихимиз, ота юртимиз билан фахрландик.
Туркий-ислом цивилизациясини юксалтирган қанчадан-қанча буюк сиймолар, маънавий йўлбошчилар айнан шу заминдан етишиб чиққан. Уларнинг барчаси учун таянч нуқтаси, маънавий марказ — мана шу замин.
Экспозицияларнинг барчаси жуда гўзал ва таъсирли. Айниқса, якуний қисмда Қуръони карим нозил бўлиши билан боғлиқ лавҳаларни томоша қилар эканмиз, ҳиссиётларимизни жиловлаш жуда қийин бўлди. Бу манзаралар бизга ниҳоятда кучли таъсир қилди.
Шунингдек, бизга ҳамроҳлик қилган гидларнинг билим ва маҳорати, тарихий маълумотларни самимий ва юксак савияда етказиши ҳам алоҳида эътиборга молик. Ҳамма нарса аъло даражада ташкил этилган».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати