Ибратли воқеаларга қизиқиб ўқиб юрадиган ходимимиз Шаҳзоджон бугун:
– Ака, ажойиб бир ривоятни қачонлардир рус тилида ўқиган эдим. Мазмунини гапириб берсам, ўзбекчада ёзсангиз, ўқиганларга фойдаси тегиб қолармиди? – деб қолди.
– Нега ёзмас эканмиз, қани айтиб беринг-чи, – дедим.
– Бир подшоҳнинг тўртта хотини бўлган экан. Уларнинг ҳаммаси ақлли ва соҳибжамол бўлган экан. Аммо подшоҳ ҳаммасидан навниҳол, соҳибжамол ва меҳрибон бўлган тўртинчи хотинини яхши кўрган экан. Подшоҳ унга қимматбаҳо совғалар харид қилар, дуру жавоҳирлар билан безалган куйлаклар олиб берар... кўнгли нимани истаса, ўшани муҳайё қилар экан. – дея ривоятни бошлади у.
Ҳукмдор ер юзидаги энг чиройли аёл бўлган учинчи маликани жонидан ҳам ортиқ кўриб ёнидан уни бир нафас айирмас, шикорга чиқадими, бошқа мамлакатларга сафарга борадими, ўзи билан бирга олиб кетар экан. Чунки унинг ҳусну малоҳатини ҳамма кўришини истар экан. Аммо айни пайтда учинчи маликани ўзини ташлаб бошқа бири билан кетиб қолади деб хавотирланиб ҳам юрар экан.
Подшоҳнинг иккинчи хотини ниҳоятда ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли, сабр-тоқатли ва меҳрибон аёл бўлиб, уни шу сифатлари учун яхши кўрар экан. Подшоҳ ҳар доим мушкул вазиятларда унга маслаҳат солар ва бу аёл ҳар қандай масаланинг оқилона ечимини топар экан.
Биринчи хотини эса уларнинг ичида энг ёши улуғи бўлиб, у аёл подшоҳга акасидан қолган мерос экан. У эрининг янада бадавлат ва қудратли бўлиши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилар экан. Аммо қанчалик севмасин, подшоҳ унга кўп эътибор қаратмас экан.
Ҳосили калом, подшоҳи олам хотинларининг ҳар бири билан ўзига яраша муомалада бўлиб юраверибди-ю, орада унга бир оғир дард илашиб, олиб кетаманга тушибди. Ҳар доим эъзозда юрган подшоҳ жон бериш азобидан ваҳимага тушибди ҳамда соҳибжамол маликаларни қолдириб кетишга кўзи қиймабди. Жилла қурса, улардан бирини ўзи билан олиб кетишни хаёл қилибди.
Шу ўй билан у энг севган ёри – кенжа маликани чақирибди. Ҳар доим унинг чорлашини муштоқлик билан кутадиган, келгани заҳоти ўзини бағрига отадиган, шириндан ширин сўзлари билан кўнглига қувонч бағишлайдиган кенжа малика одатдагидек шоду хандон кириб келибди. Аммо унинг дардидан воқиф бўлиб, ўзини ҳам бирга олиб кетиш ҳақидаги гапини эшитганидан сўнг:
“Эй подшоҳи олам! Сиз узоқ умр кўрдингиз, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотдингиз, бутун мамлакат измингизда бўлди, тўрт марта уйланиб роҳат-фароғатда ҳаёт кечирдингиз. Мендан катта опаларим, яъни кундошларим ҳам ҳаётнинг лаззатини мендан кўп тотиб, бас, дегунча ўйнаб-кулдилар. Бу гапларни айтишимдан мақсад – нега шу нарсаларга ақлингиз ета туриб, айнан мени олиб кетмоқчи бўлганингиз каминани ҳайрон қолдирди. Ахир мен ҳаётда нима кўрибман. айни ўйнайдиган-куладиган даврим келган чоқда ёши катта “опа”ларим туриб мени ўлимга етаклаганингиздан қаттиқ ранжидим. Мен ҳали ҳаётга чанқоқман. Гўзал кунларим ҳали олдинда. Сиз яхшиси, “опа”ларимдан бири билан бирга бора қолинг, вақти келганда мен ҳам бориб қоларман...” деб жавоб берибди-да, хонадан шошилиб чиқиб кетибди.
Қалбининг ардоғидаги бўлган ёри жонидан эшитган бу гаплар подшоҳнинг қалбига тиғдек ботибди. Кейин учинчи хотинини чақирибди.
Келиб ўтирганидан сўнг: “Эй вафодор ёрим, менга турмушга чиқиб ҳеч ёмонлик кўрдингми?” деб сўрабди. Кутилмаган саволдан хижолат бўлган малика: “Нималар деяпсиз, зоти олийлари, менга дуру жавоҳирлар билан безак бердингиз, қўлимдаги, бўйнимдаги тақинчоқларининг ҳар бири бир мамлакатнинг хирожи билан баробар, эгнимдаги кийимларимни эса бошқа маликалар фақат орзу қилишлари мумкин. Шунча эътиборингиздан кейин сиздан норози бўлишим мумкинми?” дебди.
Бундан руҳланиб кетган подшоҳ, бу хотиним мендан шу қадар миннатдор экан, бирга кетишга, албатта, рози бўлади деб ўйлабди-да: “Мен билан у дунёга ҳам кетишга розимисан?” дебди.
Буни эшитиб хотини: “Албатта, сиз билан истаган жойингизга кетаман, ҳамма жойда, ҳамма вақт сизнинг хизматингизда бўлиш мен чўрингиз учун шараф” дебди. Подшоҳ: “Эртага жон таслим қиламан, сен ҳам мен билан бирга ўлишга розимисан?” деб сўрабди. Бу гапни эшитган маликанинг ранги-қути учиб кетибди. “Бу нима деганингиз? Аллоҳ таоло ҳар банданинг жонини ўзи истаган вақтда олади. Сиз билан бирга кетаман деб кимга айтаман, Азроил алайҳиссаломгами? Қўйинг, бунақа гапларни, мен ҳали ҳаётдан тўйганим йўқ, балки яна турмушга ҳам чиқарман”, дебди.
Подшоҳ ҳаётида ҳеч қачон бунчалик қаттиқ зарба емаган экан. галдираб қолибди. Ундан ҳам ноумид бўлиб иккинчи хотинини чақирибди. Фаросатли хотин подшоҳни кўргани заҳоти жиддий дарди борлигини англабди ва саволим унга малол келмасин деган андишада ўзининг гап бошлашини кутиб сукут сақлабди. Подшоҳ унга: “Эй кўнглимнинг ҳамдами! Сен ҳар доим менинг йўлларимни ёритган шамчироғим бўлдинг. Мушкул вазиятларга тушиб қолганимда, оғир масалаларнинг ечимини топа олмай қийналаётган чоғларимда қимматли маслаҳатларинг билан ишларимни осон қилдинг, мен сендан ҳар доим хурсанд бўлиб яшадим. Айтгин-чи, сен ҳам мен билан яшаганингдан мамнун бўлдингми?” деди.
“Зоти олийлари мен билан бирга яшаганингга розимисан”, деганингиз камина – чўрингизга бир оз муболағадек эшитилиб, бундан бошим кўкка етди. Мен ҳар доим ўзимни сизнинг канизагингиз ёки бўлмаса, хизматчингиздек билиб келганман. Ахир сиздек зот билан бир ҳаводан нафас олиш, салтанат иши билан бўлиб, эл-юрт хизматини қилиб толиққан вақтларингизда муборак оёқларингизни уқалаб чарчоғингизни ёзиш дунёдаги энг шарафли иш эмасми?..” дебди.
Унинг гапларидан хаста подшоҳ ниҳоятда тўлқинланиб кетибди. Кўзига учтагина ёш томчиси ҳам қалқиб чиқибди. “Эй меҳрибон ёрим, саройда нотинчликлар келиб чиқмасин деб бир сирни ҳеч кимга ошкор қилмаган эдим. Аммо бугун айтишга мажбур бўлдим. Мен эртага жон топширар эканман, менга ҳамдам бўлиб бирга ўлишга розимисан?” дебди.
Бу таклифни эшитган аёлнинг ичига совуқ шамол кириб кетибди. Аммо ақлини ишга солиб подшоҳга буни сездирмабди ва унга бундай жавоб берибди. “Зоти олийлари, мендан бошқа яна учта малика туриб сафарга йўлдошликка айнан мени танлаганингиздан бошим кўкка етди. Аммо бошқа нарсани ўйлаб қолдим: иккаламиз у дунёга бирга кетсак, бизни ким орқамиздан йўқлаб туради? Катта малика – авомроқ, Мендан кичиги ҳар дом зебу зийнат билан овора, кенжа малика ўйин-кулгудан бўшамайди. Улар бизнинг ҳақимизга дуои фотиҳалар қилиб турмаса, қабрдаги аҳволимиз қийин бўлмасмикан?... Келинг, яхшиси, сиз ҳозир-ча бора туринг, мен ортингиздан хатмул Қуръонлар қилай, дуои хайрларда бўлиб, сизнинг қабрдаги уйингизнинг чароғон бўлиб туришига ёрдамчи бўлиб турай...”
Подшоҳ буткул тушкун аҳволда катта маликани чақириб унга бўлган воқеанинг ҳаммасини гапириб берибди ва гапининг сўнггида надомат ила унга: “Эй маликам, ҳурлиқолар кўзимга яхши кўриниб, сизни кўп назаримга илмадим, эътибор қаратмадим. Мендан бутун умр ранжиб яшаган бўлсангиз керак, деб ўйлайман, Аслида шунга ҳақлисиз ҳам. Аммо бугун уларнинг ҳаммаси мендан воз кечганини очиқ-ойдин баён қилди. Шундан кейингина сизни чорлашга мажбур бўлдим. Шу ҳолимда ҳам мен билан у дунёга кетишга розимисиз?” дебди.
Унга жавобан малика: “Зоти олийлари! бутун умр сизнинг хизматингизда бўлиб, ҳар доим сизга ҳаммадан яқинроқ бўлишни орзу қилиб яшадик, модомики, бугун шундай фурсат туғилган экан, бу фурсатни қўлдан бой берсак нодонлик қилган бўлмаймизми? Сиз билан кетишга розиман, келинг, таҳоратимизни қилиб намозимизни ўқиб Раббимизнинг қошига покланган ҳолда ибодатимиз билан борайлик”, дебди.
Бундан мамнун бўлган подшоҳ: ”Жоним танимни тарк этар вақтга келибгина асл ёрим сиз эканингизни англаб етдим”, деб ўзининг хатосини жуда кеч англаганидан надомат чекибди.
Қиссадан ҳисса:
Тўртинчи малика – инсоннинг танаси экан. Ҳар бир инсон ўз танасини яхши кўриб, доим уни парвариш қиларкан. Аммо тана дунё мулки бўлиб охирот ҳаётидан қўрқар экан.
Учинчи малика – иш, амал ва бойлик бўлиб, инсон ўлгандан сўнг улар бошқаларнинг қўлига ўтиб кетаркан.
Иккинчи малика – оила ва қариндошлар экан. Улар инсонни ҳар доим қўллаб-қувватлаб туради, Бироқ инсон ўлгандан кейин улар фақат қабрга қадар кузатиб боришга ярайди, холос.
Тўртинчи малика – инсоннинг қалби экан. Қалб инсоннинг моддий бойликлар, амал, маишатларга ўчлиги боис эътиборсиз қолиб кетса ҳам ҳамиша инсон билан бирга бўлиб, охирот азоби қошида ҳам соҳибидан айрилмас экан. Шунинг учун инсон қалбини пок тутмоғи, нимаики яхшилик бўлса, аввало, унга раво кўрмоғи лозим экан.
Ҳеч қачон қалбни эҳтиёт қилиш ва бойитишни унутманг! Чунки бу ёруғ оламда бизнинг ўзимизга қилган энг катта совғамиз – қалбимизни соф сақламоғимиз ва унга эътиборли бўлмоғимиздир.
Дамин ЖУМАҚУЛ
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ