Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилган эди. Тадбирларнинг бирида юртбошимиз ислом билим юртлари ҳақида шундай сўзларни айтган эдилар: “Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу илм даргоҳлари таянч бўлиб хизмат қилади”. Дарҳақиқат, олий мадрасанинг очилиши ислом шариати аҳкомларининг етук билимдони, халқимизнинг диний-маърифий билим ва савияси, соғлом эътиқодини шакллантирадиган, турли хил ёт ғояларга қарши ўзининг маърифати билан кураша оладиган малакали ёш кадрларни тайёрлашда хизмат қилади.
Мир Араб олий мадрасасига қабул қилинган талабалар учун дастлабки дарс машғулотлари 4 сентябрь куни Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси биносида бошланди.
2017 йил 6 сентябрь олий мадрасанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Тошкентдаги Ислом цивилизация маркази директори Ш. Миноваров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири в.б. А. Дўсматов, Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев, Бухоро вилояти Адлия бошқармаси, Бухоро Давлат университети ҳамда бошқа давлат ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари ва талабаларнинг ота-оналари қатнашдилар. Олий мадрасанинг тантанали очилиш маросими ижтимоий тармоқ орқали онлайн тарзда ёритиб борилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Кейин Юртбошимизнинг ташаббуслари билан очилган олий мадраса ҳақида дил сўзларини билдириш учун ташриф буюрган меҳмонларга сўз берилди.
Меҳмонлар мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлиги, ёшларимиз онги ва тафаккурини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб ўтишди. Халқимиз диний соҳада ҳам эмин-эркин ибодат қилиш имкониятига эга бўлгани, минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилгани ва ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда талабалар диний ҳамда дунёвий фанлардан таҳсил олаётганлари ҳақида фикрлар билдирилди.
Айниқса, Мир Араб олий мадрасасининг олдинги мақоми яна ўзига қайтарилганлиги, бу олийгоҳ орқали, аввало, халқимизнинг диний савияси кўтарилиши, келажакда мазкур даргоҳда хорижий мамлакатлардан таклиф билан чиққан мўмин-мусулмонларга ҳам таълим берилиши тўғрисида алоҳида таъкидланди.
Тадбир сўнгида Қуръон тиловат қилинди ва давлатимиз равнақи, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги, янги очилган олий мадраса фаолияти борасида дуойи хайрлар қилинди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
Тумандаги “Мулла Жумабой” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда қозиёт масъуллари, бош имом-хатиблар, ҳожилар ва маҳалла раислари жам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан июль ойининг “Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар ва масжид қавми бошчилигида кўчалар, масжид атрофлари тозаланди. Шунингдек, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳовли-жойларида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Тўрткўл туманидаги 10 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, қуйидаги хайрли амаллар бажарилди:
Ҳожиларни жалб этган ҳолда маҳаллалардаги муаммоли оилалар ҳолидан хабар олинди;
Ҳомийлар кўмагида 120 та эҳтиёжманд хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди;
Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари тарқатилди;
Имом-хатибларнинг фаолияти ўрганилиб, масжид бошқаруви ва маърифий ишларни янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ҳудудда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати