Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

08.09.2017 й. Илм ақл чироғи

06.09.2017   11279   12 min.
08.09.2017 й. Илм ақл чироғи

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда иймон келтирган илм эгаларининг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилган.

Илм эса амални, амал эса ихлосни ёрдамга чақиради. Агар ёрдамга келмаса илм у кишидан қочади. (“Адабуд-дунё вад-дин” китобидан) Яхши тушунмоқ керакки! Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор  илоҳиятда аввал ихлос кейин илм туради дейдилар. Яъни: ихлоси бўлмаган кишига минг бор илм борасида сўзланса ҳам у одамда зарра миқдорда фазилат, даража, юксак бир мақом белгиси кўринмайди. Шу сабабдан ҳар бир амал ихлос ила бажарилса кундан – кун у ислом немати билан яшай бошлайди. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Шу сабабли юртимиздан чиққан ва бошқа юртдаги барча олимлар ўзларини фойдаси кенг, даражаси зиёда амалга фидо қилишган.

Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш инсон ва жинларнинг ибодатидан яхшироқдир”. Шайх Худойдод Вали  шу ҳадисга ишорат қилиб айтадилар: “Менинг наздимда  бир марди ҳақ олимнинг олдида бир соат ўтириш 50.000 минг йиллик зикр ва фикр қилишдан яхшироқдир, деганлар. Жалолиддин Румий  айтадилар: “Қанча-қанча йиллар керак бир марди ҳақ олим бўлиш учун ва қанча-қанча асрлар керак бир марди ҳақ валий бўлиш учун”.

عَنِ الْحَسَنِ أَنَّ أَبَا الدَّرْدَاءِ قَالَ: "كُنْ عَالِمًا  أَوْ مُتَعَلِّمًا  أَوْ مُحِبًّا  أَوْ مُتَّبَعًا  وَلا تَكُنِ الْخَامِسَ فَتَهْلِكَ "

 (السُّنَنُ الكُبْرَى لِلبَيْهَقِي).

яъни: Ҳасан Басрий e дан ривоят қилинади, Абу Дардо رضي الله عنه айтадилар: “Аввало, олим бўл! Лоақал, таълим олувчи ёки уларни севувчи ёхуд уларга эргашувчи бўлгин. Аммо бешинчи одам (мазкур тўрт хислатдан ташқаридаги) бўлмагинки, ҳалок бўлурсан” (Имом Байҳақий “Сунани Кубро” китобида келтирган). Жололиддин Румий дунёда ҳамма нарса сувга тўяди. Балиқ сув ичида юрса ҳам сувга тўймайди. Буни илмга қиёс қилиб айтадиларки: “Гўё сизлар илм олишда балиққа ўхшанглар, балиқ сувга тўймагани каби сизлар ҳам илм ичида юриб илмга тўйманглар”, – деганлар. Абул Баракот  “Мадорикут-танзил” тафсирларида бир муборак ҳадиси шарифни келтиради. Буни сизларга ҳам маълумот сифатида келтирмоқчимиз. Пайғамбар ﷺ айтадилар: “Бир толиби  илм бир қабристоннинг ёнидан ўтса унинг шарофати билан 40 кун  қабрда азоб тўхтайди”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه айтадилар: “Олим билан обид ўртасидаги фарқ, даража 700 баробардир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик йўлдир. Ҳар бир даража ораси Осмон билан Ерчадир”.

Беш нарса кўзга нур беради: Қуръони каримни ўқиш, олимларга қараш, ота-онага қараш, одил падшоҳга қараш ва чиройли манзарали жойларга қараш. Пайғамбар ﷺ айтадилар: “Олимларга  бир марта қарашлик менинг масжидимда бир йил эътикофда ўтириш билан тенгдир”. Яна Пайғамбар ﷺ айтадилар:  “Ким бир олимни ҳурмат қилса, гўё мени ҳурмат қилгандек бўлибди. Кимки бир олимни хорласа, гўё мени хорлагандек бўлибди”. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик, эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

(فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُمْ  (سورة محمد/28

яъни:Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур . (Муҳаммад сураси, 28-оят).

“Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маъноларда келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром-харишлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

( سورة المجادلة/11).

яъни: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. Бошқа оятда:

(قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ   (سورة الزّﻣﺮ/9

яъни:Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?. (Зумар сураси, 9-оят).

Ушбу оятлардан ҳам кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг назарида юксакдир. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган, Жумладан, бир ҳадисларида:

أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: َلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ "

(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوَدَ وَ الإِمَامُ التِّرمِذِي).

яъни: Пайғамбар ﷺ: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ:

(قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:َنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِى الدِّينِ وَيُلْهِمُهُ رُشْدَهُ" (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

яъни: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўл кўрсатади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Қуйидаги ҳадислар ҳам илм талаб қилишнинг фазилатига далолат қилади: “Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир” (Имом Термизий ривояти), “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди” (Имом Муслим ривояти), “Фаришталар илм толибининг қилган ишидан мамнун бўлиб, унга қанотларини ёзишади” (Имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон ривояти).

Муҳтарам  жамоат! Маълумки, янги ўқув йили ҳам бошлаб юборилди, ўқувчи ва талабалар илм олиш мақсадида мактаб ва олийгоҳларга бормоқдалар. Албатта, ёшларнинг келажакда бирор касб ва ҳунар эгаси бўлишлари биринчи навбатда ўзларининг, қолаверса, ота-оналарининг ҳам орзу умидларидир. Аммо, ана шу орзу умидлар ўз-ўзидан рўёбга чиқиб қолмаслигини барчамиз яхши биламиз. Бунинг учун талаба ва ўқувчилар илм йўлида уйқудан,  баъзи бир кўнгил хушликлардан кечмоқларига тўғри келади. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ ﷺ нинг:

(قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "إِنَّ طَالِبَ العِلْمِ لَيَسْتغْفِرُ لَهُ مَنْ فيِ السَّمَاءِ وَ الأَرْضِ حَتَّى الحِيتَانَ فيِ الماَءِ" (رَوَاهُ الاِمَامُ التِّرْمِذِي

яъни: “Осмону ердаги ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини  сўрайдилар”, – деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир (Имом Термизий ривояти).

Айрим кишилар эса илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ, деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрати Одам  дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.

Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ ﷺ ўз ҳадисларида марҳамат қилиб:

أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "أُطْلُبُوا العِلْمَ وَ لَوْ بِالصِّينِ فَإِنَّ طَلَبَ العِلمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ"

(رَوَاهُ الإمام ابْنُ عَدِي وَ الإمام البَيهَقِي).

яъни: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, – деганлар (Имом Ибн Адий ва Имом Байҳақий ривоятлари). Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.

Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺ ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишларга, турмуш қуриш, тижорат, зироат, уй-рўзғор ишлари ва бадан тарбияга оид каби билимларни ўргатганлар.

Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму ирфон ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга ота-оналарнинг ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.

Айниқса, ота-оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб, уларни соғлом ва бақувват ўсиб-улғайишлари, илмли, маърифатли бўлишлари учун ғамҳўр бўлишлари керак.

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-аҳлоқ асосида тарбия олади.

Азизлар! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда ҳанафий мазҳабимизда ҳожатга бориш ва бавл қилишга оид одоблар ҳақида сўз юритамиз.

 

Ҳожатга бориш одоблари:

  • ҳожатхонага киришдан олдин “Аллоҳумма инни аъузу бика минал хубси вал хабоиси” (эй, Раббим эркак ва аёл жинларнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман) деб паноҳ тилаш;
  • ҳожатхонага чап оёқ билан кириш;
  • ҳожатхонада ўтирганда қиблага юзланмаслик;
  • ҳожатхонада чап оёққа мойил бўлиб ўтириш (енгил бўшаниш учун);
  • ҳожатхонада хаёлланиб қолмасдан зудлик билан чиқиш;
  • ҳожатхонада гапирмаслик;
  • жинсий аъзоларга узрсиз қарамаслик;
  • ҳожатхонада бурун қоқмаслик ва тупирмаслик;
  • чап қўли билан истибро қилиш;
  • ҳожатхонадан ўнг оёқ билан чиқиш.
  • ҳожатхонадан чиққандан сўнг “Ғуфронака Раббана” (эй, Раббим мени мағфират қил) деб айтиш.

 

  Бавл қилиш мумкин бўлмаган жойлар:

  1. омма йўли (жамоат юрадиган жой)да бавл қилмаслик;
  2. оқар сувга бавл қилмаслик;
  3. чумоли каби ҳашорот ва бошқа ҳайвонларнинг уйи (ин)ларига бавл қилмаслик;
  4. тик турган ҳолда бавл қилмаслик;
  5. ахлатхона ва бошқа чиқинди ташланган жойларга бавл қилмаслик;
  6. дарахт сояларига бавл қилмаслик.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, яна илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда илмни, олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин, омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

28.08.2026   30819   6 min.
Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.

28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.

– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.

Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.

Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари