Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим
Оламлар Раббиси Аллоҳ таолога беадад шукрлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга, оила аъзоларига ва саҳобаларига дуруду салавотлар бўлсин!
Муҳтарам юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан Сизларни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз. Ушбу саодатли кунларда Аллоҳ таборака ва таолодан мўмин-мусулмонларнинг дуо-илтижолари, савоб амалларини ҳусни қабул айлаши ҳамда Ватанимизни янада обод, халқимиз фаровонлигини зиёда қилишини сўраймиз.
Сўнгги даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни инсонпарварлик ғоялари, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётганига барчамиз шоҳидмиз.
Муҳтарам Юртбошимиз Ш. М. Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси фаолиятининг ташкил этилиши юқоридаги эслатиб ўтилган эзгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилади.
Юртдошларимиз инсонийлик, шукроналик ва саховатпешалик фазилатларини янада ёрқин намоён этиб, Аллоҳнинг уларга берган неъматларидан эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга хайр-эҳсонлар қилмоқдалар, ёши улуғ кексалар ва фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват кўрсатмоқдалар.
Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш бахтига мушарраф бўлдик.
Бугунги шукуҳли кунларда оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз бахтли, ёшларимиз ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину диёнатига содиқ бўлиб камол топишларини сўраб, дуои хайрлар қилиш асосий бурчимиз ва вазифамиздир.
Шу кунларда байрам устига байрам – Қурбон ҳайитини байрам қилишимиз Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги билан бирга нишонлаётганимизнинг замирида катта ҳикмат ётибди.
Яна шу кунларда 7200 дан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Улар орасида Юртбошимиз ташаббуслари билан муборак сафарга жўнатилган 138 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари – табаррук ёшдаги отахонларимиз ҳам муборак сафарда Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар.
Бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳга беадад шукроналар айтиб, Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрами - улуғ айёмлар билан муҳтарам Юртбошимизни, барча юртдошларимизни чин дилдан муборакбод этамиз.
Ватанимиз истиқболи порлоқ, диёримиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Парвардигордан сўраб қоламиз. Келаётган қутлуғ байрамларнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.
Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрами муборак бўлсин, азизлар!
Усмонхон Алимов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий
31 август 2017 йил
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати