Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2026   |   7 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
22 Июн, 2026, 7 Муҳаррам, 1448

“Уй муборак”

29.08.2017   8288   3 min.
“Уй муборак”

Бир йили Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳажга бориб келиш каминага ҳам насиб этди. Ҳаж сафари чоғида дўст-биродарлар орттирдим. Биз билан Илҳомжон деган ўрта ёшлардаги киши ҳам бирга ҳожи бўлиб қайтди. Бир марта у бизларни янги қуриб кўтарган уйига  таклиф  килди. Жума намозида кўришиб, уч-тўрт ҳожини машинасига  миндириб ўзи яшайдиган маҳаллага олиб жўнади.

Қўшқават қилиб  солинган  ҳашаматли  иморат олдига бориб машинадан тушганимизда, тўғриси, ҳаммамиз анграйиб қолдик. Чунки бундай ҳашаматли иморатни бирортамиз кўрмаган эдик. Бирин-кетин остона ҳатладик. Илҳомжон бизни иккинчи қаватга бошлади. Иккинчи қават ҳам ҳайҳотдай кенг бўлиб, ўртада дастурхон безатилган.

Дастурхон атрофида жойлашиб олгандан кейин ёши улуғроғимиз, уй эгасининг касб-корига,  умрига,   ризқига барокат тилаб дуо қилди. Мезбон  хизматга киришиб, турли  таомларни олдинма-кетин узата бошлади. Ҳожиларнинг   суҳбатлари  қизиди.  Сукут  сақлаб турган  асли китоблик  бир  ҳожи  хўрсиниб: “Эй  биродарлар,  одамзод  яхши  емай,  яхши  киймай,  кеча-кундуз оромини йўқотиб,  қанча  машаққатлар эвазига мана бундай иморатларни қуради, бу ҳазилакам иш эмас, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин  бу  кошонада қанча яшашларини  билмайдилар-да”, деб турганида  мезбон  чой кўтариб кириб қолди. Шунда  ҳожи бирданига қутловини бошлаб юбориб: ”Эй дўстим, бу  “временка” лар қутлуғ  бўлсин, илоҳим, роҳатини кўринг, асло кам бўлманг”, дея дуо қилиб қолса бўладими. Қолганлар ҳам қўл кўтарган ҳолида таққа тўхтади. Бир-бирларига қараб уй эгасининг авзойини кузата бошлади. Бундай дуони кутмаган уй эгаси олдинига нима дейишини билмасдан бир оз жим бўлиб қолди. Бироқ гап нимага ишора қилинганини тушуниб олмасдан нотўғри эшитмадимми, дегандек, ҳожининг сўзига тузатиш киритмоқчи бўлди: ”Тақсир, бу  уйлар “временка”  эмас, ҳақиқий иморат, пишиқ ғиштдан кўтарилган, ҳамма ишлатилган нарсалар тозаси, ҳов анави ерда учта   ҳужралар “временка” эди, вақтида отамиз қурган, ўшаларни бузиб ҳозирги иморатни кўтардим, деб  тушунтира  кетди. Сал орага нохушлик оралагандай бўлди.

Таомдан сўнг  чой  устида суҳбат  давом  этди. Бироқ уй эгасининг авзойидан хафа бўлгани сезилиб турарди. Чунки унинг неча йиллаб қилган меҳнати ва сарф-харажатини оддий “временка” қадрича олмагани аламини келтириб турарди.

Буни англаган китоблик   ҳожи уй эгасини ноқулай ҳолатдан чиқариш мақсадида унга қарата: “Биродар, сиз гапимдан ранжиманг, пастдаги  ҳужраларни   “временка”  деяпсиз,  гапингизга қўшиламан, тўғри,  менимча,   бу  иморатларнинг  хаммаси “временка”,  яъни  вақтинчалик  иморатлар-ку. Нима фарқи бор, ҳаммаси бошпана бўлишдан бошқасига ярамайди.  Мен шуни назарда тутиб гапирган эдим. Одамзодга  қисқа  умр берилган, тез  фурсатда шамолдек ўтиб кетади. Ҳақиқий  иморат деб ота-боболаримиз   ётган  жойдан ато этадиган  икки   қулоч  ерга  айтилади...    Илми  ва  амали  яхшиларга,  халқи ва Ватани  учун  беминнат  хизмат қилганларга, етим-есир, бева бечораларни  ардоқлаганларга,  Аллоҳ таоло ёқутдан  кўшк,  яъни  янги  иморат  тайёрлаб  қўяр  экан...” деди.

Азамат НАМОЗОВ,

меҳнат фахрийси

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ашуро – шукроналик ва ибодат куни

22.06.2026   448   4 min.
Ашуро – шукроналик ва ибодат куни

Ҳижрий тақвими бўйича йилнинг биринчи ойи Муҳаррам бўлиб, ҳурматли ойлар сирасига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тўртта ойни – Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжани ҳурматли, яъни уруш ҳаром қилинган ойлар деб зикр қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг фазилатли рўза Аллоҳнинг ойи Муҳаррамдаги рўзадир” деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни деб аталади. “Ашуро” сўзи арабча “ашара”, ўн сонидан олинган бўлиб, айнан ойнинг ўнинчи кунига ишора қилади. Бу кун ислом тарихида ва ундан аввалги умматларда ҳам улуғ аҳамият касб этган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўрадилар. Улар: “Бу Аллоҳнинг Мусо алайҳиссаломни ва Бани Исроилни Фиръавндан қутқарган кунидир, Мусо алайҳиссалом бу куни шукроналик юзасидан рўза тутганлар” деб жавоб бердилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз Мусога улардан кўра ҳақлироқмиз” деб, ўзлари ҳам рўза тутдилар ва саҳобаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ашуро рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ашуро куни тутиладиган рўза бир йиллик гуноҳларни кафорат қилади деб умид қиламан” (Имом Муслим ривояти). Бу катта фазилат бўлиб, Аллоҳнинг бандаларига кўрсатган улкан раҳматидир.

Шунингдек, уламолар Ашуро рўзасини тутишда тўртта даража борлигини зикр этганлар. Муҳаррамнинг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунларида рўза тутиш энг мукаммал даража, тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутиш иккинчи даража, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш учинчи даража, фақат ўнинчи кун рўза тутиш тўртинчи даража. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларга хилоф қилиш мақсадида тўққизинчи кунни ҳам Ашуро рўзасига қўшиб тутишни назарда тутганлар.

Олимлар Ашуро кунида кўплаб тарихий воқеалар юз берганини зикр этганлар. Жумладан, Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Жудий тоғида тўхтаган, Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил Фиръавн зулмидан нажот топган, Иброҳим алайҳиссалом оловдан омон чиққан, Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидан қутулган кун сифатида тилга олинади. Буларнинг ичидаги энг асосий ва ишончлироғи Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавндан нажот топишидир. Бу Имом Бухорий ва Имом Муслим каби муҳаддислар нақл қилган саҳиҳ ҳадислар билан собитдир.

Ашуро кунида аза тутиш, йиғлаш ва бошқа маросимларни ўтказиш шариатда асоси йўқ амаллардир. Аҳли сунна вал жамоа уламолари бундай амаллардан қайтарганлар. Ашуро куни шукроналик ва тоат-ибодат кунидир.

Муҳаррам ойининг 10-куни жорий йил 25 июнь кунига тўғри келмоқда. Мазкур Ашуро кунида мўминга лозим бўлган энг асосий амал рўза тутишдир. Рўзага қодир инсонлар Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини қўшиб тутсалар мустаҳаб бўлади. Шунингдек, бу кунда кўп зикр айтиш, Аллоҳга истиғфор айтиш, нафл намозлар ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва дуо қилиш ибодатнинг гўзал кўринишларидир.

Ашуро куни оила аъзолари ва яқинларга сахийлик қилиш, моддий таъминотини яхшилаш, эҳсон қилиш ҳақида ҳам баъзи ривоятлар зикр этилган. Олимлар бу масалада турлича фикр билдирган бўлсалар-да, яхшилик ва сахийлик ислом ахлоқининг асосий белгиси бўлгани боис, оила аъзоларига моддий жиҳатдан кенгчилик қилиш савобли амаллар сарасига киради.

Муҳаррам ойи ва Ашуро куни ислом умматига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган муборак фурсатдир. Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро рўзасини ихлос билан тутишга муяссар этсин.

Тошкент ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси

ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов

 

Мақолалар