Бир йили Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳажга бориб келиш каминага ҳам насиб этди. Ҳаж сафари чоғида дўст-биродарлар орттирдим. Биз билан Илҳомжон деган ўрта ёшлардаги киши ҳам бирга ҳожи бўлиб қайтди. Бир марта у бизларни янги қуриб кўтарган уйига таклиф килди. Жума намозида кўришиб, уч-тўрт ҳожини машинасига миндириб ўзи яшайдиган маҳаллага олиб жўнади.
Қўшқават қилиб солинган ҳашаматли иморат олдига бориб машинадан тушганимизда, тўғриси, ҳаммамиз анграйиб қолдик. Чунки бундай ҳашаматли иморатни бирортамиз кўрмаган эдик. Бирин-кетин остона ҳатладик. Илҳомжон бизни иккинчи қаватга бошлади. Иккинчи қават ҳам ҳайҳотдай кенг бўлиб, ўртада дастурхон безатилган.
Дастурхон атрофида жойлашиб олгандан кейин ёши улуғроғимиз, уй эгасининг касб-корига, умрига, ризқига барокат тилаб дуо қилди. Мезбон хизматга киришиб, турли таомларни олдинма-кетин узата бошлади. Ҳожиларнинг суҳбатлари қизиди. Сукут сақлаб турган асли китоблик бир ҳожи хўрсиниб: “Эй биродарлар, одамзод яхши емай, яхши киймай, кеча-кундуз оромини йўқотиб, қанча машаққатлар эвазига мана бундай иморатларни қуради, бу ҳазилакам иш эмас, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу кошонада қанча яшашларини билмайдилар-да”, деб турганида мезбон чой кўтариб кириб қолди. Шунда ҳожи бирданига қутловини бошлаб юбориб: ”Эй дўстим, бу “временка” лар қутлуғ бўлсин, илоҳим, роҳатини кўринг, асло кам бўлманг”, дея дуо қилиб қолса бўладими. Қолганлар ҳам қўл кўтарган ҳолида таққа тўхтади. Бир-бирларига қараб уй эгасининг авзойини кузата бошлади. Бундай дуони кутмаган уй эгаси олдинига нима дейишини билмасдан бир оз жим бўлиб қолди. Бироқ гап нимага ишора қилинганини тушуниб олмасдан нотўғри эшитмадимми, дегандек, ҳожининг сўзига тузатиш киритмоқчи бўлди: ”Тақсир, бу уйлар “временка” эмас, ҳақиқий иморат, пишиқ ғиштдан кўтарилган, ҳамма ишлатилган нарсалар тозаси, ҳов анави ерда учта ҳужралар “временка” эди, вақтида отамиз қурган, ўшаларни бузиб ҳозирги иморатни кўтардим, деб тушунтира кетди. Сал орага нохушлик оралагандай бўлди.
Таомдан сўнг чой устида суҳбат давом этди. Бироқ уй эгасининг авзойидан хафа бўлгани сезилиб турарди. Чунки унинг неча йиллаб қилган меҳнати ва сарф-харажатини оддий “временка” қадрича олмагани аламини келтириб турарди.
Буни англаган китоблик ҳожи уй эгасини ноқулай ҳолатдан чиқариш мақсадида унга қарата: “Биродар, сиз гапимдан ранжиманг, пастдаги ҳужраларни “временка” деяпсиз, гапингизга қўшиламан, тўғри, менимча, бу иморатларнинг хаммаси “временка”, яъни вақтинчалик иморатлар-ку. Нима фарқи бор, ҳаммаси бошпана бўлишдан бошқасига ярамайди. Мен шуни назарда тутиб гапирган эдим. Одамзодга қисқа умр берилган, тез фурсатда шамолдек ўтиб кетади. Ҳақиқий иморат деб ота-боболаримиз ётган жойдан ато этадиган икки қулоч ерга айтилади... Илми ва амали яхшиларга, халқи ва Ватани учун беминнат хизмат қилганларга, етим-есир, бева бечораларни ардоқлаганларга, Аллоҳ таоло ёқутдан кўшк, яъни янги иморат тайёрлаб қўяр экан...” деди.
Азамат НАМОЗОВ,
меҳнат фахрийси
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ