Истиқлол йилларида улкан ютуқларга эришилди. Раббимиз равнақимизни бардавом қилсин. Бу ютуқларнинг икки асосий сабаби бор. Биринчиси, Аллоҳ таолонинг мамлакатимиз фуқароларига бераётган инъоми бўлса, иккинчиси: юртимизда олиб борилаётган одилона ва оқилона сиёсатнинг самарасидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси ила юртимиздан етишиб чиққан олимлар, алломалар, фан арбоблари, рассомлар ва бошқа маърифатпарварларнинг меросини ўрганиш, улар қўним топган қадамжоларни ободонлаштириш, халқимизга улар ҳақида тўлароқ маълумот бериш ишлари амалга оширилди. Жумладан, азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида “Сузук ота” жоме масжиди ва зиёратгоҳ мажмуасининг қурилиши халқимизга муносиб туҳфадир.
Бугун Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” жоме масжидининг биринчи ғишти қўйилди. Бу истиқололимизнинг 26 йиллик байрами арафасида халқимизга ажойиб туҳфа бўлди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида: “Яхшиликда мусобақалашинглар...” деб марҳамат қилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Инсонларнинг яхшиси атрофидагиларга кўп манфаати, ёрдами тегиб турганидир” деб умматларини доимо манфаатли, савобли ишларни қилиб ўзгаларга ибрат ва намуна бўлишга тарғиб қилганлар.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъматлардан ҳисобланади. Ана шундай бебаҳо неъматларнинг давомли бўлиши учун уларнинг шукрини қилишимиз, ҳаққини адо этишимиз талаб этилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар бандалар берилган неъматларни қадрига етсалар, шукрини қилсалар неъматларимни зиёда қилиб бераман. Агар берилган неъматларни қадрига етмаса, шукрини қилмасалар ундай кишиларни аламлик азоблар тутади” деб, ҳар бир кишини, ким, қайси соҳада ишлашидан қатъи назар Ватан хизматига камарбаста бўлиш унинг учун шарафли ва масъулиятли бурч эканининг хабарини берган.
Ана шундай эзгу ғоялар ва тавсияларга амал қилиб ҳаёт кечираётган кишиларимизнинг дунё ва охиратдаги мартабаси баланд бўлади, иншоаллоҳ.
Яратган Раббимиз юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин, истиқлолимизнинг 26 йиллиги ва Қурбон ҳайити байрамларини элимизга муборак қилсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ