Узум — фойдали витаминлар ва минераллар хазинасидир. Унинг таркибида С витамини, А, РР, Н витаминлари, В группасига кирувчи витаминлар, шунингдек К витамини мавжуд.
Шунингдек, узумда натрий, кальций, темир, фосфор, бор, фтор, никель, марганец, цинк ва кўпгина бошқа фойдали металларни, минералларни ва бир қатор нодир фойдали моддаларни учратиш мумкин. Бундан ташқари, узум таркибида саратон касаллиги пайдо бўлишига қаршилик кўрсатувчи фитостерин деб номланувчи модда мавжуд. Яна унинг таркибида антиоксидант таъсир кўрсатувчи органик кислоталар, фойдали озуқавий тўқималар, шунингдек, илмий тилда флавоноидлар ва моносахаридлар деб номланувчи инсон организми учун фойдали моддалар мавжуд.
Агар зерикарли рақамлар билан ифодаланадиган тилда айтиладиган бўлса, олимлар томонидан узумда икки юз хилга яқин фойдали моддалар мавжудлиги аниқланган.
Шунингдек, узум уруғи ҳам инсон учун фойдали, унда хушбўй моддалар, фитостеринлар ва эфир мойлари бор.
Узум иммунитетни ва юрак мускулларини мустаҳкамлайди, томирларни кенгайтиради ва бош оғриғини бартараф этишда ёрдам беради. Узум қон таркибидаги холестерин миқдорини камайтиради, ични юргизади.
Узумнинг озуқавий қуввати
Узум парҳез меваси эмас, шунинг учун уни истеъмол қилиш меъёрида бўлиши лозим. Унинг озуқавий қуввати 100 грам мевасида (унинг навига қараб) 45 дан 63 ккал гачани ташкил этади. Албатта унинг озуқавий қуввати баланд эмас, лекин унинг иштаҳа очиш хусусияти кучли бўлганидан, кўпроқ овқат истеъмол қилишга сабабчи бўлади.
Узум нимаси билан зарарли?
Барчамизга маълумки, ҳар бир фойдали нарсанинг зарарли томони ҳам бўлиши мумкин. Узумнинг баъзи кишилар учун асосий камчилиги таркибида қанд моддаси миқдори жуда баландлигидадир. Узумни семириш, қандли диабет, ошқозон яраси, кариес касалликларида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек, уни истеъмол қилишдан қонни суюлтириш мақсадида дори-дармон истеъмол қилаётганда ҳам ўзини тийиш тавсия этилади.
Жалолиддин Нуриддинов
Манба: hronika.info
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ