Кеч тушганда дурадгор устахонани ёпиб уйга кетди. Кечаси устахонага илон кирди. Қорни оч илон егулик топиш илинжида у ёқдан бу ёққа ўрмалаб юра бошлади. Қоронғу хонада у тўсатдан болтага урилиб кетди. Алам олиш ниятида у болтага ўралиб олиб уни чақишни бошлади, лекин унинг ҳужуми болтага мутлақо зарар етказмади, аксинча илоннинг оғзи жароҳатланиб қон оқишни бошлади. Илон душманига маҳкам чирмашиб олиб, уни бўғмоқчи бўлди. Кейинги куни дурадгор устахона эшигини очганда у ерда болтанинг тиғи устида қонга беланиб, чўзилиб ётган илонга кўзи тушди.
Илон кимнингдир айби билан ҳалок бўлмади, ўзининг жаҳли ва адовати туфайли вафот этди.
Қиссадан ҳисса, кўпинча биз жаҳлимиз чиққан пайтда атрофимиздагиларни ноҳақ азоблаб, дилига озор бериб қўямиз. Вақт ўтгач, ҳаммадан ҳам кўра ўзимизга кўпроқ зиён етказганимизни англаймиз.
Халқаро алоқалар бўлими
Моҳира Зуфарова
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати