2017 йилнинг 4 апрелида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. Ушбу фармон ижроси юзасидан юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг муборак ҳаж зиёратига бориш бўйича билдирган истаклари ҳамда “Нуроний” жамғармасининг таклифи инобатга олиниб, илгари ҳаж зиёратига боролмаган ёки бунга имкони бўлмаган уруш қатнашчилари Президент ажратган маблағ ҳисобидан ҳаж зиёратига юбориладиган бўлди. Бу фармон юртимизда истиқомат қилувчи табаррук ёшдаги отахонларни беҳад хурсанд қилди.
Айни кунларда ана шу фармон асосида юртимиздан 73 нафар нуронийлар ҳаж сафарига бориш тараддудини кўрмоқдалар.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг эсон-омон ҳаж ибодатларини адо этиб қайтишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кўп ишлар қилдилар. Жумладан, уруш фахрийларининг оила аъзолари ёки яқин қариндошларидан бир нафарига навбатсиз ҳаж зиёратига боришга рухсат берилди. Ҳар бир гуруҳга бир нафар гуруҳ раҳбари ва яна бир нафар гуруҳ раҳбарининг ёрдамчилари тайинланди ҳамда икки нафар малакали шифокор ажратилди.
Айни пайтда отахонларнинг қувончига шерик бўлиш ва улар билан дилдан суҳбатлашиш мақсадида гуруҳ раҳбарлари ҳар бир отахонларнинг хонадонида бўлмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи саккиз нафар отахон билан танишиш ва ҳаж сафарига тайёргарликларни кўриш мақсадида дилдан суҳбат қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ҳар бир зиёратчига эҳром тақдим қилгани нур устига аъло нур бўлди. Бу ташрифдан отахонларимиз беҳад хурсанд бўлдилар. Бундай улуғ ишларнинг бошида турган муҳтарам юртбошимиз ҳақларига дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати