Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Дунёдаги энг ҳайратомуз кўприклар

25.07.2017   8336   3 min.
Дунёдаги энг ҳайратомуз кўприклар

Қуйида сизларга кўзни қувонтирадиган ва ақлни шоширадиган дунёдаги энг ҳайратомуз кўприклар ҳақида маълумот бермоқчимиз.

1.Ҳозирги кунга келиб дунёдаги энг узун автомобил кўприги Хитойнинг Ханчжоу провинциясида жойлашган бўлиб, унинг узунлиги 36 километрни ташкил этади.

  1. Франциядаги “Милло” кўприги дунёдаги энг баланд кўприклардан бири бўлиб, унинг баландлиги 343 метрни ташкил этади. Шунингдек, ушбу кўприк узун таянчлари билан ҳам ном қозонган.

  1. АҚШнинг Сан-Франциско штатидаги афсонавий “Олтин дарвоза” кўприги деярли 30 йил давомида дунёдаги энг катта осма кўприк ҳисобланиб келган. Бундан ташқари, бу кўприк ўз жонига суиқасд қилувчилар кўприги сифатида ҳам рекорд ўрнатган. Деярли ҳар ойда битта одам кўприкдан сувга ташлаб ўз жонига қасд қилади.

  1. “Товер” кўприги Лондоннинг рамзларидан бирига айланган. У жуда қадимий теҳнологиялар асосида барпо этилгани сабабли, ҳозирги кунда фақат пиёдаларга хизмат қилади ва музей сифатида фаолият юритади.

  1. Европадаги энг узун кўприк эса Португалияда жойлашган “Васко да Гама” кўпригидир.

  1. Унчалик машҳур бўлмаган бу кўприк – “Босфор” кўприги деб аталади. У Босфор бўғозида жойлашган бўлиб, Истанбулнинг Осиё ва Европа қисмларини боғлаб туради.

  1. Ўзининг ноёб меъморий ечимларига эга ушбу кўприк “Акаси Кайкё” кўприги саналиб, у дунёдаги энг сейсмик фаол ҳудуд - Японияда жойлашган. Узунлиги 3911 метр бўлган ушбу кўприк ҳозирги кунда энг узун осма кўприк ҳисобланади.

  1. Сеулда жойлашган “Банпо” номли ушбу фаввора-кўприк Гиннеснинг рекордлар китобига унг узун фаввора-кўприк сифатида киритилган. “Ой ёғдусидаги камалак” нинг узунлиги 1140 метрни ташкил қилади.

  1. Англияда жойлашган ажойиб кўприк – “Гейтшед Миллениум” кўприги дунёдаги ягона бурилувчан кўприк ҳисобланади. Кемалар ўтишида кўприк 40 даражага бурилади ҳамда кўзларни юмилиши ҳолатига ўхшаб кўтарилади. Бу жуда ҳайратланарли ҳолат 4 дақиқа давом этади ва йил давомида 200 маротаба рўй беради.

  1. Бразилияда жойлашган “Оливейра” кўприги таянчлари Х шаклида эканлиги билан ажралиб туради. Ушбу таянчларнинг узунлиги 138 метр бўлиб, 144 та пўлат симлар билан маҳкамланган. Тунги чироқларининг гўзаллиги ушбу кўприкни Сан-Пауло шаҳрининг рамзига айлантирган.

  1. Шарқ меъморий услублари асосида қурилган ушбу Ҳаж кўприги Эронда жойлашган бўлиб, бу иншоот кўприкдан ташқари, Исфаҳон шаҳри учун сув сақловчи дамба вазифасини ҳам ўтайди.

 

Халқаро алоқалар бўлими

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қаноат – битмас хазина

02.09.2026   1417   9 min.
Қаноат – битмас хазина

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат

 

– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
 

– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.


Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек,  дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.


Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.


– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.


– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.


Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.


Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.


– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?


– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.


Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.


Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.


– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?


– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.


Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.


– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?


– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.


Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.


Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.


– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?


– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.


Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.


– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?


– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.


– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?


– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.


Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.


Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.


Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.

 

Т.НИЗОМ суҳбатлашди.

Мақолалар