Ислом маданияти ривожига ҳисса қўшган Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бугун эрта тонгда ана шундай улуғ алломамиз номи билан аталувчи, азим Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Имом Термизий” жоме масжидига биринчи ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилик уламолар, масжид қавми ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Муфтий ҳазратлари қурилаётган масжид қиёматгача хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Шунингдек, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар.
Маълумот учун, жорий йилнинг 21 апрель куни муҳтарам Президентимиз Олмазор туманига қилган ташрифлари чоғида ушбу жомени кўздан кечириб, уни қайтадан қуриш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Сўнгги пайтларда ёшлар орасида энергетик ичимликлар ичиш одат тусига кирди. Шифокорлар тетиклаштирувчи бундай ичимликларни соғлик учун жуда хавфли эканини таъкидлашмоқда.
Энергетик ичимликлар 1960 йили Японияда тиббиётда дори воситаси сифатида кашф қилинган. Дастлаб инсон саломатлиги учун зарарсиз деб ҳисобланган ичимлик аста-секин оммалашиб, тижоратга айланиб кетди. Сўнгра унинг таркибига бир қанча кимёвий моддалар қўшилди.
2014 йилга келиб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда вояга етмаган ўсмирларнинг энергетик ичимликни кўп истеъмол қилиши хавфли эканини эълон қилди. Шу сабабдан кўп мамлакатларда бу ичимликка тақиқ қўйилди.
Саломатлик учун асосий хавфлар шакар ва кофеин миқдорининг юқорилигидир. Энергетикларда эса, кофеин 100 ml учун 30–50 mg бўлади. Баъзиларида 100 mgгача ошиши мумкин. Бу оддий қаҳва (12 mg)дан 8 баравар кўп. Энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш тушкунликка тушиш эҳтимолини оширади.
“Энергетик ичимликларни мунтазам равишда истеъмол қилиш юрак хуружини оширади, асаб тизимини сусайтиради ва гиёҳвандликка олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, қон босимини кўтариш хавфи бор. Масалан, битта идишдаги энергетик ичимликда 27 чой қошиқ шакар бор. Агар сиз бу ичимликларни ичсангиз, келажакда қандли диабет ва бошқа оғир касалликларга дуч келишингиз муқаррар”, дейди мутахассислар.
Айрим ишлаб чиқарувчилар бу ичимликларга ҳайвонлар аминокислоталарига ўхшаш бўлган таурин моддасини қўшади. Бу модда юрак мушакларининг ишлаш жараёнини тезлаштиради.
Энергетик ичимликлар таркибида шакар миқдори меъёридан анча юқори. Шу боис бир шиша энергетик ичимлик ичган киши жигари қаттиқ зўриқади. Энергетик ичимликларни мунтазам ичиш жигар қуришига олиб келади.