Ислом маданияти ривожига ҳисса қўшган Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бугун эрта тонгда ана шундай улуғ алломамиз номи билан аталувчи, азим Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Имом Термизий” жоме масжидига биринчи ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилик уламолар, масжид қавми ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Муфтий ҳазратлари қурилаётган масжид қиёматгача хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Шунингдек, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар.
Маълумот учун, жорий йилнинг 21 апрель куни муҳтарам Президентимиз Олмазор туманига қилган ташрифлари чоғида ушбу жомени кўздан кечириб, уни қайтадан қуриш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати