Саноқли кунлардан кейин олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади. Аксарият абитуриентлар бу имтиҳонга қаттиқ киришиб, куну тун талаба бўлиш ниятида ҳаракат қилмоқдалар. Дарҳақиқат, талаба бўлиш учун астойдил ҳаракат қилиш талаб этилади. Бинобарин, рақобат кучли, йил сайин талаба бўлишни мақсад қилганларнинг сони ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, абитуриент Аллоҳга таваккул қилиши ҳамда ота-она, устоз ва яқинларининг дуоси олиши ҳам лозим. Муҳими, қалбда – илм эгаллаш ҳамда бу илми ила Ватани, халқи, оиласи хизматида бўлиш нияти бўлсин.
Илм олиш ниятда бўлган барча абитуриентлар имтиҳонларни муваффақиятли топширишларини Яратгандан сўраб қоламиз.
Роббим! Осон қилгин, қийин қилма. Роббим, (ишимни) яхшилик билан тугатгин.
«Роббим! (Бу қийин вазифага) бағримни кенг қилгин ва ишимни осон қилгин ҳамда тилимдан тугунни (дудуқликни) ечиб юборгин, (токи) улар (қавмим) гапимни (яхши) англасинлар.
Роббим! Илмимни ва зеҳнимни орттир.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати