Масжид ул-ҳарам. Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид. Унда қон тўкиш ва шу каби гуноҳ ишлар ҳаром қилингани боис шундай ном билан аталган. Масжиднинг умумий саҳни 400.800 минг кв. метр бўлиб, бир миллион бир юз йигирма минг намозхонни сиғдира олади. Каъба эшиги 280 кг соф олтиндан ясалган. Унинг тўққизта минораси (ҳар бирининг баландлиги 95 метр), тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Ўн битта юрарзиналар орқали масжиднинг иккинчи ва учинчи қаватларига чиқилади.

Масжид ун-набий. Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига жойлашган. Масжид қурилишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари иштирок этганлар. Масжид кейинчалик Ҳазрати Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган. Масжиднинг саҳни юз минг кв. метрдан ортиқ бўлиб, 1 миллиондан зиёд кишини ўз бағрига сиғдира олади. Масжиднинг 105 метрли иккита, 75 метрли тўртта минораси, ўзи очиб-ёпиладиган 27 та томи, 400дан ортиқ устунлари, 6800 та қандиллари бор. Масжид ичида Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳамда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳум)нинг қабрлари жойлашган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар.

Шайх Зайд масжиди. Меъморчилик санъатининг дурдона кўриниши, дунёнинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланган ушбу масжид Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти Абу-Дабида жойлашган. Масжид унинг асосчиси ва мамлакатнинг биринчи раҳбари Зайд ибн Султон Нахайана исми билан номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланиб, 12 йил давом этган. Унда 3500дан ортиқ дунёнинг 38та қўшма корхоналарининг қурувчи, мутахассислари меҳнат қилган. Масжиднинг расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Масжид поклик рамзи бўлган оқ мармардан қурилган. Масжид сиғими 41 минг намозхон учун мўлжалланган. Шайх Зайд масжиди 82та гумбаз, минглаб устун ва қандиллар ҳамда қўл меҳнатида тўқилган дунёдаги энг катта гилам (бу гиламни мингта тўқувчи бир йил давомида тўқиган) билан безатилган. Масжиднинг асосий биносида диаметри 10 метр, баландлиги 15 метр, оғирлиги 12 тонна бўлган қандил ўз нурини сочиб туради. Масжид кундузи қуёшда оқ ва тилла, кечқурун эса бошқа рангларда ярқираб туради.


Султон Умар Али Сайфуддин масжиди. Қироллик масжиди бўлган ушбу масжид Бруней Султонлигининг пойтахтида жойлашган. Масжид баландлиги 52 метрни ташкил этади. Тинч океанидаги энг гўзал масжид ҳисобланади. 1958 йилда замонавий услубда қурилган. 44 метр баландликдаги миноралари мармардан, устунлари олтиндан ишланган. Масжид атрофи улкан боғ билан ўралган.

Зохир масжиди. Ушбу масжид Малайзиянинг Кедах штатида жойлашган. Мамлакатнинг энг қадимий ва катта масжиди ҳисобланади. Масжиднинг умумий майдони 11 минг 500 кв. метр бўлиб, 1912 йилда барпо этилган. Масжиднинг бешта устуни Ислом динининг беш устунини англатади.


Фейсал масжиди. Жануби-шарқий ва жанубий Осиёдаги энг йирик, дунёдаги энг катта масжидлар орасида тўртинчи ўриндаги Фейсал масжиди Покистоннинг Исломобод шаҳрида жойлашган. Масжид 90 метр баландликдаги тўрт минора билан ўралган. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланиб, 1986 йилда якунланган. Масжид умумий саҳни 5 минг кв. метрни ташкил этади. Масжид 300 мингга яқин намозхонни сиғдира олади.

Султон Хуссайн масжиди. Сингапурда жойлашган ушбу масжид 1824 йилда Султон Хусайн ташаббуси билан барпо этилган. Кейинчалик масжид янада кенгайтирилди ва 1928 йил масжид икки қаватли қилиб қурилди. Масжид 5 минг нафар намозхон учун мўлжалланган. Султон Хуссайн масжидининг 2 та гумбаз ва 4 та минораси бор. Унинг саҳни 4100 минг кв. метрни ташкил этади. 1960 ва 1993 йилларда масжид қайта таъмирланди.



Султон Сулаймон масжиди. Туркия пойтахти Истамбулнинг Вефа вилоятида жойлашган. 1550 йил Султон Сулаймоннинг топшириқига биноан қурилган. Масжид гумбази 53 метр бўлиб, 5 минг намозхонни сиғдира олади. 56 метр баландликдаги 4 та минора Султон Сулаймоннинг мамлакатнинг тўртинчи подшоҳи эканлигини англатади. 136 та дераза масжидни ёруғ бўлишини таъминлайди. Масжид ҳовлисида Султон Сулаймоннинг қабри бор.

Даврон Нурмуҳаммад
тайёрлади
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби