Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Дунёнинг энг йирик 8 масжиди

07.07.2017   18049   5 min.
Дунёнинг энг йирик 8 масжиди

Масжид ул-ҳарам. Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид. Унда қон тўкиш ва шу каби гуноҳ ишлар ҳаром қилингани боис шундай ном билан аталган. Масжиднинг умумий саҳни 400.800 минг кв. метр бўлиб, бир миллион бир юз йигирма минг намозхонни сиғдира олади. Каъба эшиги 280 кг соф олтиндан ясалган. Унинг тўққизта минораси (ҳар бирининг баландлиги 95 метр), тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Ўн битта юрарзиналар орқали масжиднинг иккинчи ва учинчи қаватларига чиқилади.


Масжид ун-набий. Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига жойлашган.  Масжид қурилишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари иштирок этганлар. Масжид кейинчалик Ҳазрати Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган. Масжиднинг саҳни юз минг кв. метрдан ортиқ бўлиб, 1 миллиондан зиёд кишини ўз бағрига сиғдира олади. Масжиднинг 105 метрли иккита, 75 метрли тўртта минораси, ўзи очиб-ёпиладиган 27 та томи, 400дан ортиқ устунлари, 6800 та қандиллари бор.  Масжид ичида Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳамда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳум)нинг қабрлари жойлашган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар.


Шайх Зайд масжиди. Меъморчилик санъатининг дурдона кўриниши, дунёнинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланган ушбу масжид Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти Абу-Дабида жойлашган. Масжид унинг асосчиси ва мамлакатнинг биринчи раҳбари Зайд ибн Султон Нахайана исми билан номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланиб, 12 йил давом этган. Унда 3500дан ортиқ дунёнинг 38та қўшма корхоналарининг қурувчи, мутахассислари меҳнат қилган. Масжиднинг расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Масжид поклик рамзи бўлган оқ мармардан қурилган. Масжид сиғими 41 минг намозхон учун мўлжалланган. Шайх Зайд масжиди 82та гумбаз, минглаб устун ва қандиллар ҳамда қўл меҳнатида тўқилган дунёдаги энг катта гилам (бу гиламни мингта тўқувчи бир йил давомида  тўқиган) билан безатилган. Масжиднинг асосий биносида диаметри 10 метр, баландлиги 15 метр, оғирлиги 12 тонна бўлган қандил ўз нурини сочиб туради. Масжид кундузи қуёшда оқ ва тилла, кечқурун эса бошқа рангларда ярқираб туради. 


Султон Умар Али Сайфуддин масжиди. Қироллик масжиди бўлган ушбу масжид Бруней Султонлигининг пойтахтида жойлашган. Масжид баландлиги 52 метрни ташкил этади. Тинч океанидаги энг гўзал масжид ҳисобланади. 1958 йилда замонавий услубда қурилган. 44 метр баландликдаги миноралари мармардан, устунлари олтиндан ишланган. Масжид атрофи улкан боғ билан ўралган.


Зохир масжиди. Ушбу масжид Малайзиянинг Кедах штатида жойлашган. Мамлакатнинг энг қадимий ва катта масжиди ҳисобланади. Масжиднинг умумий майдони 11 минг 500 кв. метр бўлиб, 1912 йилда барпо этилган. Масжиднинг бешта устуни Ислом динининг беш устунини англатади.


Фейсал масжиди. Жануби-шарқий ва жанубий Осиёдаги энг йирик, дунёдаги энг катта масжидлар орасида тўртинчи ўриндаги Фейсал масжиди Покистоннинг Исломобод шаҳрида жойлашган. Масжид 90 метр баландликдаги тўрт минора билан ўралган. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланиб, 1986 йилда якунланган.  Масжид умумий саҳни 5 минг кв. метрни ташкил этади. Масжид 300 мингга яқин намозхонни сиғдира олади.   


Султон Хуссайн масжиди. Сингапурда жойлашган ушбу масжид 1824 йилда Султон Хусайн ташаббуси билан барпо этилган. Кейинчалик масжид янада кенгайтирилди ва 1928 йил масжид икки қаватли қилиб қурилди. Масжид 5 минг нафар намозхон учун мўлжалланган. Султон Хуссайн масжидининг 2 та гумбаз ва 4 та минораси бор. Унинг саҳни 4100 минг кв. метрни ташкил этади. 1960 ва 1993 йилларда масжид қайта таъмирланди.


Султон Сулаймон масжиди. Туркия пойтахти Истамбулнинг Вефа вилоятида жойлашган. 1550 йил Султон Сулаймоннинг топшириқига биноан қурилган. Масжид гумбази 53 метр бўлиб, 5 минг намозхонни сиғдира олади. 56 метр баландликдаги 4 та минора Султон Сулаймоннинг мамлакатнинг тўртинчи подшоҳи эканлигини англатади. 136 та дераза масжидни ёруғ бўлишини таъминлайди. Масжид ҳовлисида Султон Сулаймоннинг қабри бор.

Даврон Нурмуҳаммад

тайёрлади

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Discover Pakistan” телеканалида Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий меросига бағишланган кўрсатув намойиш қилинди

06.08.2026   23073   2 min.
“Discover Pakistan” телеканалида Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий меросига бағишланган кўрсатув намойиш қилинди

Покистоннинг оммабоп “Discover Pakistan” телеканалида Ўзбекистонда бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бағишланган махсус кўрсатув эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Урду тилида намойиш қилинган мазкур телелойиҳа I Халқаро ислом цивилизацияси форумида иштирок этган “Discover Pakistan” ижодий жамоаси томонидан тайёрланган.

Унда форумнинг асосий натижалари, унинг халқаро аҳамияти ва Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари хусусида сўз юритилди.

Эфир давомида форум турли мамлакатлардан келган таниқли олимлар, диншунослар, давлат ва жамоат арбобларини бир майдонга жамлаган нуфузли халқаро мулоқот платформаси сифатида эътироф этилди. Муаллиф таъкидланганидек, анжуман диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, маърифий ислом ғояларини кенг тарғиб қилиш, экстремизм ва радикализмга қарши маънавий-маърифий ёндашувларни мустаҳкамлашга қаратилган долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Кўрсатувда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ислом маданияти ва цивилизациясига оид бой меросни халқаро майдонда тарғиб этиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Самарқанд, Тошкент ва Термиз каби илм-фан марказларининг жаҳон ислом цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Кўрсатувда форум иштирокчилари бўлган бир қатор хорижий олимларнинг интервьюлари ҳам ўрин олган. Хорижий экспертлар мазкур форум мамлакатлар ва турли халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этганини қайд этди.

 Теледастур бошловчиси айтганидек, форум доирасида қабул қилинган ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланмоқда ва улар илм-фан, таълим ва маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади. “Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда халқаро мулоқот майдонларини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди”, – дея таъкидлаган муаллиф.

“Discover Pakistan” телеканали орқали эфирга узатилган мазкур кўрсатув Покистон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой маънавий-маърифий мероси ва I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништиришга хизмат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари