Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июн, 2026   |   17 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:26
Аср
17:35
Шом
19:56
Хуфтон
21:31
Bismillah
04 Июн, 2026, 17 Зулҳижжа, 1447

Дунёнинг энг йирик 8 масжиди

07.07.2017   17112   5 min.
Дунёнинг энг йирик 8 масжиди

Масжид ул-ҳарам. Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид. Унда қон тўкиш ва шу каби гуноҳ ишлар ҳаром қилингани боис шундай ном билан аталган. Масжиднинг умумий саҳни 400.800 минг кв. метр бўлиб, бир миллион бир юз йигирма минг намозхонни сиғдира олади. Каъба эшиги 280 кг соф олтиндан ясалган. Унинг тўққизта минораси (ҳар бирининг баландлиги 95 метр), тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Ўн битта юрарзиналар орқали масжиднинг иккинчи ва учинчи қаватларига чиқилади.


Масжид ун-набий. Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига жойлашган.  Масжид қурилишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари иштирок этганлар. Масжид кейинчалик Ҳазрати Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган. Масжиднинг саҳни юз минг кв. метрдан ортиқ бўлиб, 1 миллиондан зиёд кишини ўз бағрига сиғдира олади. Масжиднинг 105 метрли иккита, 75 метрли тўртта минораси, ўзи очиб-ёпиладиган 27 та томи, 400дан ортиқ устунлари, 6800 та қандиллари бор.  Масжид ичида Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳамда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳум)нинг қабрлари жойлашган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар.


Шайх Зайд масжиди. Меъморчилик санъатининг дурдона кўриниши, дунёнинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланган ушбу масжид Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти Абу-Дабида жойлашган. Масжид унинг асосчиси ва мамлакатнинг биринчи раҳбари Зайд ибн Султон Нахайана исми билан номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланиб, 12 йил давом этган. Унда 3500дан ортиқ дунёнинг 38та қўшма корхоналарининг қурувчи, мутахассислари меҳнат қилган. Масжиднинг расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Масжид поклик рамзи бўлган оқ мармардан қурилган. Масжид сиғими 41 минг намозхон учун мўлжалланган. Шайх Зайд масжиди 82та гумбаз, минглаб устун ва қандиллар ҳамда қўл меҳнатида тўқилган дунёдаги энг катта гилам (бу гиламни мингта тўқувчи бир йил давомида  тўқиган) билан безатилган. Масжиднинг асосий биносида диаметри 10 метр, баландлиги 15 метр, оғирлиги 12 тонна бўлган қандил ўз нурини сочиб туради. Масжид кундузи қуёшда оқ ва тилла, кечқурун эса бошқа рангларда ярқираб туради. 


Султон Умар Али Сайфуддин масжиди. Қироллик масжиди бўлган ушбу масжид Бруней Султонлигининг пойтахтида жойлашган. Масжид баландлиги 52 метрни ташкил этади. Тинч океанидаги энг гўзал масжид ҳисобланади. 1958 йилда замонавий услубда қурилган. 44 метр баландликдаги миноралари мармардан, устунлари олтиндан ишланган. Масжид атрофи улкан боғ билан ўралган.


Зохир масжиди. Ушбу масжид Малайзиянинг Кедах штатида жойлашган. Мамлакатнинг энг қадимий ва катта масжиди ҳисобланади. Масжиднинг умумий майдони 11 минг 500 кв. метр бўлиб, 1912 йилда барпо этилган. Масжиднинг бешта устуни Ислом динининг беш устунини англатади.


Фейсал масжиди. Жануби-шарқий ва жанубий Осиёдаги энг йирик, дунёдаги энг катта масжидлар орасида тўртинчи ўриндаги Фейсал масжиди Покистоннинг Исломобод шаҳрида жойлашган. Масжид 90 метр баландликдаги тўрт минора билан ўралган. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланиб, 1986 йилда якунланган.  Масжид умумий саҳни 5 минг кв. метрни ташкил этади. Масжид 300 мингга яқин намозхонни сиғдира олади.   


Султон Хуссайн масжиди. Сингапурда жойлашган ушбу масжид 1824 йилда Султон Хусайн ташаббуси билан барпо этилган. Кейинчалик масжид янада кенгайтирилди ва 1928 йил масжид икки қаватли қилиб қурилди. Масжид 5 минг нафар намозхон учун мўлжалланган. Султон Хуссайн масжидининг 2 та гумбаз ва 4 та минораси бор. Унинг саҳни 4100 минг кв. метрни ташкил этади. 1960 ва 1993 йилларда масжид қайта таъмирланди.


Султон Сулаймон масжиди. Туркия пойтахти Истамбулнинг Вефа вилоятида жойлашган. 1550 йил Султон Сулаймоннинг топшириқига биноан қурилган. Масжид гумбази 53 метр бўлиб, 5 минг намозхонни сиғдира олади. 56 метр баландликдаги 4 та минора Султон Сулаймоннинг мамлакатнинг тўртинчи подшоҳи эканлигини англатади. 136 та дераза масжидни ёруғ бўлишини таъминлайди. Масжид ҳовлисида Султон Сулаймоннинг қабри бор.

Даврон Нурмуҳаммад

тайёрлади

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Илм олишда таътил йўқ

04.06.2026   1873   3 min.
Илм олишда таътил йўқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Юртимизга Ёз ойлари кириб келди. Шукрлар бўлсин. 

Мактабларда ўкув йили тамомланди. Кеча биринчи синфга қадам қўйган битирувчига ҳам айланди.

Мактабги тамомлаганлар Олий даргоҳларига талаба булиш умидида аризалар топшириш тараддудида. 
Битирувчи ўкувчилардан бошқа фарзандларимиз ёзги таътил даврида оила бағрида. Аммо минг афсуски, ўкув йили тугади дегани, таълим олиш тарбия олиш тугамади.

Зеро, Расулуллох алайхиссалом: Бешикдан кабргача илм изла!” дедилар.

Эътибор берайлига, бешикдан кабргача деган замон уз ичига ёз ойларини хам олади.

Доно халқимизда ажиб накл бор. 

“Дўстни ғафлати душманни ганимати”

Дарҳақиқат фарзандларимизни назоратсиз қолдирсак, ҳохлаган ишларига қўл уришлари аниқ.
Аллоҳ таоло инсонни илм билан шарафлади. Илм – қалбларни ёритадиган нур, жаҳолат зулматидан нажот берадиган йўлдир. Шу сабабли мўмин банда илм олишни маълум бир фаслга, ёшга ёки вақтга боғлаб қўймайди. Чунки илм олиш ибодати умрнинг охиригача давом этадиган шарафли вазифадир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят).

Яна бир оятда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилган зотларни баланд даражаларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Бу оятлар илм аҳлининг Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомини кўрсатади. Илм эгаллаш учун ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғи, таътил ёки бошқа баҳоналар тўсиқ бўла олмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” (Ибн Можа ривояти).

Ҳадисда илм талаб қилиш учун муддат ёки чеклов белгиланмаган. Демак, мусулмон киши доимо ўрганишда, изланишда ва ўзини камолга етказишда давом этиши керак.

Салаф улуғларимиз илм йўлида мислсиз сабр ва матонат кўрсатганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ каби буюк алломалар умрларининг сўнгги дамларигача илм билан машғул бўлганлар. Улар учун “дам олиш” илмни тарк қилиш эмас, балки илмни янада мустаҳкамлаш воситаси эди.

Афсуски, баъзан айрим кишилар таътил кунларини бекорчилик, фойдасиз машғулотлар ёки вақтни беҳуда сарфлаш билан ўтказадилар. Ҳолбуки, бир дақиқа ҳам қайтиб келмайди. Вақт – Аллоҳнинг энг улуғ неъматларидан биридир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳҳи васаллам айтадилар: “Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қоладилар: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).

Шунинг учун таътил кунлари Қуръон тиловати, диний ва дунёвий фойдали китобларни мутолаа қилиш, илмий суҳбатларда қатнашиш, янги кўникмаларни ўрганиш билан безатилиши лозим.
Илмнинг энг гўзал жиҳати шундаки, у инсонни дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга элтади. Мол-дунё сарфланса камаяди, илм эса улашилган сари зиёда бўлади. Шунинг учун ҳақиқий муваффақият эгаси – вақтини илм билан қадрлаган кишидир.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимиз. 

Таътил мактабда, олийгоҳда ёки иш фаолиятида бўлиши мумкин. Аммо илм олишда таътил бўлмайди. Мўмин инсон ҳар куни янги бир фойдали маълумот ўрганишга, Қуръон ва суннат илмларини эгаллашга интилади. Чунки илм йўли – жаннат йўлидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким илм излаш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни илмни севувчи, унга амал қилувчи ва уни бошқаларга етказувчи бандаларидан қилсин.


Шуҳратилла Исроилов,
Учқўрғон тумани бош имом-хатиби.

Мақолалар