Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2026   |   6 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
20 Июл, 2026, 6 Сафар, 1448

Энг бой инсон

07.07.2017   9490   10 min.
Энг бой инсон

Иймон эътиқодли кишининг шукроналик, сабр-бардош ва қаноат туйғуси ўз-ўзидан унинг хулқ-атворда, шахс сифатларида ва оилавий муносабатларида қанчалик акс этиши, исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир.

 Алишер Навоий  ҳазратлари асарларида келтирилган қаноат, шукр сўзларининг мазмун-моҳиятига аҳамият берсак, нақадар гўзал ҳолатда васф қилинганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Мисол учун, “Маҳбубул–қулуб” асарида Қаноат  шундай бир чашмаки, унинг суви ҳеч қачон қуримайди, бир хазинаки, сарф этган билан камаймайди. Шундай бир зироатгоҳки, уруғидан иззат ва шафқат ҳосили унади. У гўё бир дарахтки, унинг шоҳида ҳурмат меваси пишади…”– каби фикрларини баён этган. Мутафаккир инсондаги иродани  қаноатга ўхшатади, уни сабрли бўлишга чорлайди.

Муқаддас динимиз таълимотларида қаноатли бўлиш борасида келган илоҳий ўгитларга қулоқ солсак.

قال النبي - صلى الله عليه وسلم -: وَارْضَ بِمَا قَسَمَ اللهُ لَكَ تَكُنْ أَغْنَى النَّاسِ

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, шунда инсонларнинг энг беҳожатига айланасан”(Имом Термизий ривояти). 

“Ризо” (яъни берилган нарсаларга розилик) аччиқланиш ва ғазабланишнинг акси демакдир. Имом Муслим саҳиҳ тўпламида келтирилган ҳадиси шарифда бу маъно  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "أَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ" “(Аллоҳим) Сенинг розилигинг ила ғазабингдан паноҳ сўрайман” дея ўргатган дуоларида ўз тасдиғини топган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Ул Зот шундай дейдилар:

إن الله إذا أحب قوما ابتلاهم، فمن رضي فله الرضا، ومن سخِط فله السَّخَط

صحيح سنن الترمذي.

“Аллоҳ таоло агар бир қавмни яхши кўрса, ўша қавмни (мусибат ила) имтиҳон қилади. Кимда ким (бу қисматга) рози бўлса, (қиёмат кунида) унга ҳам розилик бордир. Кимда ким (бу қисматга) ғазаб қилса (қиёмат кунида) унга ҳам ғазаб бордир” (Имом Термизий ривояти).

Уламоларимиз берилган нарсаларга розиликка қуйидагича: “Ризо – қалбнинг Парвардигор ихтиёрига таскин топмоғидир” деб таъриф берилган бўлса, яна бошқа бир таърифда “Ризо –тақдирнинг аччиқлиги сабабидан ҳам қалбнинг хурсанд бўлишидир”, дейилган. Бошқа олимлар: “Ҳар қандай ҳукмни хурсандчилик ила қарши олиш”, яна бир таърифда эса “Ҳар қандай ҳукм ўқилганда ҳам жазавага тушмаслик - ризодир” деб келтирилган.

Розилик таслим бўлиб қўл қовуштириш эмас. Чунки аслида таслим бўлиш дегани бу -  мағлубиятга учрамоқ ва мақсадга эришиш учун  жидду жаҳд  қилмасликдир. Ҳақиқий розилик бўлса, мақсадга етишиш учун бор имкониятни ишга солиш, мабодо эриша олмаса, ана шунда ҳеч қандай жазавага тушмасдан, ғазабланиб, аччиқланмасдан Аллоҳ таоло тақсимлаб берганига рози бўлишдир. Бу айни турмуш қуриб фарзанд кўра олмаган, дардга чалиниб шифо топа олмаётган, Аллоҳ таолонинг тақдири ила фақирлик, ҳоли тангликка учраб қанча ҳаракат қилса ҳам бундан қутула олмаётган кишиларнинг розилигидир.

Қуйида Аллоҳ таоло ёзиб, тақдир қилган нарсаларга рози бўлишдек сифат ила зийнатланишнинг шундай мартабалари келадики, натижада қалб доимий сурурни, нафс муқаррар неъматлар ҳиссини туя бошлайди.

Абдулвоҳид ибн Зайд айтади: “Розилик - Аллоҳ таолонинг улуғ эшиги, дунё жаннати (энг буюк неъмати) ва обидлар чироғидир”.

Абу Абдуллоҳ Баросий айтади: “Кимга розилик инъом этилган бўлса, фазилат даражаларнинг энг юқорисига етишибди”.

Абу Усмон Ҳайрий: “Қирқ йилдан буён Аллоҳ таоло мени мен ёмон кўрган ҳолга ташламади ва ўша ҳолатдан мени мен ғазабланадиган бошқа бир ҳолга кўчирмади” (яъни ҳар қандай ҳолда ҳам мен норизо бўлмадим, ёмон ҳам кўрмадим, ҳеч қачон ғазабланмадим).

Алқама розияллоҳу анҳу: 

  وَمَنْ يُؤْمِنْ بِاللَّهِ يَهْدِ قَلْبَهُ 

“Ким Аллоҳга иймон келтирса Аллоҳ унинг қалбини ҳидоятга бошлайди” ояти борасида шундай дейди: “Бу кишига етган мусибат бўлиб, киши уни Аллоҳнинг ҳузуридан эканини билади ва унга таслим ила, рози бўлади”.

Омир ибн Қайс айтади: “Менга барча мусибатларни енгил қилган ва ҳар қандай бало-офатларга мени рози қилган Аллоҳ таолога  ҳақиқатда муҳаббат қўйдим. Унга бўлган севгим туфайли кеча ва кундуздаги бўлаётган нарсаларга парво қилмайман”.

Мана шу пайтда мусулмон киши наздида бойлик ва фақирлик паллалари тенг бўлади. Ибн Авн айтади: “Банда ҳеч қачон фақирлик пайтидаги ризоси бойлик пайтидаги  ризоси билан баробар бўлган даражадагидек ризонинг ҳақиқатига ета олмайди”.

إن الله تعالى قسم بينكم أخلاقكم، كما قسم بينكم أرزاقكم، وإن الله تعالى يُعطي المال من أحب ومن لا يُحب، ولا يعطي الإيمان إلا من يحب

Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Албатта Аллоҳ таоло худди орангизда ризқларингизни тақсимлагани каби ўртангизда сизларнинг хулқларингизни ҳам  тақсимлади. Аллоҳ таоло яхши кўрганларига ҳам ва яхши кўрмаган кишиларига ҳам мол-мулк бераверади. Иймонни эса фақат яхши кўрганларигагина беради”. (ал-адаб ал-муфрад асари)

Аллоҳ берган ризқ-рўз шак-шубҳасиз, албатта етиб келади. Банда Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ризқни еб бўлмагунича, белгиланган умрнинг ҳаммасини ўтамагунича вафот этмайди. Шундай экан, қандай қилиб нопок йўл билан ўзгаларнинг мулкига дахл қилиш, бу билан янада кўпроқ нарсага эришишни исташ мумкин?

يقول النبي - صلى الله عليه وسلم -:ولا يحملن أحدَكم، استبطاءُ الرزق أن يطلبه بمعصية الله، فإن الله - تعالى - لا ينال ما عنده إلا بطاعته

صحيح الترغيب

Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Ризқим кечикяпти деб ҳаргиз гуноҳ иш билан уни тезлатишни хаёл қилманг. Аллоҳнинг ризқига фақат яхши йўл билан эришиш лозим”, - дея таъкидлаганлар.

وفي الحديث: قد أفلح من أسلم ورُزِق كفافا، وقَنَّعَهُ الله بما آتاه

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алйҳи васаллам: “Мусулмон бўлиб, (муҳтожликдан) тўсадиган даражада ризқланган ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсаларига қаноатлантириб қўйган киши нажот топибди”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллоллоҳу алйҳи васалламнинг ўзлари ҳам инсонларнинг энг афзали, Оламлар Парвардигорининг севиклиги бўла туриб, тоғу тошлар У зот учун олтинга айланиши мумкин бўлгани ҳолда йўқчилик ичра, фақирона ҳаёт кечиришни афзал билганликлари барчамизга ўрнак бўлади.

Қаноат энг катта бойликдир. Мол-у дунё жаннатга киришни кечиктириши ҳам мумкин. Зотан Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:

يدخل الفقراء الجنة قبل الأغنياء بخمسمائة عام

صحيح سنن الترمذي

Камабағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киради”, - деб, фақирлик, танглик ва ҳожатмандлик ила синалган кишиларга ҳушхабар берганлар (Имом Термизий ривояти).

Камбағаллик баъзилар ўйлаганидек мол-у дунёси камлигида эмас, балки қаноат қилмасликдадир. Агар киши фақирлигидан нолиса ўзиданда ночорроқ кимсаларга назар солсин. Бу дунёда миллионлаб инсонларнинг ичида унданда камбағалроқ кишилар минглаб топилади. Уларга қараб инсон Аллоҳнинг берган неъматларига нисбатан шукр қилиши, борига қаноат қилиши лозим бўлади.

Бу борада ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жуда гўзал одоб-ахлоқ эгаси ва Парвардигорига энг маҳбуб банда эканликларини исботлаб шундай деганлар:

يقول النبي - صلى الله عليه وسلم -:من رأى مبتلى فقال: الحمد لله الذي عافاني مما ابتلاك به وفضلني على كثير ممن خلق تفضيلا، لم يصبه ذلك البلاء

 صحيح سنن الترمذي.

“Кимда ким бирор мусибатга учраган кишини кўрса, “Сизни синаган мусибатдан мени сақлаган, Ўзи яратган кўпгина махлуқотлардан мени афзал қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин”, десин! Ўшанда ана шу мусибат унга етмайди” (Имом Термизий ривояти).

Бандага мусибат етса, чиройли сабри ва розилиги натижасида унга бир қанча фазилатлар берилади. Бу хусусда  Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг: “Агар мен бирор мусибатга йўлиқсам, Аллоҳ таоло ўша мусибатда менга тўрт неъматни инъом қилган бўлади: Ўша мусибат динимда бўлмагани, (Аллоҳнинг қадарига) розиликдан маҳрум бўлмаганим, бунданда оғирроқ мусибат берилмагани ва ана ўша мусибат учун савоб умид қилишим мумкинлиги”, деб айтган сўзлари барчамизни шукр қилишга, сабрли ва Аллоҳ таоло ёзиб қўйган тақдирига рози бўлишга ундайди.

Хулоса ўринида бирор бир касалликни даволашдан олдин инсон организмида аввало унга қарши иммунитет ҳосил  қилинади. Биз ҳам ёшларимиз қалби ва онгида ноҳуш ҳодисаларга, бесабрлиликка қарши шукрона ва қаноатлик тарбиясини бера олсакгина, турли хил даъватчиларнинг алдовларига учмайдиган ўз Ватани ва халқи учун фидойи инсонларни тарбиялай оламиз.

Аллоҳ барчаларимизни шокир ва қаноатли бандаларидан қилсин! 

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

X асрдан "репортаж": Мовароуннаҳр ҳақидаги энг ишончли қўлёзма ўзбек тилида нашр этилмоқда

20.07.2026   2332   6 min.
X асрдан

Самарқанд ва Бухоро бугун дунё туризмининг энг машҳур йўналишларидан бири ҳисобланади. Бироқ бу шаҳарлар минг йил аввал қандай кўринишда бўлган? Улар қандай иқтисодий қудратга эга эди, қайси халқаро савдо йўлларини боғлаган ва мусулмон цивилизацияси тараққиётида қандай ўрин тутган? Бу саволларга жавоб археологик топилмалар эмас, балки X асрда яшаган араб географи ва сайёҳининг бевосита кузатувларига асосланган асарида мужассам, хабар бермоқда iccu.uz. Энди мазкур нодир манба танқидий матн, қиёсий қўлёзмалар таҳлили ва илмий шарҳлар билан биринчи марта ўзбек китобхонига тақдим этилмоқда.

Глобал миқёсда маданий меросни сақлаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва цивилизациялар тарихи бўйича бирламчи манбаларни қайта тадқиқ этишга қизиқиш кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда яна бир муҳим академик нашр тайёрланмоқда. Машҳур араб географи ва сайёҳи Абу Исҳоқ Иброҳим ал-Истахрийнинг X асрда ёзилган "Китоб ал-масолик вал-мамолик" ("Йўллар ва мамлакатлар китоби") асари танқидий матн ва илмий изоҳлар билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўзбек тилида нашр қилинмоқда.

Нашр Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими томонидан амалга оширилган таржима ва кенг қамровли манбашунослик тадқиқоти натижасидир.

Марказ илмий ходими Равшан Худайбергановнинг қайд этишича, ушбу асар тарихий географияга бағишланган оддий рисола эмас. У X аср мусулмон оламининг сиёсий, иқтисодий ва маданий манзарасини акс эттирувчи энг муҳим бирламчи манбалардан бири ҳисобланади. Истахрий турли мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилиб, шаҳарлар, савдо йўллари, аҳоли турмуш тарзи, иқтисодий муносабатлар ва давлат бошқарувига оид маълумотларни шахсий кузатувлари асосида қайд этган.

Айниқса, асарда Мовароуннаҳр ҳақида келтирилган маълумотлар бугунги тарихшунослик учун алоҳида аҳамият касб этади. Самарқанд, Бухоро ва минтақанинг бошқа шаҳарлари нафақат мусулмон Шарқининг муҳим маданий марказлари, балки Ипак йўли орқали Европа, Яқин Шарқ ва Осиёни боғлаган халқаро савдо тизимининг стратегик нуқталари сифатида тасвирланади.

Бугунги кунда тарихчилар қадимги шаҳарлар тараққиётини археологик маълумотлар, эпиграфик ёдгорликлар ва қўлёзма манбаларни ўзаро солиштириш орқали тикламоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Истахрий асари археологик далилларни тўлдирувчи бевосита катта илмий аҳамиятга эга.

Асар IX–XII асрларда Марказий Осиёда шаклланган ва кўплаб тадқиқотчилар томонидан Биринчи Ренессанс деб баҳоланувчи цивилизацион юксалиш даврини англашда ҳам муҳим манба вазифасини ўтайди. Бу даврда илм-фан, шаҳарсозлик, савдо, маданият ва маърифат юқори тараққиёт босқичига чиққан бўлиб, кейинчалик мусулмон цивилизацияси ва жаҳон илм-фани ривожига кучли таъсир кўрсатган.

Нашрнинг асосий илмий қиймати унинг танқидий матн асосида тайёрланганида намоён бўлади.

Равшан Худайберганов, Марказнинг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими илмий ходими:

Мазкур асар X аср мусулмон оламининг тарихий географияси бўйича энг муҳим манбалардан биридир. Чунки унда нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросон, Эрон, Ироқ, Арабистон, Кавказ ва бошқа кўплаб ҳудудлар ҳақида ҳам маълумотлар жамланган. Шу боис бу асар бутун мусулмон цивилизациясининг ўша даврдаги ҳолатини ўрганиш имконини беради. Китобнинг илмий аҳамиятини янада оширадиган жиҳат — унинг танқидий матн асосида нашр этилганидир. Одатда қадимий манбалар бир ёки икки қўлёзма нусха асосида таржима қилинади. Натижада айрим матний фарқлар эътибордан четда қолиши мумкин. Ушбу нашрда эса манбашуносликнинг энг муҳим талабларидан бири бўлган қиёсий таҳлил усули қўлланилган.

Маълум қилинишича, тадқиқот давомида асарнинг араб тилида сақланган саккизта қўлёзма нусхаси ҳамда кейинчалик форс тилига қилинган таржиманинг ўнта қўлёзмаси ўзаро қиёсланган. Жами ўн саккизта қўлёзма таҳлил қилиниб, улар асосида муаллиф матнига энг яқин ҳисобланган танқидий матн қайта тикланган.

Манбашунослик нуқтаи назаридан бундай ёндашув халқаро академик амалиётда энг ишончли усуллардан бири ҳисобланади. Турли қўлёзмалардаги матний фарқларни солиштириш орқали асарнинг кейинги асрларда қандай таҳрирлангани, қайси маълумотлар қўшилган ёки ўзгарганини аниқлаш имкони пайдо бўлади.

Нашрнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, барча матний тафовутлар сатр ости изоҳларида келтирилган, тарихий шахслар, этнонимлар, топонимлар ва географик атамаларга оид кенг шарҳлар эса китобнинг изоҳлар қисмида жамланган. Бу жиҳат эса китобни кенг китобхонлар оммаси билан бир қаторда тарихчилар, шарқшунослар, этнологлар, географлар ва иқтисодий тарих тадқиқотчилари учун ҳам муҳим илмий манбага айлантиради.

Мутахассисларнинг фикрича, араб ва форс тилидаги қўлёзмаларни бир вақтнинг ўзида қамраб олган бундай кенг қамровли манбашунослик тадқиқотлари миллий академик муҳитда нисбатан кам учрайди. Шу жиҳатдан мазкур нашр нафақат бир қадимий асарнинг таржимаси, балки Ўзбекистонда манбашунослик мактабини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим илмий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Бугун жаҳонда маданий меросни рақамлаштириш, қўлёзмаларни сақлаш ва уларни халқаро илмий муомалага киритиш долзарб вазифага айланган. Истахрийнинг "Китоб ал-масолик вал-мамолик" асари ҳам ана шу глобал жараённинг бир қисми сифатида Марказий Осиёнинг цивилизациялар тарихидаги ўрнини янада чуқурроқ англашга хизмат қилувчи муҳим илмий манба сифатида эътироф этилмоқда.

Тадқиқот натижаларидан кўринадики, минг йил аввал Мовароуннаҳр бўйлаб сафар қилган муаллифнинг кузатувлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, улар тарихчиларга ўтмишни қайта тиклаш, географларга қадимги ҳудудларни аниқлаш, маданиятшуносларга эса халқлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни тадқиқ этишда ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, "Китоб ал-масолик вал-мамолик" фақат тарихий ёдгорлик эмас, балки Марказий Осиёнинг Биринчи Ренессанс даврини илмий асосда англашга хизмат қилаётган долзарб академик манба сифатида ҳам аҳамият касб этади.

 

Дурдона Расулова

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари