Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Лимоннинг шифобахш хусусияти

05.07.2017   36886   4 min.
Лимоннинг шифобахш хусусияти

Лимоннинг ҳуштаъмлиги инсонларга завқ бериши билан бирга шифобаҳшлиги кўпчиликка маълумдир. Халқ табобатида лимон  қон босими кўтарилганда,  ошқозон-ичак касалликларида,  подагра, атеросклероз,  ўпка сили,  нафас йўллари шамоллаганда, гепатит, бавосир, сийдик йўлларидаги  тошларни эритишда,   тана ҳароратини туширишда, бод касалликларини даволашда ишлатилади. Лимоннинг ҳиди асабларни тинчлантириш хусусиятига эгадир.  Гулини ҳидлаш эса ҳомиладор аёллардаги токсикознинг енгил кечишида ёрдам беради.

Лимон – рутадошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 2-3,5 метргача бўлади. Гуллари  майда, оқ, ҳиди хушбўй.  Лимон меваси таркиби эфир мойи, органик кислоталар, қандлар,  каротин,  пектин, флавоноид, темир, фосфор, калий, кальций, магний  ва бир қатор витаминлардан иборат.   

Лимоннинг сиқиб олинган суви:

  • рангни тоза қилиб, сепкилни кетказади;
  • тери касалликларидан темираткига суртилса даво бўлади;
  • кўзнинг сариқлигини кетказади;
  • гипертонияда қон босимини мўътадиллаштиради;
  • гепатит (сариқ касаллиги) да ёрдам беради;
  • меъдани тоза қилади.

Лимон шарбати:

  • иштаҳани очади;
  • безгак билан оғриган беморларнинг ҳароратини туширишда ёрдам беради;
  • ошқозон-ичак касалликларида, ҳазмни яхшилаш учун ичилади;
  • организмда минерал тузларнинг алмашинуви бузилганида даво бўлади;
  • ангина, фарингит, грипп ва нафас йўлларининг шамоллашида ишлатилади;
  • лимон шарбатини уч-тўрт қошиқ наҳорда истеъмол қилиш организмдаги ўсмалар ўсишини тўҳтатиши мумкин.

Барглари:

  • меъда ва ички аъзоларини кучли қилади;
  • гипертонияда;
  • қанд касаллигида даво бўлади.

 Гули:

  • Гулини ҳидланса кайфиятни кўтаради;
  • Ҳомиладор аёлларда токсикознинг енгил кечишида ёрдам беради.
  •  

Лимоннинг ёғи:

  • асабнинг бўшашганида ёрдам беради;
  • фалажга даво бўлади.

 

Лимон қобиғи:

     -    қобиғини оғизда тутиб турилса, ҳидни кетказади;

     -    кийимга қўйилса куя тушишдан сақлайди;

     -    турли кондитер пишириқлар пиширишда ҳам фойдаланилади;

     - лимон қобиғини қуритиб, қуруқ чой идиши ичига солинса, чой дамлаганда ҳушбўй ҳид келиб туради.

Лимон ўсимлигининг барглари, новдалари, мева қобиғидан эфир мойи олиниб, ундан озиқ-овқат, парфюмерия ҳамда фармацевтика соҳасида ишлатилади. Фармацевтика соҳасида лимоннинг эфир мойидан айрим дори-дармонларнинг таъмини яхшилашда фойдаланилади. 

САЛОМАТЛИК УЧУН  ОДДИЙ ТАВСИЯЛАР: 

Танадаги тузларни ҳайдашда -  уч дона лимонни пўстлоғи билан ва 150 грамм тозаланган саримсоқпиёзни қиймалагичдан чиқарилади. Сўнг 1 литрли шиша идишга солиб, устидан 0,5 литр қайнатиб, совутилган сув қуйилади. Бир суткадан кейин докадан ўтказиб, хомашёни сиқиб олгач, банка қопқоғини маҳкам ёпиб,  қоронғи жойда сақланади. Даво учун ушбу суюқликдан ҳар куни эрталаб 50 мл.дан ичинг.

Юрак қувватли бўлиши учун – 6 лимонни қобиғи билан  қиймалагичдан ўтказилади ва 1  кг асал билан аралаштирилади, 1 бош саримсоқпиёзни майдалаб, қўшилади. Аралашмани шиша банкага солиб, қоронғи, салқин  жойда 1 хафта сақланади.  Ҳар куни наҳорга 1 ош қошиқда истеъмол қилинади.

Уйқусизликда  -  бир стакан минерал сувга бир ош қошиқ асал, яримта лимон шарбатини аралаштириб, эрталаб оч қоринга 7 кун давомида ичилади.

Тузларни эритишда – 250 грамм петрушка барги ва илдизи, 150 грамм лимон пўстлоғини қиймадлагичдан ўтказилади. Унга 300 грам асал қуйиб аралаштирилади. Аралашмани 1 кун тиндирилиб, бир кунда 3 маҳал овқатдан  бир соат олдин  1 ош қошиқдан истеъмол қилинади. Даволаниш муддати 3 ой. Сўнг бир ой танаффус қилиб яна такрорланади. Жами муолажалар сони 3-4 тага етказилади.

Бош мияни озиқлантириш учун – 150 грамм қирғичдан чиқарилган олмани  2 чой қошиқ лимон суви ва 2 чой қошиқ асалга аралаштирилади. Аралашмага 10 та ёнғоқни майдалаб қўшилади. Бир киши учун бир кунлик  миқдор.

 

                  Мунира АБУБАКИРОВА

Табобат
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   49482   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ