Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

07.07.2017 й. Дин – насиҳат

04.07.2017   8266   8 min.
07.07.2017 й. Дин – насиҳат

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Ислом дини инсонларни, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга тарғиб этади. Бунда эса, инсонларнинг ўзаро самимий муносабатда бўлишлари муҳим ўрин тутади. Динимизнинг бош ғояси насиҳат, яъни самимийликдан иборат бўлиб, аввалда ўтган пайғамбарлар ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган. Масалан, Нуҳ а.с. ўз қавмига хитоб қилар экан:

أُبَلِّغُكُمْ رِسَالَاتِ رَبِّي وَأَنْصَحُ لَكُمْ

яъни: “Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман...”, деган (Аъроф сураси, 62-оят). Солиҳ а.с. ҳам ўз қавмини азобдан огоҳлантирганида шундай деган:

وَقَالَ يَا قَوْمِ لَقَدْ أَبْلَغْتُكُمْ رِسَالَةَ رَبِّي وَنَصَحْتُ لَكُمْ وَلَكِنْ لَا تُحِبُّونَ النَّاصِحِينَ

яъни: “Эй қавмим! Мен сизларга Раббимнинг топшириғини етказдим, сизларга насиҳат қилдим, лекин (сизлар) насиҳатгўйларни ёқтирмайсиз” (Аъроф сураси, 79-оят). Бошқа пайғамбарларнинг ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган.

       Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар;

عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رضي الله عنه : أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :"الدِّينُ النَّصِيحَةُ . قُلْنَا لِمَنْ ؟ قال : لِلَّهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ"

 (رواه البخاري ومسلم)

яъни: Тамим ад-Дорий р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в.: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Биз: “Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Унинг китобига, Унинг расулига, мусулмонларнинг имомларига ва мусулмонлар оммасига”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадис динимизнинг асосини баён этувчи манбалардан биридир.

Насиҳатнинг маъноси ўзгаларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш, демакдир. Шу маънода Пайғамбаримиз с.а.в. насиҳат кимларга бўлишини бирма-бир санаб ўтдилар.

Биринчиси, Аллоҳга насиҳат бу – Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда холис ибодат қилмоқлик, Унга мудом итоатда бўлиб, осий бўлишдан сақланмоқлик, унинг ато этган неъматларига шукр қилиб куфрони неъмат қилмаслик, Аллоҳга бўлган имонини мустаҳкам тутиб, ҳар бир ишда унга таваккул қилмоқлик ва Ўзидангина мадад тиламоқлик.

Аллоҳга насиҳат жумласига тақдирнинг яхшисини ҳам ёмонини ҳам Аллоҳдан деб билиб, унга рози бўлиш ҳам киради. Баъзилар тақдирдан норози бўлиб, умидсизликка берилиши, тушкунликка тушиши оқибатида, ҳатто ўз жонига қасд қилишдек оғир гуноҳга ҳам қўл уриб қўядилар.

Иккинчиси, Унинг китобига насиҳат бу – Қуръони каримни Аллоҳнинг каломи эканлигига чин имон келтирган ҳолда ундаги хабарларни тасдиқлаш, унинг аҳкомларига амал қилиш, қайтарганларидан қайтиш, уни тўғри тиловат қилиб, унда ғулувга кетмаслик, унинг муташобиҳ оятларига имон келтириш билан тасдиқламоқлик.

Баъзилар бу борада ҳам хатога йўл қўйиб, оқибатда залолатга кетганлар. Илмсизлик билан Қуръоннинг муташобиҳ оятлари устида баҳс юритиб, турли бузғунчи тоифаларнинг чиқишига сабаб бўлганлар.

Учинчиси, Унинг расулига насиҳат бу – Муҳаммад с.а.в.ни Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари эканлигига чин имон келтирган ҳолда У зотнинг Аллоҳдан келтирганларига эргашиш, қайтарганларидан қайтиш, ахлоқларидан ибрат олиш, саҳиҳ суннатларига риоя қилиш ва уларни бидъатдан ҳимоя қилиш.

Баъзи тоифалар фақат Қуръонни тан олиб, Пайғамбарнинг суннатларини тан олмайдилар, яна баъзилари суннатга амал қиламиз деган даъво замирида мўътабар фиқҳий мазҳабларни инкор этадилар. Ваҳоланки, тўртала мазҳаблар ҳам уламоларнинг ижтиҳодлари асосида Расулуллоҳнинг суннатларига таянгандир.

Тўртинчиси, мусулмонларнинг имомларига насиҳат. Дунёвий ишлардаги раҳбарларни ҳам, диний ишлардаги уламоларни ҳам бир сўз билан имом дейилади. Демак, мусулмонларнинг имомларига насиҳат бу – давлат раҳбарларига садоқат билан итоат этмоқлик, уларнинг амру фармонларини бажармоқлик, бошқарув ишларида уларга кўмаклашмоқлик, уларга қарши исён қилмаслик, уламоларга эргашмоқлик, улар ҳақида яхши гумонда бўлмоқлик, уларни пайғамбарларнинг меросхўри деб эҳтиром қилмоқлик. Чунки, давлат раҳбарлари мусулмонларнинг дунёвий ишларини юргизадилар, уларнинг хавфсизлигини, мол-мулки, ҳақ-ҳуқуқи, обрў-эътиборининг дахлсизлигини таъминлайдилар. Диний уламолар эса, мусулмонларни ҳалолликка чақирадилар, ибодат ва амаллари тўғри ва мақбул бўлиш йўлларини кўрсатадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтарадилар, бир сўз билан айтганда дунё ва охират ободлиги йўлларига чорлайдилар.

Раҳбарларга итоат қилмаслик фисқу фасоднинг кўпайиши, инсон ҳуқуқи ва ҳурмати поймол бўлиши, қонлар тўкилиб, моллар талон-тарож қилинишига олиб келса, уламоларни эҳтиром қилмаслик эса уларнинг ваъз насиҳатлари ва фатволарига беэътибор бўлиш, гуноҳ ва маъсиятлардан ҳазар қилмаслик, умуман динга нисбатан ҳурматсизликни пайдо бўлиши, фитна ва ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлади.

Тарихда ҳам, хозирда ҳам раҳбарларига исён қилинган, уламолари билан ихтилофга борилган юртларда тинчлик ва барқарорлик йўқолганлиги, турли хил эътиқодий тоифалар кўпайиб кетганлигига гувоҳмиз.

Бешинчиси, мусулмонлар оммасига насиҳат бу – барча мусулмонларга бирдек яхши муносабатда бўлиш, киши ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўрмоқлик, ўзига ёқмаган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмаслик, уларга амри маъруф ва наҳйи мункар қилишликдир.

Шунингдек, уларни дунё ободлиги ва охират фойдаларига йўллаш, бу борада ёрдам қилиш, уларни эҳтиёт қилиш, улардан турли зарар ва офатларни бартараф қилиш, уларга юмшоқлик ва ихлос билан амри маъруф қилиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиб, шафқат қилиш, катталарини ҳурматлаб, кичикларини иззат қилиш ва раҳмдил бўлиш, мол-дунё, обрў-эътибор ва номусларини ҳимоя қилиш, уларни юқорида зикр этилган барча гўзал ахлоқлар билан хулқланишига қизиқтириш кабилар.

Аллоҳ таборака ва таоло инсонларга ўз ҳабиби Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламни пайғамбарларнинг охиргиси қилиб юборди ва уни гўзал одоб-ахлоқ, меҳр-мурувват, олижаноб фазилатлар соҳиби қилди.

Алоҳ таоло марҳамат қилиб айтди:

 وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

яъни: “Албатт, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”  (Қалам сураси, 4-оят).

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам ўзларининг чиройли хулқ одоблари билан барча умматга намунадирлар. Зеро, у зот ҳадисларнинг бирида марҳамат қилиб айтганлар:

قال عليه الصلاة والسلام:"إِنَّمَا بُعِثتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الأَخلَاقِ"

رواه البخاري

و الحكم و البيهقي

“Мен энг яхши хулқларни камолига етказиш учун юборилдим” (Бухорий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).

Ўзгаларнинг оғирини енгил қилиш, ҳожатларини чиқариш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, адашганларига тўғри йўл кўрсатиш, яхши-ёмон кунида ёнида туриш мусулмонларга нисбатан самимийликнинг ёрқин кўринишларидир. Бугунги кунда жамиятимизда бундай ишлар давлатимиз сиёсатининг ажралмас қисмини ташкил этиб, кундалик ҳаёт тарзимизга айланиб бормоқда.

Азиз жамоат! Хабарингиз бор шу йилнинг 10-11 март кунлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташриф буюрганида вилоятда “Мир Араб” олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берган эдилар. Ҳозирда ушбу олий мадраса ташкил қилиниб, 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларини қабул қилиш жараёнлари кетмоқда. Шубҳа йўқки, ушбу олий мадрасада ҳам халқимиз учун етук дин пешволари таълим олиб чиқиб, халқимиз маънавиятининг янада юксалишига сабабчи бўладилар, албатта.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзаро меҳру оқибатда ҳаёт кечирмоғлигимизга муваффақ айлаб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда қилсин. Омин! 

Илова: Муҳтарам имом-домла! Тагига чизиб ажратилган сатрларни мисоллар билан кенгроқ баён этишингизни сўраймиз. 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Исломий банклар ликвидлиги ҳам Марказий банк томонидан қўллаб-қувватланади

11.09.2026   43661   5 min.
Исломий банклар ликвидлиги ҳам Марказий банк томонидан қўллаб-қувватланади

Ўзбекистон банк тизимида исломий молия институтларини ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим қадам ташланди. Энди Марказий банк тижорат банклари билан бир қаторда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ҳамда микромолия банкларининг ликвидлигини фавқулодда ҳолатларда исломий молия воситалари орқали қўллаб-қувватлаши мумкин.

Бу тартиб Марказий банк томонидан тижорат банкларининг ликвидлилигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш ажратиш механизмига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда назарда тутилган, хабар бермоқда ЎзА.

Тегишли қарор Адлия вазирлигида 2026 йил 3 сентябрда 3581-2-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил 5 декабрдан кучга кириши белгиланган. Банк тизими учун ликвидлик — молиявий барқарорликнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири. Банкда вақтинча пул маблағлари етишмовчилиги юзага келган тақдирда, унинг мижозлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариши қийинлашиши мумкин.

Шу боис Марказий банк тижорат банкларининг ликвидлигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш механизмидан фойдаланиб келади. Янги ўзгариш эса мазкур тизимни исломий молия тамойиллари асосида фаолият юритувчи банк ва молия институтларига ҳам мослаштирмоқда.

Яъни, исломий банк фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар ликвидлик муаммосига дуч келган ҳолатларда анъанавий фоизли кредит механизмларидан эмас, балки исломий молия стандартларига мос келувчи воситалар орқали қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, мамлакатда исломий молия тизими учун алоҳида молиявий инфратузилма шаклланиб бораётганини англатади. Янги тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири — молиялаштириш шартларининг исломий молия тамойилларига мос равишда белгиланишидир. Жумладан, бундай молиялаштиришда анъанавий кредитларга хос фоиз ставкаси ўрнига устама ёки фойдадан олинадиган улуш каби механизмлар қўлланилиши мумкин.

Молиялаштиришнинг аниқ шартлари, жумладан, устама миқдори, фойдадан олинадиган улуш, молиялаштиришнинг максимал ҳажми, бошқа асосий талаблар Марказий банк Бошқаруви қарори билан белгиланади. Бу ёндашув исломий банклар учун фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларини уларнинг фаолият моделига мослаштириш имконини беради.

Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратишда гаров таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, Марказий банк томонидан молиялаштириш ажратилганда гаров предмети сифатида қабул қилинадиган активлар исломий молия стандартлари талабларига ҳамда Марказий банкнинг белгиланган талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Бу талаб исломий молия операцияларининг бутун жараёни — маблағ ажратишдан тортиб, унинг тўлиқ сўндирилишига қадар белгиланган стандартларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳужжатда фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлашини сўраб мурожаат қилган банкларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланган. Унга кўра, мурожаатлар Марказий банк томонидан уч банк иш куни ичида кўриб чиқилади ва улар бўйича ижобий ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бунда банкнинг молиявий ҳолати, ликвидлик билан боғлиқ вазият, тақдим этилаётган таъминот ҳамда ажратиладиган маблағларнинг молия тизими ва пул-кредит сиёсатига эҳтимолий таъсири баҳоланади. Янги тартибда исломий молия стандартларига риоя этилишини таъминлаш бўйича банкларнинг ички масъулияти ҳам аниқ белгиланган.

Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратилган ҳолларда банкнинг ижроия органи ва Исломий молия кенгаши молиялаштириш тўлиқ сўндирилгунига қадар амалга оширилаётган операцияларнинг белгиланган исломий молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаши ва доимий назорат қилиши лозим. Бу талаб нафақат ҳуқуқий, балки молиявий операцияларнинг исломий молия тамойилларига мослигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда исломий молия тизими босқичма-босқич шаклланиб бормоқда. Исломий молия хизматларини жорий этиш учун фақатгина банк маҳсулотларини ишлаб чиқиш етарли эмас. Шу билан бирга, уларнинг барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган ликвидлик, гаров, назорат ва фавқулодда молиялаштириш механизмлари ҳам яратилиши талаб этилади. Марказий банк томонидан исломий молия воситалари орқали фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий қилиниши ана шу инфратузилмани шакллантиришдаги муҳим қадам ҳисобланади.

Чунки исломий банк ёки исломий молия хизматларини кўрсатувчи муассаса учун ликвидлик муаммосини анъанавий фоизли кредит орқали ҳал қилиш унинг фаолият тамойилларига зид келиши мумкин. Янги механизм эса бундай муассасаларга ўз фаолият стандартларини бузмаган ҳолда Марказий банкнинг фавқулодда қўллаб-қувватлаш тизимидан фойдаланиш имконини яратади.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Марказий банкнинг янги қарори Ўзбекистонда исломий молия тизими учун ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, эндиликда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ва микромолия банклари ҳам ликвидлик билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда исломий молия тамойилларига мос механизмлар асосида қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу эса келгусида мамлакатда исломий банклар, исломий молия маҳсулотлари ва ушбу соҳадаги хизматлар бозорининг кенгайиши учун муҳим молиявий кафолатлардан бири бўлиши мумкин.

Содда қилиб айтганда, исломий молия тизимининг барқарор ишлаши учун зарур бўлган навбатдаги муҳим бўғин шаклланмоқда. Энди исломий банклар нафақат ўз маҳсулотларини, балки фавқулодда ликвидликни қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳам исломий молия тамойиллари асосида ташкил этиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари