Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Муҳаммад алайҳиссаломнинг шафоатлари

29.06.2017   15832   27 min.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг шафоатлари

Илоҳи, лутф қил ҳасратли соат

   Ҳабибингдин насиб этгил шафоат.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоат қилишлари ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган:

       عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ قَالْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ: أَتَانِي آتٍ مِنْ عِنْدِ رَبِّي فَخَيَّرَنِى بَيْنَ أَنْ يَدْخُلَ نِصْفُ أُمَّتِي الْجَنَّةَ وَ بَيْنَ الشَّفَاعَةِ فَاخْتَرْتُ الشَّفَاعَةَ وَ هِىَ لِمَنْ مَاتَ لاَ يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا     رَوَاهُ  التِّرْمِذِيُّ

Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Роббимнинг ҳузуридан бир келгувчи келди ва умматимнинг ярми жаннатга киришини ёки шафоатни танлашимни сўради. Бас, мен шафоатни танладим. У Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай вафот этган киши учундир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.   

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам хабар берган ана шу шафоатни уламолар саккиз турга ажратганлар:

1. Барча Пайғамбарлар орасидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хос қилиб берилган улкан шафоат. Қуръони каримда ушбу шафоатга ишора келган:

 “Шоядки, Роббинг сени (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” [1].  

Ояти каримада зикр қилинган “мақтовли мақом”ни жумҳур уламолар Пайғамбаримизга бериладиган қиёмат кунидаги улкан шафоат дейишган.

2.            Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган қавмларни  жаннатга киришлари учун қиладиган шафоатлари. Баъзилар бу шафоат тўғрисида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, у зотдан бошқадан ҳам саҳиҳ хабар келмаган дейишган. Баъзилар эса ушбу оятни келтиришган:

 “Аъроф (арасот) узра (жаннат ва дўзахдагиларнинг) ҳар бирини сиймолари (аломатлари)дан таниб оладиган кишилар (бўлур)” [2].

Яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган кишилар бир тафсирга кўра ушбу ояти кариманинг умумий маъносига кирадилар. Яъни, яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб ўртада туриб қолган кишилар Расулуллоҳнинг шафоатлари билан жаннатга кирадилар, дейишган.

3.  Баъзи умматларининг дўзахга кирмасликлари учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий қилиб айтган қуйидаги сўзларидир:

 عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ الله قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَفَاعَتِي لاِهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي    رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Шунингдек, дўзахга кирган баъзи кимсаларнинг у зотнинг шафоатлари сабабли ундан чиқарилиши ҳақида ҳам ривоятлар келган:

حَدَّثَنَا عِمْرَانُ بْنُ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَخْرُجُ قَوْمٌ مِنْ النَّارِ بِشَفَاعَةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ يُسَمَّوْنَ الْجَهَنَّمِيِّينَ   رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Бизларга Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганини гапириб берди: “Бир қавм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари сабабли дўзахдан чиқиб, жаннатга кирадилар, “жаҳаннамийлар” деб номланадилар”. Бухорий ривоят қилган.

Имом Муслим Абу Саид розияллоҳудан қилган ривоятда: Улар (яъни, жаҳаннамийлар деб ном олганлар) Аллоҳга дуо қиладилар, Аллоҳ улардан ушбу исмни кетказади”, дейилган.

4. Жаннатга кирганларни амалларининг савоблари тақозо қилган даражадан юқори даражага кўтариш учун қиладиган шафоатлари. Бунга ушбу ҳадис далилдир:

عَنْ أُمّ سَلَمَةَ قَالَتْ: دَخَلَ رَسُولُ اللّهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَىَ أَبِي سَلَمَةَ وَقَدْ شَقّ بَصَرُهُ فَأَغْمَضَهُ ثُمّ قَالَ: إِنّ الرّوحَ إِذَا قُبِضَ تَبِعَهُ الْبَصَرُ فَضَجّ نَاسٌ مِنْ أَهْلِهِ فَقَالَ: لاَ تَدْعُوا عَلَىَ أَنْفُسِكُمْ إِلاّ بِخَيْرٍ فَإِنّ الْمَلاَئِكَةَ يُؤَمِّنُونَ عَلَىَ مَا تَقُولُونَ ثُمّ قَالَ: اللّهُمّ اغْفِرْ لأَبِي سَلَمَةَ وَارْفَعْ دَرَجَتَهُ فِي الْمَهْدِيّينَ وَاخْلُفْهُ فِي عَقِبِهِ فِي الْغَابِرِينَ وَاغْفِرْ لَنَا وَلَهُ يَا رَبّ الْعَالَمِينَ. وَافْسَحْ لَهُ فِي قَبْرِهِ وَنَوّرْ لَهُ فِيهِ   رواهُ مُسْلمٌ

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг ёнига кирдилар. Унинг кўзи бир томонга қараб қолган эди, уни ёпиб қўйдилар. Сўнгра: “Қачон руҳ қабз қилинса кўз унга эргашади”, дедилар. Унинг яқинлари йиғлаб юборишди. У зот: “Ўзларингизга фақат яхши нарсани тиланглар, албатта фаришталар айтаётган нарсаларингизга омийн деб турадилар”, дедилар. Сўнгра: “Эй Аллоҳим, Абу Саламани мағфират қилгин, унинг даражасини ҳидоят қилинганлар ҳолатида кўтаргин,  унга аҳлидан ўринбосарлар қилгин, эй оламлар Роббиси бизни ҳам, уни ҳам кечиргин. Унга қабрини кенг ва нурли қилиб бергин”, дедилар”.  Муслим ривоят қилган. 

5. Баъзи қавмларни жаннатга ҳисобсиз киришлари учун қиладиган шафоатлари. Бу ҳақида қуйидаги ҳадисда хабар берилган:  

عَنْ الزُّهْرِيِّ قَالَ حَدَّثَنِي سَعِيدُ بْنُ الْمُسَيَّبِ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ حَدَّثَهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي زُمْرَةٌ هُمْ سَبْعُونَ أَلْفًا تُضِيءُ وُجُوهُهُمْ إِضَاءَةَ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ وَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَقَامَ عُكَّاشَةُ بْنُ مِحْصَنٍ الْأَسَدِيُّ يَرْفَعُ نَمِرَةً عَلَيْهِ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ اللَّهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ قَالَ اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ مِنْهُمْ ثُمَّ قَامَ رَجُلٌ مِنْ الْأَنْصَارِ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ اللَّهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ فَقَالَ سَبَقَكَ بِهَا عُكَّاشَةُ   رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Зуҳрийдан ривоят қилинади: менга Саъид ибн Мусаййаб гапириб берди, унга Абу Ҳурайра гапириб берган экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:Жаннатга менинг умматимдан юзларидан нур балқиб турган бир гуруҳ киради. Улар етмиш мингтадир. Уларнинг юзлари тўлин ой кечасидаги ойнинг зиёсидек нур таратиб туради”, деяётганларини эшитдим. Абу Ҳурайра: Шунда Уккоша ибн Миҳсон Асадий устидаги чакмонини кўтариб сакраб ўрнидан турди ва: эй Аллоҳнинг Расули, мени ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим уни ўшалардан қилгин”, дедилар. Сўнгра ансорлардан бўлган бир киши ўрнидан туриб: эй Аллоҳнинг Расули мени ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг, деди. У зот: “Уни Уккоша сендан олдин қўлга киритиб бўлди”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.    

6. Азобга гирифтор бўлганларнинг азобларини енгиллатиш учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَذُكِرَ عِنْدَهُ عَمُّهُ أَبُو طَالِبٍ فَقَالَ لَعَلَّهُ تَنْفَعُهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيُجْعَلُ فِي ضَحْضَاحٍ مِنْ النَّارِ يَبْلُغُ كَعْبَيْهِ يَغْلِي مِنْهُ أُمُّ دِمَاغِهِ     رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳуданривоят қилинади у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида амакилари Абу Толиб зикр қилинди. У зот: “Шоядки қиёмат кунида унга менинг шафоатим наф берса, у оловнинг чуқур бўлмаган, икки тўпиғигагина етиб турадиган саёз жойига қўйилади. Ўша жой сабабли бош миясининг пардаси қайнаб туради”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган. 

7. Барча  мўминларга жаннатга кириш изни берилиши учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَا أَوَّلُ شَافِعٍ فِى الْجَنَّةِ     رَوَاهُ  الدَّارِمِىُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Мен жаннатга эришиш учун аввалги шафоатчиман”, дедилар”.   Доримий ривоят қилган.

Яъни, инсонларнинг жаннатга киришлари учун аввалги шафоатчидирлар.

8. Гуноҳи кабира қилган умматлари учун қиладиган  шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ الله قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَفَاعَتِي لاِهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي    رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, дедилар”.  Термизий ривоят қилган.

Сўфи  Оллоҳёр бобомиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини сўраб дуо қилишни шундай таълим берган:

Илоҳи, лутф қил ҳасратли соат

Ҳабибингдин насиб этгил шафоат.

*  *  *

Айурма яхшиларни(нг) орасидин

Йироғ этма ҳабибинг қорасидин.

Яъни, эй, Роббимиз, қиёмат кунидаги ҳасратли вақтларда бизларни  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд этгин, яхши зотлар билан бирга қилгин, ўша кунда бизларни Муҳаммад алайҳиссаломдан ёнларидан асло айирмагин.    

 Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд бўлиш бахтига муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 



[1] Исро сураси, 79-оят.

[2] Аъроф сураси, 46-оят.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Нуман Куртулмуш: Янги Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс турк ва ислом дунёсининг умумий ютуғидир

02.09.2026   4401   3 min.
Нуман Куртулмуш: Янги Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс турк ва ислом дунёсининг умумий ютуғидир

Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табриклари ва эзгу тилакларини йўллади:

Аввало, Азиз қардош ва дўст Ўзбекистон халқига энг самимий саломларимни, ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман.

Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги географик масофага қарамай, қалбларимиз бир-бирига энг яқин халқларданмиз. Мустаҳкам биродарлик ришталаримиз мавжуд. Умумий тарихимиз, маданий меросимиз ва қадриятларимиз бор. Ўзбекистон бизнинг ота юртимиздир.

Айниқса, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихий даражада мустаҳкамланиб, изчил ривожланмоқда.

Бунга мисол сифатида жорий йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенг таркибдаги делегация билан Туркияга амалга оширган ташрифини келтириш мумкин. Ушбу ташриф доирасида Истанбулдаги Ўзбекистон мактаби ҳамда Ҳатай вилоятида зилзиладан жабр кўрган фуқаролар учун барпо этилган “Ўзбекистон маҳалласи”нинг очилиш маросимлари икки мамлакат ўртасидаги қардошлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади.

Ҳурматли биродарим – Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов билан биргаликда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида жойлашган “Ўзбекистон маҳалласи”га ном бериш маросимида иштирок этдик. Маросим самимий ва дўстона муҳитда ўтди.

Фурсатдан фойдаланиб, Туркияда юз берган зилзиладан кейин Ўзбекистон халқи томонидан кўрсатилган беқиёс қардошлик ёрдами учун яна бир бор самимий миннатдорчилигимизни билдираман.

“Ўзбекистон маҳалласи” ва “Ўзбекистон мактаби” икки давлат ўртасидаги дўстлик ва биродарликнинг абадий рамзларига айланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан тараққиётни биз ҳар бир ташрифимизда ўз кўзимиз билан кўрмоқдамиз. Барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ўзбекистон нафақат иқтисодий тараққиёт, балки фикр, фалсафа, илм-фан ва санъат соҳаларида ҳам Ислом цивилизациясининг Учинчи Ренессанси сари дадил қадам ташламоқда.

Бу борада Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли ва самарали раҳбарлигини алоҳида эътироф этаман ҳамда унга чуқур ҳурматимни билдираман.

Ишонаманки, Ўзбекистонда шаклланаётган Учинчи Ренессанс нафақат мамлакатнинг ўзи, балки бутун Ислом олами учун янги юксалиш даврининг бошланиши бўлади.

Буюк маданий меросга эга Ўзбекистон Алишер Навоий, Аҳмад ал-Фарғоний, Али Қушчи ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларни етиштирган заминдир. Бу юрт илм-фан, фалсафа, астрономия ва бошқа кўплаб соҳаларда инсоният цивилизациясига беқиёс мерос қолдирган.

Шу билан бирга, ислом илмлари соҳасида ҳам Ўзбекистон улкан маънавий бойликка эга. Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк тасаввуф уламоларининг мероси ушбу заминнинг Ислом тафаккуридаги юксак ўрнини намоён этади.

Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг илмий мероси бутун ислом оламининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.

Умид қиламанки, Ўзбекистон илм-фан, тараққиёт ва маърифат соҳасидаги ютуқлари орқали нафақат ўзининг янада юксалишига, балки Турк дунёси ва бутун Ислом оламининг равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшишда давом этади.

Яна бир бор азиз Ўзбекистон халқига энг самимий саломларим ва эзгу тилакларимни йўллайман.

Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга мамлакат тараққиёти ва халқаро майдондаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман. Аллоҳ таоло ўзларига сиҳат-саломатлик, узоқ ва баракали умр ато этсин ҳамда Ўзбекистон халқи, Турк дунёси ва Ислом олами йўлида янада улкан хизматларни амалга ошириш насиб қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари