Туркиялик ва хитойлик олимлар гуруҳи Нуҳ алайҳиссалом кемасининг қолдиғини топишга муваффақ бўлдилар.
Олимларнинг хабар беришича, хароба Туркияда, Арарат тоғида қалин вулқон қоялар ва қор қатламлари остида ётибди. Тадқиқотчилар у ердан қурилиш материали сифатида фойдаланилган ёғоч бўлакларини топишди, деб хабар беради Daily Express.
Кема парчалари денгиз сатҳидан 400 метр баландликдан топилган. Углерод ташхиси топилма 4800 ёш атрофида эканини кўрсатди.
“Бу Нуҳ алайҳиссалом кемасининг қолдиғи деб юз фоиз ишонч билан гапиришга ҳали эрта. Аммо 99.9 фоиз ишонч билан айтиш мумкинки, бу ўша кеманинг айнан ўзи”, дейди тадқиқотчилардан бири.
Бундан ташқари, тадқиқотчилар шу жойнинг яқинидан 20 метр узунликдаги зинапоя ҳамда эшик тузилишига ўхшаган ёғоч-тахта бўлакларини ҳам топишди. Бироқ уларни ердан суғуриб олишга ҳали эришилгани йўқ.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати