Ҳаётимиз шундай ажойиб кунларга бой бўлмоқдаки, қулоққа ёқадиган чиройли хабарлар эшитишга, ҳатто ўшандай ёқимли хабарларни кутишга ҳам одатланиб қолдик. Яратганга беадад шукрлар бўлсин! Ана шу руҳдаги янгиликларни байрам кунларида эшитсангиз, унинг жозибаси ўзгача бўлади, албатта.
Рамазон ҳайити куни Жиззах шаҳрида “Хўжа Нуриддинҳожи” жоме масжидининг янги биноси очилди.
Масжиднинг очилиш маросими муборак ойнинг қутлуғ дақиқаларига тўғри келиб, фазилатли ҳайит намозининг шу ерда адо этилганидан шаҳар аҳолиси ҳам, бу воқеани эшитган бошқа юртдошларимиз ҳам ғоят мамнун бўлди.
Замонавий кўринишда қад ростлаган ва барча қулайликларга эга бўлган маърифат маскани жиззахликларга муносиб байрам туҳфаси бўлди.
Янги масжиднинг очилиш тантанасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов иштирок этиб, шаҳар аҳлини Рамазон байрами билан табриклади ва шундай шинам масжидга етишгани билан қутлади.
Мовий гумбазли “Хўжа Нуриддинҳожи” масжиди хурсандчилик кайфиятига бурканган намозхонларга тўлди.
Рамазон ҳайити шукуҳидан руҳланган юртдошларимиз Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда муҳтарам Президентимизнинг мамлакатимиз шарафини янада юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига баракалар тилаб дуойи хайрлар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Нўъмонхон Яҳёхон
Тошкент ислом институти талабаси